Япониялик журналистлар Сурхондарё вилоятида

2019-11-26T05:10:45+00:0026 Noyabr, 2019|Умумий янгиликлар|

Мамлакатимизда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларни, сайёҳлик салоҳиятни кенг тарғиб қилиш учун юртимизга келган Япониянинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари Сурхондарё вилоятида бўлди. Журналистлар икки кун давомида қадимий воҳанинг тарихий-археологик, маданий ёдгорликлари ва бошқа диққатга сазовор жойлари билан танишди.

Жорий йилнинг 19 ноябридан буён Тошкент шаҳри, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида меҳмон бўлган кунчиқар давлат журналистлари ишлаб чиқариш корхоналари, миллий ҳунармандчилик анъаналари, тарихий меьморий обидаларни, узоқ ўтмишдан ҳикоя қиладиган музейларни бориб кўрди. Қадимий гўшалар бўйлаб сайр қилди.

Япониялик журналистлар Сурхондарё вилоятидаги ижодий сафарини Термиз туманидаги Султон Саодат меьморий мажмуаси ва Қирққиз тарихий обидаси билан танишишдан бошлади. Жарқўрғон туманидаги осмонўпар минора ва минтақамизда ягона Термиз археология музейи ижодий гуруҳда бой таассурот уйғотди.

Саёҳатнинг иккинчи куни Термиз туманидаги Фаёзтепа ва Қоратепа буддавийлик марказлари Япония ОАВ вакилларидан иборат делегация аъзоларини мафтун этди.

Фаёзтепа эрамизнинг I-VII асрларида буддавийлик монастри вазифасини ўтаган. Бу жойдан топилган ёзув намуналарига кўра, диний марказ “Haya-Vihara” яъни “ Отлилар манастри“, деб аталган. Археологик ёдгорликдан оқтош ва ганчдан ишланган будда ва ботҳисатва ҳайкаллари, деворий суратлар, қадимги ёзувлар, Кушон подшолари номидан зарб этилган танга, ҳунармандлик буюмлари ва бошқа асори-атиқалар топилган.

Қоратепага эрамизнинг I аср ўртасида асос солинган. Мажмуа бундан 91 йил илгари аниқланган. 58 йилдан буён бу ердаги ер усти ва ғорсимон иншоотларда илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Ўзбек-япон экспедицияси таркибида япониялик машҳур археолог олим Като Кюдзо ноёб топилмаларни излаб, топган. Мажмуадан топилган қадимги ёзувларда бу ер “Khadeuka Vixara” яъни, “Ҳукмдор монастири“, деб юритилган.

Ўтмишдаги аждодларнинг ҳаёт тарзи, ҳунармандчилик ривожи ва буддавийлик таълимотидан сўйлайдиган ҳар иккала мажмуа ҳақида меҳмонларга атрофлича маьлумот берилди.

– Ўзбекистонда биринчи марта бўлишим, – дейди Япониядаги “Mainchi shinbun” газетаси ходими Маэтани Хироши. – Гўзал ва мафтункор, турли даврларга оид тарихий обидаларга бой юрт экан. Бизга халқингизнинг меҳмондўстлиги,кўнгли очиқлиги ҳам жуда ёқди. Термиз шаҳрида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, тинч-осуда турмуш ва тарихи жуда узоқ ўтмишга бориб тақаладиган обидалари билан яқиндан танишдик. Ўзбекистон билан Афғонистонни ажратиб турадиган Амударёни кўрдик. Албатта, бу ердан олган таассуротларимизни газетамиз саҳифаларида кенг ёритиб, ватандошларимизни мафтункор бу юрт билан янада яқинроқ таништирамиз.

Бу ерда кун чиқар мамлакат делегацияси ўтмишдан сақланиб қолган археологик ноёб ёдгорликларни ўзгача қизиқиш билан узоқ томоша қилди. Иншоот деворлари, ғорсимон хоналар, будда ступалари, ўша даврдан деворларда сақланиб қолган қадимий ранглар ва бошқа ёдгорликларни тасвирга олиб, суратга туширди. Илк таассуротларини биз ўртоқлашди.

– Сафаримиз жуда сермазмун бўлди, – дейди “Globe Trotter Travel Guidebook” туристик йўлларни кўрсатувчи китобча муҳаррири Хидефуми Кавада. – Биз туристик гидларга мўлжалланган китобча нашр этамиз. Ўзбекистонда сайёҳлар учун қулай муҳит ва жуда-жуда қизиқарли жойлар, тарихий-архелогик, маданий ёдгорликлар ҳақидаги маълумот ҳамда суратларни шу китобчада чоп этиб, юртдошларимиз эътиборига ҳавола қиламиз. Бу ерларда ўтмишдан мерос қолган иншоотларни ўз ҳолича сақлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Чунки японларда реконструкция қилинган ёдгорликларга эмас, балки табиий ҳолда сақланган қадимий иншоотларга жуда катта қизиқиш бор.

Шу куни ижодий гуруҳ Музработ туманидаги Окс Александрияси (Кампиртепа) ёдгорлиги, Термиз шаҳридаги буюк аллома Ҳаким Термизий ва Шеробод туманидаги улуғ муҳаддис Исо Термизий мажмуаларини ҳам ўзгача завқу-шавқ билан томоша қилди.

 

Манба: ЎзА