Журналистикага Қудратхўжаевдек йўлбарслар етишмаяпти…

2019-08-13T10:16:13+00:0013 Avgust, 2019|Умумий янгиликлар|

 

Мен Халқаро пресс-клуб раиси, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, сиёсатшунослик фанлари номзоди, яқинда 45 баҳорни қаршилаган Шерзодхон Қудратхўжаевни қарийб 20 йилдан буён қайсидир маънода биламан. Касб байрами муносабати билан «Меҳнат шуҳрати» орденини олганини эшитиб, чин чилдан хурсанд бўлдим, сал аввалроқ «Олтин қалам» мукофотига лойиқ кўрилгани ҳам муносиб бир иш бўлган эди.

Аслида, мен унинг яқин қардошларидан Фаттоҳхўжа амакининг Оқлондаги уйида 1986-87 йилларда оилам билан ижарада турган эдим. Лекин Шерзодни танимаган эканман. Бир гал ўзи бу фактни айтиб қолгач, буни билдим.

Раҳматлик Фаттоҳхўжа амаки заҳматкаш, оқкўнгил, дилкаш бир инсон эди. Ўша йиллари жуда қийналган вақтимда менга мурувват қўлини чўзган, Тошкентда қолишимга сабабчилардан бири бўлган, бағрикенг шахс эди.

Қудратхўжаев бир қарашда уни танимаган одамга ҳавоси баланд, калондимоғ ва сиркаси сув кўтармас кишидай туюлади. Аммо у билан яқиндан суҳбат қурар экансиз, самимийлиги, қатъийлигига, ўз ишига сидқидилдан ёндашишига иқрор бўласиз.

Биринчидан, у профессионал маҳорати, нуктадонлиги ва ҳозиржавоблиги, сўз санъатининг устаси, холислик, таҳлилий ва танқидий, жамоавий ёндашуви кучли экани билан ажралиб туради.

Унинг оғзаки нутқи юксак бадиий савия билан уйғунлашиб кетган. Бугун бутун бошли миллий телевидениемизда бу каби маҳоратли, ўзига талабчан, нутқи устида муттасил ишлайдиган журналистлар бармоқ билан санарли даражада озлиги ачинарлидир.

Халқаро пресс-клубнинг кўрсатуви ҳам муаллифи диди ва «планкаси»га мос ҳолда кўп сонли томошабинни жалб эта олган, салоҳиятли эфир вақтига айланди. Манас ва Мўйноқлардаги жазирама иссиқни иссиқ демай, қаҳратон қишнинг аёвсиз совуғини писанд қилмай уюштирган чиқишлари, бу ердаги ғайратли, меҳнаткаш ва оташқалб инсонлар қалбини кўтарган, янги асримизда улуғ бир компанияга — Орол тубини бўстонга айлантиришдек эзгу мақсадга илҳомлантирган бўлса, томошабинларнинг ҳам меҳрини жўштирди. Унинг қатори-қаватида Ғуломжон Самадов каби яна бир журналист-юлдуз порлаб келмоқда.

Иккинчидан, унинг ноёб раҳбарлик маҳорати ҳақида сўзламоқчиман. У ректор бўлганча ҳам осмондан тап этиб тушиб қолгани йўқ. Журналистика факультетини тугатгач, телевидениеда суяги қотди.

Давримизнинг забардаст ижодкорлари ва экспертлари — Абдусаид Кўчимов, Фарҳод Рўзиев, Бобур Алихонов, Комилжон Каримжонов, Муҳаммаджон Обидов, Гулнора Маҳкамова, Севара Турсунова, Садриддин Суяров, Неъмат Бойназаров, Мирзоҳид Раҳимов, Даврон Зуннунов, Рахматилла Мирзаев, Абдумўмин Ўтбосаров, Муслимбек Йўлдошев, Шерзод Ғуломов, Нажмиддин Комилов, Сайёра Ходжаева, Рустам Жумаевлардан ҳаёт сабоқларини олди-ўрганди.

1994-1996 йилларда «Ўзбекистон» телеканалининг муҳаррири ва таржимони, 1998 йилда Халқаро телеканалининг директори сифатида самарали фаолият олиб борди. Марказий Сайлов Комиссияси матбуот маркази раҳбари (1998-2000 ва 2004-2005), Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати бош консультанти, бир муддат матбуот котиби вазифасини бажарувчиси (2000-2005), Бош вазир матбуот котиби (2005-2008) каби лавозимларда ишлади. 2017 йилдан Халқаро Кураш Ассоциацияси вице президенти, 2018 йилдан Президент ҳузуридаги фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши аъзоси сифатида фаолият кўрсатмокда.

Бугунги сиёсат ва жамоатчилик талабини жуда яхши тушунади, кези келганда, дипломатик силлиқлиги ҳам бор. “Профессионал парламент тизимини сиёсий институт сифатида шакллантириш ва ривожлантириш истиқболлари” номли номзодлик диссертациясида замонавий парламентаризм, республикамиздаги сайлов жараёнлари, уни ёритишда журналистиканинг аҳамияти-ю партияларнинг ўрнини чуқур таҳлил қилди.

