ЮТУҚЛАРИ ФАХРЛИ, АММО… Жаҳонни лол этаётган ёш кимёгарлар қандай шароитда таълим олмоқда?

2019-07-14T00:11:49+00:0012 Iyul, 2019|Умумий янгиликлар|

«Ishonch» газетаси  Матбуот йўналишида «Олтин қалам-2019» ғолиби

Ижтимоий тармоқларда Чехия ва Словакияда бўлиб ўтган 50-Жаҳон олимпиадасида Ўзбекистон ёшлари1 та кумуш ва 2 та бронза медаль билан тақдирланганини ўқиб қолдим. Халқаро Менделеев олимпиадасида! Жаҳон илм майдонида энг нуфузи баланд беллашувлардан ҳисобланадиган бу олимпиадада иштирокчи бўлишнинг ўзи катта шараф. Улар эса иштирок этибгина қолмай, кимё фанидан дунё бўйича иккинчи ва учинчи билимдон дея эътироф этиляпти. Давлатимиз байроғини музаффар ҳилпиратяпти. Улар билан албатта танишиш, суҳбатларини олиш, таълим берган устозлари тажрибаларидан ўрганиш зарур. Шу ниятда Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги Юнусобод академик лицейига йўл олдик.

Фараҳли туйғулар билан лицейга етиб ҳам келдим. Етиб келдим-у… Хаёлимдан бошқа жойга келдим, шекилли, деган ўй ўтди. Қаршимиздаги бино таъмирталаб, ғарибгина эди. Ҳовли саҳни озода, тартибли бўлса-да, нотекис. Зиналар едирилиб, силлиқланиб кетган. Катта ойнаванд эски эшиклар. Дераза ромлари ташқаридаги ҳавони ҳам, шовқинни ҳам оқизмай-томизмай ўтказувчи хилидан. Ичкарилаган сари хавотир кучаяверди: «Бу бошқа манзил бўлса керак. Бу умуман таълим даргоҳи эмасдир». Олис болалик хотираларини уйғотадиган даҳлизлар… Ҳозирги замонга алоқаси йўқдай ҳолатдаги синф хоналари… Кўнгилни хира қиладиган иситиш ва совутиш тизими… «Отам замонидан қолган» стол-стуллар… Аниқ адашдим!

Таассуфки, Ўзбекистоннинг фахри бўлган, миллий бойлик сифатида ардоқланишга арзийдиган, илм толиблари жаҳонни лол қолдириб, салоҳияти билан мағлуб қилиб келган Тошкент педиатрия тиббиёт лицейи чиндан ҳам шу ер экан!

Деворларга илинган стендларга яқинлашамиз. 2008 йилдан то ҳозирга қадар жаҳон ва халқаро олимпиадаларда эришилган ютуқлар акс эттирилган. 40 дан ортиқ медаль шу биргина, харобгина лицей ўқувчиларига тегишли экан. Ўқувчилар сурати қачон, қайси олимпиадада нечанчи ўринни олганлиги ҳақдаги таъриф билан қўйилган. Кўзлари ёниб турган, умидга, ишончга, ғайратга тўла ёшлар. Бино лицейни медаллар сони жиҳатидан жаҳондаги ягона таълим даргоҳига айлантирган ўқувчилар идроки, интилиши зўридан тўкилиб кетмасмикан, деб чўчийсан киши.

Балки таълим даргоҳи раҳбарининг хонаси ўзгачадир, замонавий таъмирланган, жиҳозлангандир деган умид ҳам ўзини оқламади. Оддийгина, ҳатто ғариб дейиш мумкин бўлган хона.

Лицей директори Ортиқ Ишонқулов самимий инсон экан. Ўқувчилари ютуғидан сўз очилса, кўзи порлаб кетади. Чоққина хонасига сиғмай кетган ҳужжатлар-у китоблар орасидан олимпиада иштирокчиларининг суратларини топиб, ҳар бирини завқ-шавқ билан кўрсатади. Жаҳон олимпиадаси, унда иштирок этиш ҳуқуқи, бу ҳуқуқни қўлга киритишнинг енгил кечмаган йўли, сафардан олинган таассуротлар-у шогирдлари билан фахрланиши ҳақида тўлқинланиб сўзлайди. Беихтиёр директордаги завқ, бахтиёрлик менга ҳам юқди. Қониқарсиз шароит ва бундан «ҳайратланиш»лар хира тортди.

– Биз Республика таълим тизими тарихида илк бор халқаро ва жаҳон фан олимпиадаларида олтин медални қўлга киритганмиз, – дейди Тошкент педиатрия тиббиёт институти академик лицейи директори Ортиқ ишонхўжаев. – Лицейимиз ўқувчилари Россия, АҚШ, Туркия, Қозоғистон, Корея, Сингапур, Италия, Швеция, Вьетнам, Озарбойжон, Грузия, Таиланд, Беларусь сингари кўплаб давлатлардаги жаҳон ва халқаро фан олимпиадаларида юртимиз шаънини ҳимоя қилган. Биласизми, ўқувчиларим жаҳон олимпиадаларида инглиз тилида сўзлашишади. Бир олимпиадада ҳайъат аъзолари лицейимизни фақат Ўзбекистонда эмас, балки жаҳонда ҳам ягонадир, дейишганди. Сабаби, 7 йилда 5 та олтинни қўлга киритибмиз. Баъзи 47 йилдан бери иштирок этадиган давлатлар эса ҳали битта ҳам олтин олишмаган… Асосан, Хитой, Япония, Жанубий Корея ва Россия қўлга киритар экан. Демак, биз кимё бўйича ривожланган давлатлар билан тенглашибмиз. Ҳар йили бизнинг лицей давлатимизга шода-шода медаллар билан келади. Чунки бизнинг ягона мақсадимиз – Ўзбекистон байроғини жаҳон ареналарида кўтариш. Озарбайжонга борганимда бир юртдошимиз байроғимизни кўриб, кўзи ёшланган, «ўзга юртда ўзбек болаларининг ютуғини кўриб, фахрланиб кетяпман», деганди.

