Юрсак деймиз, изингиздан устозлар

2019-11-08T12:23:40+00:008 Noyabr, 2019|Умумий янгиликлар|

“Сирдарё ҳақиқати” газетасининг фаоллар залида вилоят матбуоти ривожига муносиб ҳисса қўшган, салкам 30 йил “Сирдарё ҳақиқати” газетасига бош муҳаррирлик қилган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Саъдулла Боқиев таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан хотира кечаси ўтказилди.

Тадбирда журналист билан бирга ишлаган сафдошлари, шогирдлари ва ёш журналистлар иштирок этдилар.

— Мен таҳририятга 1970 йилда ишга келганман,— дея хотирлайди таниқли журналист “Шуҳрат” медали соҳиби Элмурод Мавлонов. —Саъдулла ака таҳририятдаги барча журналистларнинг устози эди. Камтарликлари, самимийликлари, фидоийликлари  билан ҳаммамизнинг ёдимизда ёрқин из қолдирган. Улар билан 30 йилга яқин бирга ишлаган бўлсам, бирор кишига бирон марта овозларини кўтарганини эшитганим йўқ.

Биргина мисол: Сирдарё ва Жиззах вилоятлари маъмурий бирлашган йиллари у киши вилоят газетасига бош муҳаррир бўлиб тайинлангандилар. Икки таҳририят журналистлари орасида дастлаб бир-бирларига ёвқарашлар, тушунмовчиликлар бўлсада, бир йил ўтар –ўтмас  жиззахлик ҳамкасблар билан ака – укалардек қадрдонлашиб кетдик. Чунки раҳбаримиз ўзларининг доноликлари , ташкилотчиликлари, самимийликлари билан жамоани бирлаштира олди. Мен ўз хотираларимда у кишининг бебаҳо хислатлари ҳақида ёзганман.

—Саъдулло Боқиев вилоятимиздаги барча журналистларнинг устозидир,—дейди Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимининг раиси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими , “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси шоира  Ҳаётхон Ортиқбоева. —Мен ҳаётимда қанча ютуқларга эришган бўлсам, барчасида устозимиз Саъдулла аканинг хизматлари бор. Раҳбар сифатида қўл остидагилар билан бир оиладек бўлиб ишлашни, меҳнатга сидқидилдан муносабатни, барчага  бирдек ҳурмат–иззатни барчамиз улардан ўрганганмиз.

Тадбирда Гулистон давлат университети проректори, профессор Равшан Маҳмудов, “Университет овози “газетаси бош муҳаррири Мунаввар Пардаев, “Халқ сўзи” газетасининг вилоят бўйича мухбири Аҳмадали Шерназаров, шоира Баҳор Холбекова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Холида Пардабоева ва бошқалар С. Боқиевнинг хайрли ишлари ва эзгу фазилатларини ёдга олдилар.

Шунингдек, кечада устоз ҳақида ёзилган хотираларни “Саъдулла Боқиев шогирдлари хотирасида” номли китобга жамлаш ҳамда “Сирдарё ҳақиқати” газетаси таҳририятида устоз журналистлар ижоди ва фаолиятига оид экспонатлар жой олган музей ташкил этишга келишиб олинди.

 

                     Дилором ИСМАДИЁРОВА.