Виждонистон граждани

2019-11-28T11:30:45+00:0028 Noyabr, 2019|Умумий янгиликлар|

Инсоннинг қадри уни севувчи, унга ихлос қўйган одамларнинг қанчалиги билан белгиланса керак. Орамизда шундай зотлар борки, улар бутун умрини Миллат ва Ватан учун бахшида этишади. Аммо буни иддао қилмайди. Улуғ хизматларини шунчаки кундалик вазифа деб бажарадилар. Улар дунйодан ўтганда миллатнинг бир кемтиги пайдо бўлганини англаймиз, қилган хизматларининг нақадар улкан эканини сезиб қоламиз. Шундай инсонлардан бири ўзбек адабиёти ва журналистикасининг фидойиси Маҳмуд Саъдий шу йилнинг 23-ноябр куни ёруғ оламни тарк этди. Унинг ортидан ўзи билган-билмаган, таниган-танимаган минглаб шогирдлар қолди. Устознинг меҳнатлари ўзбек халқи­нинг маънавий ҳаётида қанчалик чуқур ўрин тутганини у етиштирган шогирдларнинг жамиятимизнинг турли жабҳаларида амалга ошираётган ишларида ҳам кўриш мумкин. Сўнгги йилларда Маҳмуд Саъдий “Маърифат” газетасининг “Адабиёт, санъат, маданият, касаба уюшмалари янгиликлари” бўлими муҳаррири вазифасида фаолият юритди. Неча-неча ёш ижодкорларни тетапоя қилдирган “Маърифат” маҳорат мактаби”га асос солди. Бугун Устознинг тарбиясини олган журналистлар, адиблар ва педагоглар ўз ижоди ва меҳнати билан унинг номига раҳматлар ёғдирмоқда. Буюк олим ва журналист, устоз Маҳмуд Саъдий йоди ва сабоқлари кўнглимизнинг энг чуқур еридан жой олажак!

Исажон СУЛТОН, ёзувчи:
— Ҳазрати инсон Ҳақ раҳматига қовушди. Кичик кўнгил, лекин улуғ инсон эди. Ҳар доим ҳамма ҳақида ҳақ сўзни айтарди, бироқ у кишининг фазилатлари ҳақида сўз айта оладиган киши кам. Уни мен “найман оғам” деб ардоқлардим. Ўзи кўрмаган минглаб шогирдлари бор эди. Катта олим эди, аммо олимлик гувоҳномаси йўқ эди. Адиб-мунаққид эди, бироқ камтарлик билан “ГАЗEТЧИман”, дерди. Бағри осмондан, марҳамати ер юзидан кенг устоз эди.

Наргис ҚОСИМОВА, филология фанлари номзоди, доцент, журналист:
— Маҳмуд Саъдий домла кўплаб журналистларнинг устози, қалами ўткир, тили аччиқ бўлса-да, барчанинг меҳри ва ҳурматига сазовор ИНСОН эди. Менинг илмий ишимни охиригача олиб боришга сабабчи бўлган, уни таҳрир қилиб, диссертация ҳимоясида мени ҳимоя қилган ягона одам Маҳмуд ака эди. Ҳамма вилоятликларни “жонтоқ” деб аташларининг ўзида қанча меҳр бор эди.

Азиза БОЙМУРОДОВА, ўқитув­чи:
— Маҳмуд Саъдий домланинг камтаринлиги, олижаноблиги, ҳақиқатпарварлиги, таълим-тарбия учун ниҳоятда жон куйдириб сўз юритишини “Маърифат” газетасида берилган суҳбатлари, мақолалари орқали кўпчилик яхши билади. Таҳририятга борганимда суҳбатларини олганман. Меҳр, одамийлик, орият тўғрисида тўлқинланиб гапирганлари йодимда. Бундай инсонлар ҳеч қачон ўлмайдилар, юракларда яшайдилар.

Ҳусан МАҚСУД, Олий адабиёт курси магистранти:
— Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида мумтоз адабиёт, матншунослик ва манбашунослик масалаларига бағишланган бир журнал ташкил қилинадиган бўлди. Ректор ташаб­буси билан ташкил этилаётган мазкур журналнинг номи ва рукнлари­дан низомларини тайёрлашгача Маҳмуд Саъдий ва у кишининг шогирди Каромат Муллахўжаева жонбозлик кўрсатди. Шу жараёнларга бахтли тасодиф туфайли мен ҳам қўшилиб қолдим. Ҳафта-ўн кунда университетда журнал масаласида ёзди-чизди қиламиз, ректор хонасида кичикроқ мажлис қилиб оламиз.

