Журналист ўзи ўқиган мактабда дарс ўтди

2019-09-23T08:51:33+00:0023 Sentabr, 2019|Сирдарё вил.|

“Халқ сўзи” газетасининг Сирдарё вилояти бўйича мухбири Аҳмадали Шерназаров Ширин шаҳридаги ўзи ўқиган 4-умумтаълим мактабида дарс ўтди.

Журналист ўқувчиларга Президентимиз ташаббуси билан мактаб таълимини ривожлантириш масаласи буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланганлигини, энди ҳар биримиз маънавият ва маърифат ишини ватанпарварлик иши, виждон иши, деб билишимиз, “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” деган устувор ғояни асосий дастуриламал қилиб олмоғимиз кераклигини таъкидлади. Мамлакатимизда мактаб таълимига ва умуман ёш авлод келажагига бўлган юксак эътибор намуналарини ҳаётий мисоллар асосида сўзлаб берди.

Айни чоғда А. Шерназаров ўзи ўқиган олтмишинчи – етмишинчи йиллардаги мактаб билан ҳозиргиларини ўртасида қиёслаб бўлмас даражада улкан фарқ борлигини ўқувчилик йилларидаги хотиралари орқали таққослаб берди. Бинобарин, бугун мамлакатимиздаги барча умумтаълим даргоҳлари қаторида мазкур мактаб ҳам замонавий шарт-шароитларга эга. Албатта, бу имкониятлар ўз самарасини бермоқда. Мактаб директори Ойбек Сариевнинг айтишича, биргина жорий йилда мазкур таълим муасссасининг 18 нафар битирувчиси олий ўқув юртлари талабалари бўлибди.

Собиқ ўқувчи қадрдон мактабига Президентимиз ва алломаларимизнинг мактаб, таълим, маърифат хусусидаги ибратли ҳикматлари битилган баннерлар тўплами ва китоблар туҳфа қилди.

Машғулотлар доирасида сирдарёлик шоирлар Алишер Нур, Тўхтамиш Боқий ўз шеър ва ғазалларидан ўқиб беришди.

Эслатиб ўтамиз. Сирдарё вилоятида жорий ўқув йилидан бошлаб ҳафтанинг ҳар жумаси “Мактаб куни” деб эълон қилинган. Бундан ташқари, “Энг яхши мактаб”, “Энг яхши мактаб директори”, “Энг яхши фан ўқитувчиси” номинациялари бўйича танловлар ташкил этилган.

Дилором ИСМАДИЁРОВА