Ёш ижодкорлар, янги чеҳралар кашф этилди

2019-08-15T09:32:11+00:0015 Avgust, 2019|Умумий янгиликлар|

2019 — “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” нинг Мустақиллик айёми  Сирдарё вилоятида ҳам  улкан янгиланишлар, кенг кўламли ислоҳотлар ва ютуқлар ила кутиб олинмоқда.

Мустақиллик йилларида вилоятимизда мақтаса арзигулик кенг кўламли ишлар амалга оширилди.  Мислсиз бунёдкорлик ишлари натижасида вилоят маркази – Гулистон шаҳри кундан-кун чирой очиб, таниб бўлмас даражада гўзаллашиб бормоқда.

Муҳтарам юртбошимизнинг айнан вилоятимиздаги Ховос туманига бир йилда икки марта ташриф буюришлари, “Обод қишлоқ” Дастури асосида туман ва шаҳарларда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Қишлоқларимиз йилдан йилга ободонлаштирилмоқда. Буни “Ховособод” қишлоғининг қайтадан чирой очиши  тимсолида кўришимиз мумкин. Буларнинг барчаси ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарларида, журналистларнинг  мақола  ва кўрсатувларида  тараннум этилмоқда, суратлар рассомлар картиналарида, кино ва ижтимоий роликларда акс этмоқда.

Ана шу ижод аҳли ўртасида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрами арафасида “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган ғояни ўзида мужассам этган “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят телерадиокомпанияси, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси вилоят бўлими, вилоят маданият бошқармаси, Ўзбекистон Бадиий академияси вилоят бўлими, “Ўзбеккино” МА вилоят бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган  танловга 71 нафар муаллифлар  жами  1149 та ижодий иш топширдилар. Айниқса, босма ва интернетдаги ОАВ ходимлари, ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари  ҳамда  ОАВ сифатида давлат рўйхатига олинган веб-сайтлар ходимларининг журналистлик ишлари 650 тадан ошиқроғини ташкил этди.  Барча номинациялар бўйича   иштирокчиларнинг материаллари холис баҳоланди.

Тадбирни вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Абдуғаниев очди ва байрам қатнашчиларига вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаевнинг табригини ўқиб эшиттирди. Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Бадиий академиясининг раиси Акмал Нуриддинов барчани байрам билан қутлаб, ғолибларга вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совғаларини топширдилар.

Бу йилги  танлов ҳар йилгидан ўзгача  янги чеҳралар, интилувчи ёшлар, эркин ижодкорлар кўп эканлигини кўрсатди. Хусусан, ёш ижодкор, шоир Гулистон Давлат университети талабаси Рашид Хўжамов,  босма ОАВ ходимлари ўртасида энг сермаҳсул ижодкор деб “Сирдарё ҳақиқати” газетасининг бўлим мудири Мамадали Ахмедов, “Халқ сўзи” газетасининг вилоят мухбири Ахмадали Шерназаровлар  интернет журналистлари ўртасида мутлоқ ғолибликни  қўлга киритди. Телерадио соҳасида ишлаб, элга танилган Нодир Норқулов  ҳамкасблари ўртасида бир овоздан 1-ўринга муносиб деб топилди. Ёш ва умидли рассом Ҳафиза Шойзақова асарларидан ташкил топган галерея тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

— Тўғриси, вилоятда ташкил этилган танловни эшитиб, ўзим юра олмасам ҳам қўлларим билан ёзган ижод маҳсулларим билан қатнашишни олдимга мақсад қилгандим. Танловга 2018 йилда “Зиё” нашриётда чоп этилган “Соғинч изтироби” номли  китобимни топширдим. Ғолиблик супасига чиқаман деб ҳеч ўйламагандим. Менга тадбирда иштирок этиш  насиб этганлигидан  жуда бахтиёрман, — дейди сардобалик  I-гуруҳ ногирони  Насиба Абдураҳимова.

— Ёшим 70 дан ошди. Ижодкор сифатида ўзимни ҳали ёшдек ҳис қиламан.  Шунинг учун бўлса керак, ҳар йил мустақиллик байрами арафасида ўтказиладиган мазкур танловда иштирок этиб келаман. Мен учун  2019 йил омадли йил бўлди десам адашмаган бўламан.  2019 йил “Онамнинг сандиғи” номли китобим чоп этилди. Бугун эса танловда ғолибликни қўлга киритдим, — дейди танлов ғолиби Мўмин Аваз.

 Моҳира ЮЛДАШЕВА