Юзинчининг юзи

2019-11-07T04:53:34+00:007 Noyabr, 2019|Умумий янгиликлар|

Ҳаш-паш дегунча, мана, орадан чорак аср ўтиб, “Тафаккур” журналининг нақд 100 та сони чоп этилибди.

Биз кўп нарсаларни мустақиллик йилларининг чегараси билангина ўлчаб, аҳамиятини камайтириб қўйгандай бўламиз. Маррани кенгроқ олиб айтилса, “Тафаккур” – фақат кейинги чорак асрда эмас, умуман, миллат тарихида мисли бўлмаган бир нашр. Бу унинг ижтимоий-фалсафий, маънавий-маърифий йўналишга ихтисослашганидан келиб чиққан ютуғигина эмас. Ўз номига муносиб равишда у халқнинг тафаккурини ўстиришга хизмат қилди.

Тафаккур ҳеч қачон тор миллий қобиқ доирасида ривожланиши мумкин эмас. Шунинг учун бу мажалла башарият тамаддунини бир бутун кўради. Миллий онг ва тафаккурга эса ана шу яхлит тушунчанинг ажралмас узви сифатида қараб, уни шундай талқин этиб келяпти. Ҳар сонда қадим тарихдан бугунгача бўлган даврлар, мумтозлик билан замонавийлик ўзаро кесишади ҳам.

100-сон журналда шаклланган шу ва шу каби барча яхши анъаналарни давом эттирган ҳам, шунингдек, қайси жиҳатлари билан алоҳида ажралиб ҳам туради.

Анча йиллардан буён танаффус қилиб келаётган “Бош муҳаррир минбари” рукни тикланиб, унда “Рост сўз, расо фикр” деб номланган бор-йўғи 1 саҳифадангина иборат фиқрада, жумладан, “маданий давраларда “тафаккур”боп, “тафаккур”она, “тафаккур”хонлик, “тафаккур”чилар сингари истилоҳлар пайдо бўлгани, “энг кўп иқтибос олинадиган нашр”ни аниқлаш бўйича тадқиқот ўтказилса… “Тафаккур” аҳли яна бир карра фахрланиши мумкинлиги қайд этилади.

“Орифлар мажлиси” рукнида 24 муаллифнинг журналда босилган материалларидан сара, таъсирчан, кишини ўйлантирадиган иқтибослар келтирилади. Яна турли саҳифаларда А.Аъзам, Р.Қўчқор, Н.Каримов, Ш.Ризо, Х.Даврон, С.Саййид, А.Шер, Х.Дўстмуҳаммад каби миллат мунавварларининг севимли нашрлари ҳақидаги ихчам-ихчам фикрлари ҳам бериб борилган.

“Юксалиш юки” (С. Олим) мақоласида шу кунларда жамиятимизнинг бош шиори янглиғ жаранглаётган “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари!” ғоясининг моҳияти ҳақида таҳлилий мулоҳаза юритилади. “Сайлов: сийловми ёхуд синов?” (М.Қирғизбоев)да мақоласида сарлавҳаданоқ билиниб турганидек, бугуннинг долзарб масаласи муҳокама мавзусига айланган. “Илоҳий туйғулар туташуви” (А. Эркаев)да маънавият тизими трансцендентал, яъни борлиқнинг умумий, олий сифатларини билдирувчи тушунчалар асосида таҳлил қилинса, “Урф-одатлар: танганинг икки томони” (М.Йўлдошев)да удумлардаги анъанавийлик ва замонавийлик, жамият, шахс ва урф-одатлар ўртасидаги мураккаб муносабатлар ёритилади. “Мозийга тикилиб муғанний йиғлар…” (О.Тошбоев) мақоласи америкалик сайёҳ Южин Скайлернинг 1876 йили Лондонда босилган “Туркистон: Россия Туркистони, Қўқон, Бухоро ва Ғулжага саёҳат қайдлари” китобининг ўзбекча нашри баҳонасида хонликлар даврининг мураккаб муаммоларидан баҳс очади. “Ҳақиқат қиёсда кўринар” (Ғ.Зикриллаев)да Қуръони каримнинг ўзбекча таржималаридаги хато ва камчиликларга тилшунослик талаблари асосида ёндашилади. “Авлод ва эътиқод” (Н.Эргаш)да турли даврлар ўзбек қаламкашларининг эътиқод масаласига муносабати муҳокамага тортилади.

“Мен Сизиф тошига эгаман бошим” (Н.Афоқ)да Альбер Камю талқинидаги абсурд ҳодисасининг янги таҳлилларини кўрсак, “Пардоздаги мусаддир” (В.Алимасов)да таниқли рассом Б. Жалол ижодидаги мистицизм кўрсатиб берилади, “Қақнус: атторона, навоиёна…” (М.Ҳошимов)да бир тимсол мисолида “Мантиқ ут-тайр” ва “Лисон ут-тайр” достонлари қиёсга тортилади.

Шунингдек, ушбу сондан машҳур озарбойжон адиби Анарнинг “Оқ қўчқор, қора қўчқор” қиссасидан боблар (Шоҳсанам таржимаси), Шуҳрат бисотидан ҳикматлар, Н.Раҳмат фиқралари, “Ботиндаги бўрон (Олим Отахон мутолаа қилади)” материали ҳамда бир неча муаллифнинг талқин ва тадқиқотлари эълон қилинган.

8 босма табоқ ҳажмдаги бир “китоб”га шунча фикр жойланганини, башарият тафаккурининг у ёғидан кириб, бу ёғидан чиқилганини кўриб, “Балли!” дегинг келади. Аммо унинг бор-йўғи минг дона босилгани ачинарли.

 

Зиёда ҒАФФОРОВА,

“Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази директори ўринбосари.

 Манба: ЎзА