«Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури ёритилиши

2019-01-22T09:32:20+00:0021 Yanvar, 2019|Сурхондарё вил.|

Сурхондарё ва Қашқадарё вилоят журналистлари мисолида

Замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш мамлакатни барқарор ва жадал ривожлантиришнинг энг муҳим шартидир.
Сўнгги йилларда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини намоён қилиш, уларнинг фуқаролик жавобгарлигини ва олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш борасида улкан ишлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, жойларда ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш, шунингдек, шу асосда ёшлар бандлигини таъминлаш борасида муаммолар талайгина.
Хусусан, ёшлар тадбиркорлигини комплекс ривожлантириш ва ёшларни тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга фаол жалб қилиш — янги иш ўринлари яратишнинг энг муҳим шарти ҳисобланади.
Бунда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 27 июндаги «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида»ги Фармони ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни бу тадбиркорликка фаол жалб қилиш учун ва бандликни таъминлашда янги даврни бошлаб берди. Шунингдек, ушбу ҳужжат ёшлар бандлигини таъминлашга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни бартараф этишга йўналтирилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Термиз шаҳрида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси ҳамда Сурхондарё вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури ижроси: ютуқлар, муаммолар ва вазифалар» мавзуида Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ОАВ вакиллари иштирокида ўтказилган минтақавий конференцияда ана шулар ҳақида сўз юритилди.
Минтақавий конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармони мазмун-моҳияти, Давлат дастурининг аҳамияти, унда белгиланган вазифаларни амалга ошириш устидан жамоатчилик ва ОАВ назоратини олиб бориш, шунингдек матбуот, телеканаллар, радио ҳамда веб-сайтларда ушбу дастур ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ижодий изланишлар таҳлил этилди, материаллар мазмундорлиги ва таъсирчанлигини ошириш, медиа-маконда ёшларнинг ўзларига кенг ўрин бериш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

—Мухтарам Президентимиз янги йилни яхши ниятлар билан “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилди, —деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов. — Зеро, фаол инвестициялар тараққиёт учун чексиз имкониятлар эшигини очади. Ижтимоий ривожланиш эса халқимиз турмуш даражаси ва сифатини кескин оширишга хизмат қилади. Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ҳамда Олий Мажлисга Мурожаатномасида барчамиз учун янги марралар, вазифалар стратегияси белгилаб берилди. Уларнинг замирида эса бир мақсад – халқимиз манфаати, оддий инсонларни ҳаётдан, тақдиридан рози қилиш ўз аксини топган. Биз истиқбол, эртанги кунимиз ҳақида ўйларканмиз, кўз олдимизда, биринчи навбатда, фарзандларимиз, умид юлдузларимиз бўлган ёшлар туради. Ҳаммамизга аёнки, мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Маърузада ҳам, ҳам Мурожаатномада Президентимиз ёшларнинг жамиятимиздаги ўрни, келажаги, уларнинг олдида турган вазифалар хусусида алоҳида тўхталиб ўтди. “Ҳар бир оила—тадбиркор” ҳамда “Ёшлар-келажагимиз” дастурлари доирасида сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг тадбиркорлик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, уларга ўз бизнесини йўлга қўйиши учун катта имтиёзлар берилди. Биз ёшларимизда тадбиркорлик ташаббусини ривожлантира олсак, уларга маблағлардан тўғри фойдаланишни ўргатсак, нафақат иқтисодий, балки кўплаб ижтимоий муаммоларни ҳам ҳал этган бўламиз”, дея таъкидлади давлатимиз раҳбари. Мана шундай эзгу ниятлар ва ишларни кенг жамоатчилик онгига етказиш, бу борада жойлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этишда кўмакдош бўлиш – биринчи навбатда, биз журналистларнинг вазифамиздир. Биз, ОАВ ходимларининг олдимизда турган энг муҳим вазифа – ана шу жараёнларни халқимизга тезкор, таъсирчан, холис ва ҳаққоний етказишдан иборат. Тўғри, бугунги кунда ОАВда ушбу мавзуда қатор мақолалар, телекўрсатувлар ва радио эшиттиришлар бериб борилмоқда. Бироқ, уларнинг аксарияти хабар ёки информация жанри доирасида. Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган саъйи-ҳаракатларни, уларнинг бунёдкорлик жараёнларидаги иштирокини ёритишда янада фаол бўлишимиз, қамровни янада кенгроқ олишимиз даркор.
Бугунги кунда Сурхондарё вилоятида 7 та телерадиоканал, 30 дан ортиқ газета, Қашқадарё вилоятида ҳам 7 телерадиоканал ва 28 та газета фаолият юритмоқда. Бу вилоятлардаги оммавий ахборот воситалари ушбу мавзуни ёритишда қандай ўрин тутмоқда? Воҳа таҳририятларида фаолият олиб бораётган журналистлар қанчалик фаоллик кўрсатмоқдалар? Бугунги минтақавий семинар айнан шу мавзуга бағишланди. Унинг мазкур вилоятлар оммавий ахборот воситаларида қандай ёритилаётгани ҳақида баъзи мулоҳазалар ва таҳлилий хулосалар айтилди.
«Yoshlar – kelajagimiz» давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш истиқболлари юзасидан ижобий жараёнларнинг гувоҳи бўламиз. Жумладан, “Сурхон тонги” газетасида дастур ижросини кенг ёритиб бориш мақсадида «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури амалда” рукнида бир қатор мақолалар чоп этилган. “Қашқадарё” газетасининг 20 сентябрь сонидаги «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастурининг бир қишлоқдаги инъикоси” сарлавҳали мақоласи ҳам мазкур вилоятда ёшлар бандлигини ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилаётгани хусусида сўз юритилган. Бундай ижобий мисолларни вилоят ОАВларидан кўплаб топиш мумкин. Бироқ туман ҳокимликлари муассислигида чоп этилаётган газеталарда ушбу мавзуга бағишланган мақолалар жуда кам. Борлари ҳам хабар ёки ахборот даражасида.