Дарҳақиқат, бу ютуқлар юртда турган бизни қанчалар қувонтирди-ку, Ўзбекистондан ташқаридагиларни тасаввур қилиш мушкул эмас. Директорнинг, умуман, бутун лицей жамоасининг нияти – болалар иқтидорини нафақат Ўзбекистон, балки бутун жаҳон бўйлаб кўрсатиш. Лицей халқаро олимпиадада биринчи марта 2008 йилда иштирок этган. Мазкур МДҲ ва Европа давлатлари миқёсида ўтказиладиган Менделеев олимпиадасида олтин медални қўлга киритган. 2013 йилда эса Ўзбекистон номидан илк бора жаҳон олимпиадасида қатнашиб, биринчи олтин медални олган.

2008 йилдан то ҳозирга қадар халқаро ва жаҳон олимпиадаларида муваффақиятли қатнашиб келаётган бу ўқувчи ёшларнинг ўқиш шароити билан қизиқдим. Чунки бундай ютуқларга мукаммал жиҳозланган лабораториясиз эришиш мушкул. Йўқ, лаборатория жиҳозларини алмаштириш, тўлдириш, яхшиси, бошқатдан янги қуриб-жиҳозлаб беришга катта эҳтиёж мавжуд экан. Раҳбарнинг айтишича, лицей ўқувчилари жаҳон илм майдонида кучли назариётчи сифатида эътироф этиларкан. «Амалиётдан бироз оқсаймиз. Тажрибалар қилиш, формулаларни амалга ошириш учун кучли лаборатория бўлса, бу жабҳада ҳам жаҳонни лол қолдирамиз», деди табассум билан Ортиқ ака.

Ўтган йиллар мобайнида лицей кимё, биология, математика фанларидан халқаро ва жаҳон фан олимпиадаларида Ўзбекистон номини танита оладиган мактаб яратди. Жанубий Кореянинг Чанхвон университети билан ўзаро меморандум имзоланган. Москванинг Ломоносов университети биология, кимё факультетлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Миллий ифтихоримиз бўлган, чет давлатларда эса Ўзбекистоннинг юзи, ўзбек илмининг ташриф қоғози ҳисобланган Тошкент педиатрия тиббиёт лицейини қоришиқ туйғулар ҳамроҳлигида тарк этдим. Кўксимни фахр ҳисси тўлдирса, уят ҳисси куйдирарди. Наҳотки, она юрт шаъни учун шунча ютуқларга эришган ёшлар бунга муносиб бўлишса?! Наҳот, ҳар бир ўқувчидаги иқтидорни тўғри йўналтириб, парваришлаб олтин ёмбига айлантираётган заҳматкаш таълим ходимлари бундай муносабатга муносиб бўлса?! Ахир, спортда эришаётган олтин медалларга қандай эътибор қиляпмиз. Илм-фандаги ютуқларимиз бунга лойиқ эмасми? Ахир, ўқувчига билим бериш, уни оддий ёшдан жаҳон илм-фан аренасида бемалол беллаша оладиган ўткир истеъдодга айлантириш осон юмуш эмас-ку! Бир йили қашқадарёлик бир ўқувчи олимпиададан 1 та бронза медаль олганида ўқитувчисига «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони беришганини эшитгандим. Бу лицей ўқувчилари эса шу вақтгача 43 та медални қўлга киритган! Эътибор беринг: Халқаро ва жаҳон олимпиадаларида мустақил Ўзбекистон жами 80 та медаль олган бўлса, шунинг ярмидан кўпроғи мана шу битта лицейга, қолган 37 таси бутун республика коллеж-лицейлари ҳиссасига тўғри келади. Лицей профессор-ўқитувчилари ва ўқувчиларига иззат-икромимиз шуми?

Умуман, таълим жараёнига бошқа соҳалардаги каби ёндашиб бўлмайди. Бунда натижа ҳамиша ўзини куттиради ва бир қарашда сезилмайди. Қўл билан ушлаб, чўнтакни тўлдириб бўлмайди. Тошкент педиатрия тиббиёт лицейининг фидойи ходимлари кўнгилни тўлдирмайдиган шароитда кўнгилни тўлдирадиган натижаларга эришишнинг уддасидан чиқаётгани, аслида, жамиятнинг бахти-ку. Баъзи жиҳатларга кўра биз улардан қарздор, улар ҳақдордир. Ёрқин келажак гап билан қурилмайди, мана шундай таълим ходимлари ва даргоҳларининг ёрдами билан бунёд бўлади. Бусиз ривожланиш, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш ва эгаллаган ўринни бой бермаслик душвор.

Кўнглимда кўп кечинмалар алғов-далғов бўляпти. Билмадим, Ортиқ акадек кишиларнинг бизга нечоғли кераклиги бир томондан, фарзандларга сарфланажак сармоя – эътиборнинг аҳамияти иккинчи томондан… Биз қалам аҳли, матбуотчилар, журналистларнинг бу каби ҳолатларга беэътибор бўлиб келаётганимиз… Пировардида… Ўзимни-да маънан қарздор ҳис этиб, мақолага нуқта қўяман…

Муҳайё  ИСМОИЛОВА,

«Ishonch» мухбири

“Ishonch” газетаси

2018 йил 13 октябрь, 123-сон

Шарҳ қолдириш