2008-2017 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетининг «Интернет журналистика назарияси ва амалиёти» кафедраси мудири бўлиб ишлаган кезларида педагогиканинг қаттиқ нонида тиши чархланди.

Ўтган бир ярим йил ичида янги очилган университетнинг собиқ юридик лицейи биносига кўчиб келишию, бу ерда улкан бунёдкорлик-таъмирлаш ишлари, янги бинолар қуриш, қўйингки, йўқ жойдан бор қилган улкан яратувчанлик ишларига ҳавас қилмаслик мумкин эмас. Ҳудуддаги мўъжазгина ҳовузчада турли-туман балиқлар хушҳол ўйнайди, ажиб бир дид билан ётқизилган майин ва кўм-кўк майсазорда баҳри дилингиз очилади, шинам ва озода хоналар, номига мос илғор коммуникация воситалари билан жиҳозланган аудиториялар биз талаба бўлганда бир умрлик орзуимиз эди.

Педагогик жамоада муҳитнинг соғломлигига, билимли ўқитувчи кадрларни танлаш ва саралашга, устозларнинг хорижий мамлакатларда тажриба алмашувини кўпайтиришга, юқори интеллектуал талабаларни тайёрлашга, журналистика учун муваффақиятнинг бош гарови — назария ва амалиёт уйғунлигига жиддий урғу бериб келмоқда. Файзулла Мўминов, Алишер Матёқубов, Назира Тошпўлатова, Нозима Муратова, Муқимжон Қирғизбоев, Акбар Нурматов, Муҳаммаджон Обидов, Илмира Раҳматуллаева каби олиму олималарни ҳам атрофида жам қилиб, янги марралар сари катта шитоб билан одимламоқда.

Унинг ташаббуси билан бу йил илк бора ҳарбий журналистика бўйича кадрлар ўқишга қабул қилинаяпти. Дабдурустдан бу мен учун эриш туюлган эди. Тинчлик замонида яшаётган бўлсак, журналист зоти доим осойишталик тарафида турса, нега энди бу бўйича алоҳида йўналиш очиш зарурияти туғилди, дея ўйлардим. Журналист кези келса ҳарбий, жойи келса каскадёр, мавридига қараб бошқа соҳалар бўйича ҳам ихтисослашган универсал касб соҳиби эмасми, ахир?

Аммо уларга оғзаки ва ёзма нутқ маданиятидан дарс ўтиш зиммамга тушар экан, бизга бу йўналишда ҳам албатта, малакали ва ихтисослашган кадрлар кераклиги ойдинлашмоқда. 2000 йилларда Узун ёки Сариосиёдаги воқеаларни бир эслайлик. Бу мудҳиш ҳодисаларни ёритишда қанчалик қийналган эдик.

Биз аллақачон Афғонистон ва Суриядаги жанг майдонларидан лавҳалар беришимиз керак эди. Аммо буни кузатаётганимиз йўқ. Токи, урушлар тафтини сезиш учун унинг ичида яшаш керак эмас, одамларимиз Ватанимиздаги ҳозирги барқарорликни қадрига етиши, унинг қийматини тушуниши учун ҳам ўқ-оловлардан қўрқмайдиган мард журналистларимиз репортажлари доим керак.

Учинчидан, у маърифатпарвар олим, айниқса китобга меҳри ўрнак бўладиган даражада. Рус, инглиз ва турк тилларини айнан шу ошуфталиги сабабли пухта ўзлаштириб олган, лекин ўзбек тилининг қадрини барчасидан устун қўйиб яшайди.

Ўтган йили улуғ миллатчилик касаллигига чалинган бир касдан азбаройи ўзбек тилининг ҳимояси учун курашгани, она забонини ҳимоя қилгани учун «эҳ-ҳе» қанча-қанча маломату бўҳтонларга, ўринсиз таъна-ю дашномларга қолиб кетган эди. Асли ўзлари қаллоб ва миллатчи бўлган бу кимсалар уни турли хорижий интернет сайтларида номини қорага чиқариш мақсадида туркум мақолалар чоп эттирди, фисқ-у фасодни авж олдирди. Бош прокуратурагача пайдар-пай ариза-ю хат йўллаб, асабини анча эговлашди.

У ўзи учун муқаддас деб билган туйғуни ҳимоя қилиш ориятли ўзбек ўғлонининг бурчи бўлиши керак деб ҳисоблайди.