Домланинг икки йил филология факултети бакалаврларига “матн таҳрири” фанидан маърузаларига кирганман. Бирда ўзлари “Кир” деб қолади, бирда ўзим “Дарсингизга кирай”, деб сумкасини қўлтиқлаб изидан эргашаман. Ҳамма гуруҳга ўтган биринчи дарси бир мавзу билан бошланади: “Муҳаррир виждони”. Одатда илк дарс фаннинг предмети, мақсад-вазифалари, ўрганиш обекти деган нарсалар билан бошланарди. Лекин Саъдий домла дарсликдаги қолиплардан воз кечиб, асосий муддаодан бошларди: домла учун фаннинг (аслида ҳаёт(и)нинг) предмети, мақсад-вазифаси, обекти виждон эди. Олий адабиёт курсининг 1-курсида эканимизда ҳам дарсни айнан “Виждон” мавзусидан бошлаган.

Ўзи бир умр виждонга суяниб, унга “орқа” қилиб яшади. Домла бир умр буйруқ бериб, ходимларни ишлатадиган рутбада эмас, буйруқ олиб, нафи тегадиган қора хизматни қилиб ўтди. Бошқа ҳамкасб­лари хафа бўлмайди, деган умид билан айтаманки, газета-ю журналларни туртиб, уйғотиб, етаклаб, тортиб юрарди. Қалами бор катта-ю кичик борки, уларни топиб бир мавзу бериб мақола ундирарди. Ҳар ёзиб келганингизда батафсил гаплашади, фикрларини айтади, йўл-йўриқ кўрсатади.

Университет журналида ишлаганимизда, Саъдий домла, адашмасам, бир йилча бир тийин маош олмай ишлади, ҳатто дарслари­нинг иш ҳақини ҳам 4-5 ойлаб кеч олганига гувоҳман. Ҳа, Саъдий домла иш бошлашидан олдин қанча ойлик бор, вақтида берадими, пластикми-нақдми, мукофот, ёрдам пули борми, деб ўтирмасди. Ишни бошлаб, бировга озор бермай ишлаб юрарди…

Худо Саъдий домлани умрининг охи­ригача оёқда тик тутиб, ўзи севган касби орқасидан елиб-югуртирди. Бир умр виждонли бўлишга шогирдларини ҳам ўргатди. Ўзи журналист бўлмаса-да, турли соҳаларда илм қилиб юрган юзлаб ёш олимларни (ҳозир улар катта олим, профессор даражасига етишган) мақола ёзишга ўргатган. Ҳатто бир нуфузли университет ректорининг “Маҳмуд ака бизни одам қилган, мақола ёзишни ўргатган устозим бўлади, отамдек қадрдон одам” дегани­га гувоҳман. Саъдий домла ўзи истаган бир мамлакатнинг якка-ю яго­на граждани (домла “фуқаро” сўзини ёмон кўрарди) эди:
ВИЖДОНИСТОН ГРАЖ­ДАНИ.

Дилрабо КEЛДИЁР қизи:
— Маҳмуд Саъдий билан 2009-йилда у киши “Филология масалалари” журнали­да ишлаган кезлари танишганман. Бирор жойда ноёб китоблар сотилса, менга ҳам қўнғироқ қилиб айтарди. Доим бўлмаса ҳам ўша китоблардан харид қилгани устоз билан борганман. Кўпинча Каромат опа Муллахўжаева ҳам ҳамроҳ бўлган. Бир куни қўнғироқ қилиб, “Испан Дилрабога бир топшириқ бор, эртага келасизми, дарсларимда сизни кўрмаяпман”, деди (докторантурада бизга “Таҳрир санъати”дан сабоқ берарди). Эртасига бордим. Қачондир испанчадан рус тилига ўгирилган бир ҳикоя­ни ўқиганларини ва ўша ҳикояни топиб таржима қилиб келишни топширдилар. На муаллифи маълум ва на ҳикоя номи! Қаердан топаман, бошим қотган. Испан тили кафедрасидан Алваро Маркос исмли мутахассис орқали топиб таржима қилганман. “Бу дунйода сендан қоладигани — таржима, испан адабиёти — очилмаган қўриқ. Бирорта таржимон йўқ, Шавкат Раҳмон ҳам ўтиб кетди. Таржима билан шуғуллан”, деб айтардилар. Маҳмуд Саъдий даъватлари билан испанчадан уч-тўртта кичик таржималар қилдим. Аммо улар устида Устоз билан ишлаш имконим бўлмади. “Испан Дилрабо”ни “Дангаса Дилрабо”га ўзгартириб қўйиш керак”, деб қўярди. УСТОЗ деганда, энг аввало, Маҳмуд Саъдий кўз олдимга келади.

