Журналист у қандай бўлиши дуруст?

2020-01-14T06:26:20+00:0014 Yanvar, 2020|Ҳафта мақоласи|

Нуқтаи назар

Жамики матбуот хизматида юрганлар журналистми ёки уларни ҳам тоифага ажратиш мумкинми? Маориф соҳасида ишлаётганларнинг малака тоифаси бўлади: олий тоифа, биринчи, иккинчи ва мутахассис. Балки, журналистлар маҳорати даража билан белгиланар. Масалан, олий даражали журналист! Йўқ, ундай эмас, улар узоқ йил хизмат кўрсатишганидан сўнг, насиб қилса, муносиб кўрилса «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» унвони берилади. Яна журналистларнинг фаоллиги эътиборга олинади.

Журналист – ҳақиқат ва адолат ҳимоячиси. Демак, журналистларни ҳақпарварлик нуқтаи назарига қараб тоифалаш мумкин. Ўзбек журналистикаси ХХ аср бошларида шаклланган деб фикрласак (аслида, Яссавий ҳикматларида – даъват, Навоий қитъаларида одамийликка ундаш…), Беҳбудий, Фитрат, Чўлпон, Авлоний, Мунаввар қори, Абдулла Қодирийларнинг – қани айтинг-чи, қайси бирларига осон бўлган? Беҳбудий ўлдириб юборилмаганида, у ҳам «халқ душмани» сифатида отилган бўлар эди. 50-йиллардан кейин Абдулла Қаҳҳорнинг: «Мен партиянинг солдати эмас, онгли аъзосиман» деган фикри анжуман бўлаётган зални портловчи сукунатга чўмдиргани ҳали-ҳануз давраларда эсланади. Зеро, эҳтиёж борки, эсланади.

ХХI аср  «У – бизники» дейишга ҳақли Рауф Парфи – публицистми, шоирми?!  У – публицист, унинг ҳақиқат байроғи шеърий шаклда. Шеър ҳам нутқнинг бир кўриниши. Шеърларида Чўлпону Қодирийларнинг армонлари йиғлайди.

Озод Шарофиддиновнинг ҳаётий позицияси адабиётшуносликми ёки журналистиками? Абдулла Қаҳҳордан кейин ижтимоий фикр айтиб қўйган киши Озод Шарофиддинов қандай муносабат билдирар экан деб кутган.

Оммавий ахборот воситалари (ҳаракатлантирувчи кучи – журналистлар) ижтимоий фикрни шакллантиради ва ривожлантиради. Шакллантира олса, жамиятнинг барқарорлиги ҳамда фаровонлигига хизмат қилган бўлади. ОАВ ижтимоий фикрга эргашадими ёки шакллантирадими? Биз демократик жамият барпо қиляпмиз, ижтимоий фикр оломон эмас. Унинг нуқтаи назари ҳам эътиборга олиниши шарт. ОАВ биз холисмиз деб туришлари ҳам мумкин. Холислик бетарафликми ёки адолатпарварликми?

Ўзбекистонимизда матбуот эркинлиги кафолатланган. Матбуот эркинлиги инсон ўзи тўғри деб ҳисоблаган фикрни айтиши десак адашамиз, чунки юқоридан айтиб келаётганимиз – ҲАҚИҚАТ ҳам бор.

Ўзбекни содда дейишимиз мумкин; нима деса «хўп» дейди, дейишимиз мумкин; ёзаётган мақолаларимизга озгина ЁЛҒОН қўшсак ҳеч нарса қилмайди, дейишимиз мумкин. Халқимизни  АНДИША ушлаб туради холос. Андишали одамни алдаб кўринг, сиздан ихлоси қайтади. Бир бора ИХЛОСи қайтгандан сўнг сизга умуман ишонмайди. Чўлпон ибораси билан айтганда: «Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир». Халққа обуна ҳақида гап очсангиз, газета менга нима қилиб беряпти, унинг нимасига обуна бўлишим керак, дея фикрлаганини сезасиз.