Ҳар қандай иғволарга учмасдан дили тубидагини тилига дадил чиқара олди: «Миллий тил иккитадан бўлиши мумкин эмас. Инсон ўзлигини англаши фақат она тили орқали кечади. Ор-номусли ва пок виждонли инсоннинг она тили керак бўлса, жонини бериш учун арзийдиган миллий рамзидир. Ўзбек тилининг ноёб оҳангги, ажиб жилоси, бой жаранггини ҳеч нарса билан алиша олмайман. Токи, ким қайси тилда ўйласа, ўша халққа мансубдир. Тахайюл, тасаввур ва тафаккур тарзи она тилида бўлмаса, бу давлатучун жуда катта хатардир»

Билишимча бу ўринда гап унинг рус тилини севиш – севмаслигида ёки уни ҳурмат қилиш – ҳурмат қилмаслигида эмас, балки тил ниқобига бурканиб, бошқалардан ўзини устун қўяётган манфаатпарастларга қаршилигида, она тилига меҳри чексизлигидадир. Ваҳоланки, у рус тилига истисослашган мактабда таҳсил олган.

Ўтган йили ёз мавсумида университетда бўлаётган ободонлаштириш ишларини кўздан кечириш ва бир ҳорманг дейиш мақсадида борган эдим. Мен унга 12 томлик Ўзбекистон Миллий энциклопедясини туҳфа қилдим. Бу китобларни меҳр билан олар экан, кўзлари порлаб кетди.

«Устоз, агар ёшларимиз ана шу энциклопецияларни ҳеч бўлмаганда бир маротабадан ўқиб чиқишганда эди, уларни ватанпарварлик қандай бўлиши ҳақида ортиқча ўқитишга ҳожат ҳам қолмас эди. Энциклопедиямизнинг электрон вариантини чиқарилииши мақсадга мувофиқ. Бу интернетдаги ўзбекча контентни кенгайтиришга имкон бериши аниқ», дея мулоҳаза билдирди.

Ўзи журналистика соҳасида ўқув қўлланмалари, дарсликлар ва адабиётлар етишмайди, жуда бош оғриғи. Шу сабабли унинг бошчилигида 3 томлик «Журналистика энциклопедияси» нашрга тайёрлана бошлагани катта воқеълик бўлди. Бу фундаментал изланиш соҳанинг илмий асосларини мустаҳкамлаши, шубҳасиз.

Шерзодхоннинг Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги ўзи таҳсил олган 186-умумтаълим мактабига бориб китоблар тақдим этганида ҳам чуқур маънавий юксаклик ва тафаккур шуури, дахлдорлик ҳисси яшириндир.

Мен унинг чиқишларини диққат билан кузатар ва мароқли суҳбатларидан баҳраманд бўлар эканман, бир фикри жуда манзур ва маъқул келади. У кейинги йилларда деярли ўлиб бўлган ва энди-энди қайта бош кўтараётган сиёсий шарҳловчиларнинг миллий мактабини яъники, марказини тиклаш ниятида ёнаётганини англаб қолдим.

Қобилбек Каримбеков, Муқимжон Қирғизбоев, Амирқул Каримов, Иброҳим Норматов, Фарҳод Маҳмудов, Анвар Бобоев, Шарофиддин Тўлаганов, Абдували Соибназаров, Рустам Жабборов, Бобур Собиров ва Лазиз Раҳматов каби халқаро мавзуларда қалам тебратадиган моҳир таҳлилчиларнинг ақлий кучини бир жойга жамлаш, уларнинг билим ва кўникмаларини ёшларга етказиш бугуннинг ниҳоятда муҳим вазифси деб биламан. Дунё алғов-далғов бўлаётган, геосиёсий қарашлар ва кучлар ҳукмбардорлик қилишга уринаётган, атрофда ахборот хуружлари қамчисини босаётган бир пайтда телевидениеда “Халқаро шарҳ” кўрсатувини тикламаслик жиноятдир. Шерзодхоннинг бунга ҳисса қўшишига ишонаман.

Сўзимнинг ниҳоясида яна бир фикрни айтмасам бўлмайди. Яқин мозийда бу журналистнинг оти авжига чопаётганида ҳурматли бош вазиримиз билан ораларидан қандай бир муаммо ўтдики, кўп қатори биз ҳам англолмай қолгандик. Аммо давлатнинг нуфузли орденини Бош вазир Абдулла Негматовичнинг шахсан ўзлари, ўз қўллари билан, тантанали топшириши, тантилик ва ажиб бир эҳтиром билан қулоғига ниманидир шипшиши чоғида шунга амин бўлдикки бу бир англашилмовчилик экан.

Токи, Президент Шавкат Мирзиёев бош бўлган юртда журъатли ва жасоратли, эркин сўз истакли журналистларимизга ҳеч қандай босим ўтказилмайди, аксинча, уларнинг ҳуқуқлари кафолатланмоқда.

Сўзим сўнггида миллий журналистикамиз йўлбарсларидан бири бўлган Шерзодхонга рафиқаси Мукаррамхон билан бирга вояга етиб келаётган уч нафар фарзанди камолини кўрсин, бу йил хайрли ва катта шиддат билан бошланган улуғ довонларга кўтарилиши бардавом бўлсин, деб ният қиламан.

Раҳимбой Жуманиёзов,

Филология фанлари номзоди,

“Нотиқлик санъати академияси» таълим муассасаси раҳбари