Жамоат транспортида қандай янгиликлар бўлади?

2019-11-27T13:33:17+00:0027 Noyabr, 2019|Сирдарё вил.|

Сирдарё вилояти транспорт бошқармасида Президентимизнинг тизим ривожига оид қабул қилинган фармон ва қарорлари ижросига бағишлаб журналистлар учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Ойбек Эрбеков Президентимизнинг жорий йил 1 февралдаги “Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, кейинги 3 йилда тизимни ривожлантириш борасида қабул қилинган қарорлар ижроси, соҳадаги янгиликлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимига оид батафсил маълумот берди.

– Вилоят бўйича жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида транспорт соҳасини ривожлантириш мақсадида жами 67 миллиард 737 миллион сўмлик инвестиция маблағлари йўналтирилди, – дейди бошқарма бошлиғи О.Элбеков. – Вилоят автотранспорт паркини янгилаш ва қайта тиклаш учун 60 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Йўловчиларга автотранспорт хизматлари кўрсатиш мақсадида харид қилинган 24 та автобусдан 13 таси янги. Бундан ташқари, 8 та янги замонавий русумдаги микроавтобуслар, 57 та енгил русумдаги янги автомобиллар сотиб олинди. Бу транспорт воситалари бугун шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро йўналишларда хизмат кўрсатмоқда.

Шунингдек, матбуот анжуманида келгуси 2020 йилнинг январь ойидан бошлаб Тошкент шаҳрида, йилнинг биринчи чорагидан бошлаб эса бутун Ўзбекистон бўйича ягона транспорт карталаридан фойдаланиш имконини берувчи махсус транспорт карталари жорий этилиши маълум қилинди. Мутахассислар бу тизимнинг афзалликлари хусусида тўхталдилар.