Шунингдек, дастурда белгиланган вазифаларнинг жойлардаги ижросини таъминлашда йўл қўйилаётган камчиликлар, юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича танқидий-таҳлилий материалларга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Албатта, бугуни ёшлар катта мақсадлар билан яшамоқдалар. Бироқ уларни амалга оширишда турли бюрократик тўсиқлар учраётгани ҳам ҳақиқат. Ислоҳотлар жараёнига ғов бўлаётган ана шундай омилларни очиб бериш журналистдан катта маҳорат талаб қилади. Давлат дастурининг ижросини кенгроқ тарғиб этиш, унинг ҳар битта банди бўйича амалга оширилган ишларни мунтазам равишда, доимий рукнлар остида ёритиб бориш бўйича катта имкониятлар мавжуд.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси, депутат Эркин Холбўтаев, “Амалдаги қонун ҳужжатларига ахборот соҳасини янада демократлаштириш ва ривожлантиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида” маъруза қилди. — Оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётидаги ролини ошириш, журналистик фаолиятни ҳимоя килиш масалалари Ҳаракатлар стратегиясининг давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш жараёнидаги устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган, – дейди у. —Айни пайтда ОАВ бўйича ўндан зиёд қонунлар қабул қилинган. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар оммавий ахборот воситалари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмларини белгилаб беради ҳамда оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг ҳимояси ва жамоат назоратини амалга оширишдаги ролини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этаяпти. Соҳани давлат томонидан молиявий ёрдам бериш, турли иқтисодий переференциялар тақдим қилиш бўйича ҳам бизга турли таклифлар келиб тушаяпти. ОАВларга оид қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича журналистларда тавсиялар бўлса уларни эшитишга тайёрмиз. Қўмитамизнинг мақсади мамлакатимизда журналистлар ва оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият юритиши ҳуқуқий меъёрларни янада либераллаштириш қаратилган.
—Ушбу дастур бевосита юртбошимиз раҳнамолиги ва назорати остида изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда, – деди Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари Рўзимурод Чориев.—Жумладан, Сурхондарё вилояти мисолида оладиган бўлсак, “Ёшлар—келажагимиз” Давлат дастури ижроси доирасида изланувчан ва ташаббускор йигит-қизларнинг 500 дан ортиқ лойиҳасига 57 миллиард 390 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилиб, 4 минг 269 янги иш ўрни яратилди. Жумладан, Термиз туманида ёшларнинг 43та лойиҳаси мазкур жамғарма томонидан молиявий қўллаб-қувватланиб, 200 га яқин янги иш ўрни яратиладиган бўлди. Тикувчилик, мебель, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, чорва еми тайёрлаш, турли хизматлар кўрсатиш, иссиқхоналар барпо этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, балиқчиликни ривожлантириш каби йўналишларда янги ташаббуслар бўй кўрсатди. Шунингдек, вилоят марказида коворкинг маркази қурилиши давом этмоқда. Яқин орада бу мажмуа ҳам ёшларга тадбиркорлик кўникмаларни шакллантиришга хизмат қиладиган масканга айланади. Вилоятимизда ёшларни тадбиркорликка жалб этиш орқали бандлигини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Шу ўринда таъкидлаш керакки, аввал хорижда ишга жўнаб кетган ёшларнинг катта қисми қайтиб келиб, ўзимизда ишлаяпти. Топаётган даромади ҳам кам эмас. Биз яқин вақт мобайнида барча ёшларни иш билан таъминлашга эришишимиз керак. Барча саъйи-ҳаракатимиз шунга қаратилган. Вилоятимизда фаолият олиб бораётган газета, телевидение, радио ва ижтимоий тармоқларда қилинаётган ишларни ёритиш масаласида кўп ишлар қилинаяпти. Ўйламайнки, журналистларимизда дастур ижроси борасида ҳудудимизда амалга оширилаётган амалий ишларни янада кенгроқ таҳлил этиш, мазмун-моҳиятини очиб беришда тажриба ва салоҳият етарли. Вилоят ҳокимлиги юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни фаол ёритаётган журналистларга ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёр.

