Ёшлар матбуоти қандай бўлиши керак?

2019-03-11T11:18:34+00:0011 Mart, 2019|Сирдарё вил.|

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими томонидан Гулистон давлат университетининг “Университет овози” газетаси таҳририяти фаолияти ўрганилди.

Газета 4 минг нусхада , лотин алифбосида чоп этилади. Унда қисқа, лекин қизиқарли , ўқимишли мақолалар кўп  босилади.   Нашрнинг ҳар бир сонида “Университет янгиликлари”, “Менинг фикрим”, “Ёшлар ижодидан”, “Кўнгил кўзгуси” каби рукнлар остида ўнлаб талабаларнинг мақолалари берилади.

– Ёшларимиз орасида ижодкорлар кўпчиликни ташкил қилади. Мақолаларнинг 80 фоизини уларнинг ўзлари ёзадилар, – дейди бош муҳаррир Мунаввар Пардаев. – Талабалар билан тез-тез мулоқотда бўлиб, газета ҳақидаги фикрлари, унинг саҳифаларида кўпроқ қайси мавзулардаги мақолаларни ўқиш истагида эканликлари билан қизиқамиз.  Ёшларимизни таълим соҳасидаги, университет ҳаётидаги  янгиликлар кўпроқ қизиқтиради. Муҳаббат ҳақидаги  шеър ва  ҳикояларни мароқ билан билан ўқийдилар.

Газетани янада ўқимишли қилиб чиқариш мақсадида ижодкор ёшлар орасида    “Энг фаол мухбиримиз”, “Энг яхши мақола учун” , “Энг яхши ҳикоя учун”, “Энг яхши шеър учун” танловлари эълон қилинган.  Ғолиблар 27-июнь-Матбуот ва оммавий ахборот ходимлари куни арафасида аниқланиб, мукофотланадилар.

 Дилором Исмадиёрова,

Сирдарё вилояти

Шарҳ қолдириш