Ёмонлик йўлини тўсиб, яхшилик тарқатайлик…

2019-08-28T11:39:27+00:0028 Avgust, 2019|Ҳафта мақоласи|

 Салон тўла одам. Автобус чайқалиб-чайқалиб кетяпти. Гоҳ ўнгга, гоҳ чапга оғади, бир тормоз қаттиқ босилади, бир газ… Шофёр тинмай сўкинади. Бировларнинг онаси ҳам, синглиси ҳам, қизи ҳам қолмади…

Охири сабрим чидамади. Сирғалиб олд эшик томон юрдим. Унгача навбатдаги бекат яқинлашиб қолди.

– Амаки, нега бунча сўкинасиз?

– Кўрмайсанми буларнинг ҳайдашини, безрайиб йўлингга чиқиб келади, кўчада юришни билмайди булар…– Шу сўкканингизни улар эшитдими?

– Асабингни бузгандан ке­йин нима қиласан?

– Сиз бир ўзингиз кетмаяпсиз, автобус тўла одам. Сочингиз оппоқ, ёшингиз олтмишдан ошганга ўхшайди, сизга ярашадими шу?

– Ақл ўргатадиган кўп, асабинг бузилса кўрасан…

– Шундай орқангизда 10-12 ёшли қизча турибди. Неварангиз тенги бўлса керак. Ҳеч бўлмаса шундан уялсангиз бўларди! Ёки уйда ҳам қизингиз, келинингиз, неварангиз олдида сўкинасизми?

Шунда калласига бир нима урилгандек, шофёр бирдан ўзгарди.

– Кечир, ўғлим, билмай қомман…

– Сиз мендан эмас, автобус­да­ги одамлардан, бориб ана тушиб кетган қизчадан кечирим сўранг, мана йўл ҳақи, омон бўлинг, бу ёғига пиёда кета қоламан…

Қизиқ, шу автобус ҳайдовчи­сининг оғзидан нима кириб нима чиқяпти, келганини қайтармай сўкиняпти, биров ғинг демайди.

Тасвирга олиб, интернетга жойласам-чи, сўкиниши минг баробар кўпайиб ўзига қайтиб келади, деган хаёлга ҳам бордим. Лекин нега энди бу беодобликни тарғиб қилишим керак, деб дарров фикримдан қайтдим. Бунақа беодобларни нега тарбиялаб қўя олмаймиз? Нега танбеҳ бермаймиз?

Очиғини тан олайлик, унга танбеҳ бефойда, деймиз-у, аслида «Сиз кимсиз менинг ишимга аралашадиган?», «Сизга нима, йўлингиздан қолманг», «Сен ўзингни бил…» деган гапларни эшитишдан, бизга ҳам ташланиб кетишидан, изза бўлиб қолишдан қўрқамиз! Лекин, бир кишига ташланар, икки кишига ташланар, борингки, уч-тўрт кишига бас келар, лекин ҳаммани ғажиб ташлай олмайди, кўпчиликка қарши боролмайди-ку… Хўш, танбеҳ бермабмиз, тартибга чақирмабмиз, икки оғиз эътироз билдиришни ўзимизга эп кўрмабмиз, телефонга тушириб, бутун дунёга тарқатишдан мақсад нима унда? Бу видеони онангиз, опангиз, синглингиз, аҳли аёлингиз, қизингиз кўриши учунми? Ёки мақсад ростдан ҳам уларнинг юзидан ҳаё пардасини йиртиб ташлашми?

Тўғри, ҳар ким ахборот олиш ва уни тарқатиш ҳуқу­қига эга, лекин, келинг, бир аҳмоқгарчилик, беандишаликни оламга жар солгандан кўра қўлимиздан келса яхши ишларни тарқатайлик…

Бекзод ШУКУРОВ

 

Миродил АБДУРАҲМОНОВ:

– Иқтисодни ривожлантириш, уйлар, мактаб ва боғчалар қуришда жуда катта натижаларга эришяпмизу, аммо тарбия масаласида жуда катта нарса бой берил­ганини энди-энди англаяпмиз. Бунга фақат маҳалла, хотин-қизлар қўмитаси ёки бошқа бир идора қараши керак, деб бир қарорга келгунимизча масала баттар чуқурлашади. Автобус ҳайдовчисими, ўқитувчими, ишчими, ким бўлишидан қатъи назар унга жамоатчиликдан кучлирок таъсир этадиган куч йўқ аслида. Менга алоқаси йўқ деган одам эса бир кун келиб, албатта пушаймон қилади. Аммо унда кеч бўлиши муқаррар.

