Ёшлар кўпроқ телеграм каналларни кузатмоқдами?!

2019-08-12T11:47:54+00:009 Avgust, 2019|Умумий янгиликлар|

30 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Наманган шаҳар ҳокимлиги студиясида иштирок этдим. Соҳамиз ривожига бағишланган мазкур йиғилишда ахборот сиёсатига оид Президентимиз ва ҳукумат томонидан берилаётган юксак эътибору амалга оширилажак ислоҳотлар салмоғидан завқланиб ўтирдим. Қарийб 3 соат давом этган онлайн мулоқот давомида «Оммавий ахборот воситалари» сўзи минг марта ишлатилди-ёв.

ОАВ истиқболи, хусусан, ижтимоий тармоқларда блогерларнинг чиқишлари, умуман интернет журналистикасининг ютуқлари алоҳида этироф этилди. Бироқ матбуот хизматлари, босма нашрлар фаолияти кескин танқид остига олинди. Бу борада вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳокимлар ва мутасаддилар масъулиятини ошириш юзасидан уларга қатъий топшириқлар берилди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Комил Алламжонов бугунги кунда барча ҳақиқий интернет маконини ўз танасида ҳис қилаётгани ҳақида гапиргани диққатимизни тортди. Унинг ҳозирда телеграм каналларга алоҳида эътибор бериш керак, чунки кўпчилик ёшлар янгиликларни айнан телеграмдан ўқиётгани, масалан, раҳбарларнинг ўзини эмоционал тарзда тутган ҳолатлари айнан телеграм каналларда тарқалаётгани ҳақидаги таъкидлари ўринли, албатта.

Шундай экан, бугунги кунда наманганликлар вилоятдаги асосан қайси телеграм каналларни кузатишяпти?

Блогерлар ва ҳокимият ҳамда корхона-ташкилотлар ахборот хизматлари томонидан юритилаётган айрим телеграм каналлари ҳақида қисқача маълумот тўпладик.

Масалан, вилоят ҳокимиятининг «Namangan viloyati hokimligi», Наманган шаҳар ҳокимлигининг «Namangancity.uz», Чортоқ туманининг «Chortoq_24», Янгиқўрғон туманининг «Yangikurgan.uz» вилоят ТРКнинг «Namangan viloyati teleradiokompaniyasi», вилоят жиноят судининг «Жиноят суди», вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг «Salomatlik saboqlari», вилоят солиқ бошқармасининг «Наманган солиқ маслаҳати», вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг «namanganyhxb_uz», вилоят халқ таълими бошқармасининг «@nam_pedagog», Ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг «Ёшлар» расмий телеграм каналлари шулар жумласидан. Бундан ташқари, «Namanganliklar.uz» телеграм канали ҳам борки, унинг ўқувчилари сони нафақат вилоят, балки республикада етакчи ўринда туради (440 мингдан зиёд). «Навбаҳор» футбол клубининг «Muxlislar.uz» телеграм каналининг аъзоси ҳам талайгина. «Vodiymedia.uz», «Namangan24.uz» «Namangantoday.uz» – мустақил блогерлар томонидан очилган телеграм каналлар ҳам фуқароларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини имкон қадар тўлдирмоқда. Қолаверса, вилоят оммавий ахборот воситалари ходимларининг «Namangan jurnalistlari» телеграм гуруҳи ҳам борки, бу ерда энг сўнгги янгиликлар ва маълумотлар алмашилади, ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган материаллар юзасидан фикр-мулоҳазалар, баҳс-мунозаралар билдирилади.

Ҳар куни Наманган туманидан шаҳарга қатнаб ишлайман. Замоннинг зайлини қарангки, ҳатто чекка ҳудудда «Sho‘rqo‘rg‘on qishlog‘i yangiliklari» телеграм каналининг мавжудлиги қувонарли ҳол. Чунки хорижда ва сафар билан узоқда юрган ҳамқишлоқларимиз учун бу айни муддао, соғинч тафтини бироз босишга хизмат қиляпти.

Қишлоқ янгиликлари каналида архив маълумотлари, маҳаллаларда бўлаётган ўзгаришлар, турли маросимлар, фаоллар ва бугунги кун кишилари ҳаётига доир фотолар, кўнгилочар видео ва мусиқалар, қизиқарли савол-жавоблар, эълонлар ва табриклар, расмий хабарлар билан ишхонада туриб танишаман. Канал админи билан суҳбатлашганимда аъзоларнинг энг кўпи ёшлардан иборат эканлигини қайд этди. Яна «Sho‘rqo‘rg‘on xalq kutubxonasi» телеграм каналимиз эса қишлоқда янги очилган «Халқ кутубхонаси» ташкилотчилари томонидан яратилган. Унга китобларнинг электрон кўринишлари, кичик ҳажмдаги маънавий-маърифий материаллар қўйиб борилади. Шундай қилиб, биргина катта ва номдор қишлоқ аҳлининг, айниқса, келажак эгалари бўлмиш болаларнинг, навқирон йигит-қизларининг мутолаага эҳтиёжи қондирилмоқда, зарур янгиликлар билан тезкор таъминланмоқда, хабардорлиги ва турли соҳалар бўйича саводхонлиги, дахрдорлиги оширилмоқда.

Умуман олганда бугун Наманганликлар ҳамма йўналишларда пешқадамлик қилмоқда. Бунда эса ижтимоий тармоқлар, хусусан, телеграм каналларнинг ислоҳотлар ижросига, тарғиботига қўшаётган ҳиссаси алоҳида. Одамлар шундай интернет каналларидан қийнаётган саволига, муаммосига жавоб топаётгани ҳам айни ҳақиқат.

 

Орифжон ЖЎРАЕВ,

журналист.