Ростгўйлик – жасоратни талаб қилишини биламиз. Шўро замонида халқни қўрқувда тутиб турилган. Ҳозир ҳам жасоратли бўлиб кета олмаяпмиз, бизни, очиғини айтаверайлик, ҳадик тутиб туради. Дунёда демократик давлатлар кўп. Масалан, Польшада норозилик қуйидагича ифода қилинар экан, яъни маҳаллий ҳукумат нотўғри йўл тутса, ташкилотлар норозилик шиорини ёзиб, ҳукумат биноси деворига илиб, ўз кундалик меҳнат фаолиятини давом эттиришаверар экан. Ҳеч қандай бақир-чақирсиз, ур-йиқитсиз масала ижобий ҳал бўлишини кутишар экан. Бизнинг халқимиз феъл-атворини қуйидаги ривоят ойдинлаштиради.

Бир куни подшо овдан қайтиб келаётса, бир деҳқон ерига ишлов бераётган экан. Подшо: «Ҳорманг!» – дебди. Деҳқон алик олмай ишини давом эттираверибди. Эшитмади шекилли, деб яна бир марта  «Ҳорманг!» дебди. Деҳқон эса  астойдил ишини давом эттираверибди. Саройга боргач, зудлик билан деҳқонни олиб келишни буюрибди.

– Подшоҳим, мени маъзур тутгайсиз, сиз салом берганда ерим шундай оби-тобида эдики, бир лаҳза ўтказиб юборсам, қайта ишлов беришим қийинлашар эди. Мана энди юз марта «Саломат бўлинг!» дейишга тайёрман…

Халқимизнинг менталитети – меҳнаткашлик.

Халқимизнинг менталитети – ҳалоллик.

Халқимизнинг менталитети – ростгўйлик.

Халқимизнинг менталитети – сабр, андиша («Кел, бу сафар ҳам индамайин-чи» каби).

Халқимизнинг газета-журнал ўқишга қизиқмайди, ўқимайди деган фикрдан йироқман. Ҳамқишлоғим, 65 ёшли  Маҳмуджон акага савол бериб кўрдим. Кутилмаган саволга кутилмаган жавоб олдим. «Маҳмуджон ака, газета сиз учун нима?» дедим. «Газета мен учун саломатлик» деган жавобни олдим. «Газета ўқисам, руҳим енгил юради. Фикрлаган одамнинг руҳи кўтарилади, касал бўлмайди. Ҳар ҳафта «Даракчи» ва шу каби газеталарни оламан. Фермер хўжалигида сувчиман, раҳбарим менга ишонади, раҳбаримнинг ҳали-вери менга жавоб бергиси йўқ. «Тоза ҳавода юрибсиз-да, Маҳмуджон ака», – деб қўяди. Ёшлар сув кечишга бир йил-ярим йил яраяпти холос», – дея  давом эттирди фикрини.

Агар муҳтарам журналистларимиз оддий сувчи билан суҳбатни маълумот учун ўқиб қўямиз дейишса, давомини ҳам айтай. («Журналистга ичимдагини айтиб олай», дегандир балки).

– Биз мана шу ерни муқаддас санаймиз. Ҳаром ейишга қўрқамиз. Ана бу Яккатепа – азиз жой, ҳу ёнимизда қўтир сада – одамлар ислик бериб шифо топиб кетишади. Бутун Ўзбекистонда азиз саналмаган жой борми?

– Йўқ, – дедим.

– Бор, – деди Маҳмуджон ака. – Амалдорнинг столи азиз эмас, бемолол пора олиб, ҳаромхўрлик қилаверади. Шу ёшимгача нечта еб қўйганларнинг ё касал бўлиб ё уйида тинчлиги бўлмай,  яна бошқа бир сабаб билан хотиржам яшай олмаганини кўриб келяпман.

Эй, менинг ҳамкасбим! Кел, ўзингни тоифага ажрат. ВИЖДОН олдида жавоб бер. Ҳақпарвармисан, маддоҳмисан? Қайси йўлни танлагансан? Воқеаларни холис ёритаман, холос, деювчи бетарафмисан ёки қўрқоқмисан?

Сўзингнинг қадрига қачон етасан ёки ёзганларингни ҳеч ким ўқимаётганини билиб турсанг ҳам ёзаверасанми? Шундай имконлар яралган замонда ўз ОВОЗингни, ўз ўрнингни топа оляпсанми?

Алибек Эргашев,

журналист.

 Манба:«Наманган ҳақиқати» газетаси.