— Ажратилган маблағлардан ҳозиргача ёш тадбиркорларимиз 33 миллиард 486 миллион сўмини ўзлаштирди, — дейди «Yoshlar-kelajagimiz» жамғармаси Сурхондарё вилояти бўлими директори О.Сапаров. —Мисол учун «Ёшлар меҳнат гузари» ва «Коворкинг маркази» қурилиши учун 1 миллиард 500 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Вилоятнинг Ангор туманида иккита, Жарқўрғон ва Қизириқ туманларининг ҳар бирида биттадан «Ёшлар меҳнат гузари» барпо этилиб, 40 га яқин ёшларнинг бандлиги таъминланди. Жорий йилда эса ташаббускор ёшларнинг 874 лойиҳаси учун 167 миллиард 172 миллион сўмга яқин маблағ ажратишни мўлжаллаяпмиз. Бу маблағ эвазига воҳада ёшлар учун яна 6 мингга яқин иш ўрни яратилади.
Тадбир доирасида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятидан биттадан газета таҳририятларига, жумладан, Музрабод тумани ҳокимлиги муассислигидаги «Музрабод» ҳамда «Яккабоғ овози» газетаси таҳририятига Уюшма ва Республика товар-хомашё биржаси ўртасида тузилган «Дўстлар клуби»нинг замонавий компьютер жамланмаси, фаол журналистларга эса, Уюшманинг Фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари топширилди.
— Уюшманинг таҳририятимиз моддий техник базасини мустаҳкамлаш борасида таҳририятимизга компьтер жамланмаси тақдим этилганидан хурсандмиз. «Дўстлар клубига» миннатдорлик билдираман,—дейди «Яккабоғ овози» газетаси бош муҳаррири Бозор Азизов.— Моддий-техник аҳволимизнинг яхши эмаслиги чоп этилаётган газетамизга ҳам таъсир этарди. Газета дизайнини ўзгартириш учун мавжуд компьютерларимизнинг имконияти ҳам етарли эмас эди. Таҳририят иш фаолиятини янада такомиллаштириш учун замонавий компьютер ва принтерга муҳтож эдик. Бу ўз навбатида ишимиз кўламини янада кўтаришга, туман муштарийларига сифатли газета етказиб берилишига хизмат қилади. Газетамизда тажрибали ва ўз ишининг уста журналистлари жам бўлган. Улар юртимизда, хусусан туманимизда бўлаётган ислоҳотларни тезкорлик билан ёритиб, газетхонларга етказиб бераяпти.
Конференция якунлари бўйича иштирокчилар қўйидаги таклиф ва тавсиялар қабул қилинди:
-“Ёшлар келажагимиз” Давлат дастури—амалда” рукнини барча ОАВ доимий равишда ташкил этиш. Ҳар бир туманда Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан масъул раҳбар ва мутахассислардан иборат ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш комиссиялари фаолияти, шунингдек, Президент фармонига биноан жойларда қад ростлаётган “Ёш тадбиркорлар” коворкинг-марказлари, “Ёшлар меҳнат гузари” мажмуалари фаолиятини кенг ва мунтазам ёритиб бориш;
-Аксарият материаллар мутасаддиларнинг ёшлар билан учрашуви билан боғлиқ хабарлардан иборат бўлиб қолмоқда. Материалларда таъсирчанлик, ҳодиса ва жараёнларга журналистларимизнинг дахлдорлик ҳиссини кучайтириш мақсадида воқеа жойларидан лавҳалар, репортажлар, фотолавҳалар ташкил этиш;
-Мамлакатимиз бўйлаб ёшлар ўртасида турли кўрик-танловлар иштирокчилари ва ғолиблари бўлган ёшлар фаолиятига оид мақола ёки очерклар чоп этиш;
-Ёшлар ҳақидаги материалларда қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш: Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва ОАВ ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини, янги иш ўринлари яратиш, оилавий тадбиркорлик борасидаги тажрибалар, ибратли оилалар фаолиятини кенг ёритиш;
-«Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури доирасида жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ёритилган энг яхши мақолалар тўпламини Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳомийлигида чоп этиш.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу Давлат дастурининг ижросини кенгроқ тарғиб этиш, унинг ҳар битта банди бўйича амалга оширилган ишларни мунтазам равишда, доимий рукнлар остида ёритиб бориш журналистларимиз олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир. Журналистлар уюшмаси конференцияда билдирилган фикрлар ва дастур ижросини оммавий ахборот воситаларида ёритиш масалаларини диққат билан кузатиб боради ва доимий мониторингини йўлга қўяди.

Жобир Хўжақулов,
Мастура Ҳамроева,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
етакчи мутахассислари

Шарҳ қолдириш