Журналист ва блогерлар сенат фаолияти билан танишди

2019-08-22T12:01:08+00:0022 Avgust, 2019|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида журналистлар ва блогерлар учун медиа-тур ташкил этилди.

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева медиа-тур иштирокчиларини мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрами билан табриклаб, бугунги кунда оммавий ахборот воситалари, жумладан, блогерларнинг давлат ва жамият ўртасида сифатли мулоқотни йўлга қўйиш, аҳолига ислоҳотларнинг мақсади, натижалари ҳақида тезкор, холис ва тўлиқ ахборот етказиш борасидаги ишларига муваффақият тилади.

Тадбирда қабул қилинаётган қонунлар, давлат дастурларининг ижросини таъминлаш, уларнинг аҳоли манфаатига хизмат қилишини назорат қилиш, ижро органлари ва мансабдор шахсларнинг халқ олдидаги масъулиятини ошириш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги мавқеини янада мустаҳкамлаш парламент фаолиятининг устувор йўналиши экани таъкидланди.

Сенатнинг фаолияти, асосий вазифалари ва амалга оширилаётган ишлар юзасидан атрофлича маълумот берилди.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг биринчи ярмида Сенатнинг 3 та ялпи мажлиси ўтказилиб, уларда давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларига доир 62 масала кўриб чиқилди, 30 қонун маъқулланди. Сенаторларнинг хорижий давлатларга 30 га яқин ташрифи амалга оширилди. Ўз навбатида хорижий давлатлари парламент делегациялари, дипломатлари, халқаро ташкилотлар, молия институтлари ва ишбилармон доира вакиллари билан 100 дан зиёд учрашув ўтказилди.

Олий Мажлис Сенати Раиси телевидение, радио, матбуот, интернет нашрлари ходимлари ва блогерлар ўртасида “Сенат халқ манфаатларини қандай ҳимоя қилмоқда?” мавзуидаги танловни эълон қилди.

Танловнинг мақсади Олий Мажлис Сенати, сенаторлар фаолиятига кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилишдир. Унда “Сенаторнинг бир куни”, “Сенатнинг халқаро фаолияти”, “Сенатор сўрови натижалари”, “Сенат аралашуви билан ҳал бўлган масалалар”, “Сенат фаолиятидан ёрқин мисоллар”, “Сенатнинг жамиятдаги муносиб ўрни” каби мавзуларда репортаж, фоторепортаж, очерклар, таҳлилий материал, журналист суриштируви, фельетон каби турли жанрларда материаллар тайёрлаш талаб этилади. Танлов жорий йилнинг 30 ноябрига қадар давом этади.

Медиа-тур иштирокчилари парламент юқори палатаси фаолиятига, шунингдек, жамият ҳаётининг турли соҳаларига тааллуқли кўплаб саволларига жавоб олди. Сенат қўмиталари ва девони иш жараёни билан танишди.

 

Абдулазиз МУСАЕВ.

Манба:ЎзА