 

Ойгул НУРМЕТОВА:

– Айримлар мана шунақа ҳолатларни тезроқ ижтимоий тармоқларга жойлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Бу уларга таъсир қилиб, ўзларига хулоса чиқариб олса яхши. Лекин таъсир қилмаса-чи? Бунинг ўрнига интернетга чиқиб машҳур бўлдим, деб мақтаниб юрса-чи? Шунинг учун энг тўғри йўл виртуал дунёда эмас, ҳаётда уларга сабоқ бериб, кўзини очиш керак. Интернетда бу яна қанча-қанча одамларга, ёшларга, айниқса ўсмирларга ва болаларга жуда ёмон таъсир қилиши мумкин. Болаларимизни мана шундай жоҳилликлар ва уларнинг заҳарли таъсиридан асраш учун ҳам ҳамма нарсани интернетда тарқатмаслик керак, деб ўйлайман.

 

Ҳусниддин БЕРДИЕВ:

– Оддийгина бефарқлик ортидан ҳали ҳам кўп нарсани бой беришда давом этяпмиз. Оилаларда китоб, газета ўқиш, дилдан бир оилавий суҳбатлашиш бутунлай йўқолди. Ҳамма нарсани пул ва моддият билан ўлчайдиган даражага келдик. Маънавият ҳақида гап кетса «қўй, шу шоирона гапларни, бу билан қорин тўймайди» дейиш одатий ҳол бўлиб қолди. Аслида маънавият ва моддият қушнинг икки қанотидек. Бу иккаласи баравар ҳаракатланмаса қуш ҳеч қаерга уча олмайди.

 

Убайдулла АБДУШОҲИДОВ:

– Тарбияни аввало интернет кенгликларидаги ўзбекча изоҳ қолдираётганлардан бошлаш керакмикан, деб ўйлайман. Муносабатларда «долбан»дан бошлаб «дебил»гача (бундан қўполроқларини ёзишга қўлим бормади) ҳамма ҳарфлардан бошланадиган, ўзбекча, русча, инглизча, форсча ва ҳоказо тиллардаги ҳақоратли сўзларни бемалол ишлатиб фикр билдириляпти. Айниқса, бундай сўзларни аёллар мусоҳабаларида, улар билдираётган фикрларда кўриб лол қоласан киши…

 

Фотима ЖЎРАЕВА:

– Маънавият, одоб, ахлоқни аввало ҳамма ўз оиласидан бош­лаши керак. Қолаверса, фарзанд­ларимиз миясига гўдаклиги­дан буни сингдириб бориш керак… Бир томондан ўша шофёр амакига ҳам раҳмим келди…

«Нега?!» дейсизми? Сабаби, ҳақиқатдан ҳам ҳозирги кунда ўқимай ҳайдовчилик гувоҳномаси олвол­ганлар, истаган жойида тўхтаб, истаган жойида йўлни кесиб ўтувчилар кўпайиб кетган. Тўғрими?

Асаблари ҳам кўтармай қолган бўлса керак… десам, «асаби чидамаса, уйда ўтирсин» дейдиганлар топилади. Лекин, ҳозир нафақат қарияларимиз, балки ёшларимизнинг ҳам асаблари таранг…

Ўзимиздан сўрайлик, ота-она бўлиб охирги марта қачон фарзандларимиз билан дилдан суҳбат қуриб ўтирдик? Фарзанд сифатида ота-онамиз билан-чи?.. Ҳа, бу масаланинг моҳияти, илдизи анча чуқур жойда жойлашган…

 

Манба:« Оила даврасида» газетаси