Чарос ЁҚУБОВА:
— Охирги бир йил у киши билан бирга ишладим. Маҳмуд Саъдий домла тош солгандек оғир қора рангли сумкасини кўтарганча ишга келарди. Шамоллаб, қаттиқ йўтал тутиб қолган вақтларда ҳам “Талабаларга бугун дарсим бор эди, ўтиб олдим”, деб таҳририятга кириб келарди. “Устоз, нима зарил, дамингизни олинг, даволанинг”, дердим. Қайда, газетага материалларни “запас” қилиб қўймагунча даволанишга кетмасди… Устоз кекса эди, чарчаганди, ўтган йили жуда кўп ишлади. Ҳам университетда, ҳам газетада, қолаверса, шогирдларининг илмий ишларини ҳам кўриб берарди. Устозга ихлосим баланд эди, шу кунларда кўриб келсам, деб юргандим. Шарта бориб кўрмаганимга афсусланяпман, жуда ҳам… Ҳатто сўнгги йўлга кетишда ҳам устоз сабоқ бериб кетди. Энди кўргим келган инсонлар олдига боришни ортга сурмайман. “Сен менга ўхшайсан”, дерди устоз. Устоз тақдиримизни ўхшатар эди, соҳаси бўйича босиб ўтган йўлини айтиб чарчамасди, мен ҳам қайта-қай­та эшитаверардим, ҳозир яна эшитгим келяпти. Аммо феъли­миз ҳам ўхшаб кетарди, болафеъллигимиз. Баъзида сўз устида тортишиб қолардик. “Сен менинг дўстимсан, уришиб қолсак, сендан хафа бўламан”, дер эди ёш боладек.

Устоз қаттиққўл эди.

Устоз болафеъл эди.

Устоз соҳасининг энг яхшиси эди.

Устоз автобус, метрода юрарди.

Устоз буюк журналист ва

ОДДИЙ ИНСОН эди…

Суҳроб ЗИЁ:
— Саъдий домла ижодкор қандай яшашини, қандай курашишини исботлаган шахс эди. На мансаб, на шон-шуҳратга интилди. “Қуллик психологияси” ҳақида ёзишни тақиқлашгани учун диссертацияни ҳам ташлаб кетганини айтганди. Кўнглидаги ҳақиқатдан бошқасини тилга олмаган, у ҳақиқат бошига бало бўлса ҳам, принципидан оғишмайдиган ШАХС­ларнинг, эҳтимол, ижод аҳли орасидаги охиргиси эди. Шундай, ҳаммаси шундай. Вазир билан судлашганда ҳам матбуот учун шу кураш кераклигини билгани учун ўзини четга олмади. Бу журналистикамизнинг янги даври учун илк қадам эди. Бу “мана, мен бошладим”, дегани эди. “Яхшилик жазосиз қолмайди” дегани бир умр­нинг ўзига хос иқрори бўлса керак. Қанча-қан­ча “жонтоқ”-у “жонқовул”лар ҳаммаси шу инсоннинг соясида ижод ва ҳаётдан дарс олган. Адабиётнинг қора меҳнатига ўзини бағишлаган устоз ҳақида мен эшитган энг мос таъриф — “таҳрир санъати­нинг сўнгги могикани”. Сўз хор бўлаётган, ифлос тилларда топталаётган, нечовлон ижодкорман деб раҳбарларга ялоқхўрлик учун адабиётни қурбон қилаётган, машиналар миниб, уйлар олаётган шундай замонда яна битта устуннинг қулаши қанчалик оғирлигини англаяпмизми? “Сўнгги могикан” ҳам кетгани, аҳволи­мизни тафтиш қиладиган, ёшларни тергаб йўлга соладиган УСТОЗ энди йўқлигини тасаввур қилолмаяпман. Қайсидир раҳбарнинг адабиёт, журналистика, умуман, зиёлилар давраси билан таниш-танишмаслиги МАҲМУД САъДИЙни билиш-билмаслигига боғлиқ. Чунки у узо-оқдан кўринмайди. У адабий жараён­нинг ортида туради. Ким­нинг қандай ёзгани, қандай хато қилгани, сўзи ва ўзи бирлиги, қачондан бошлаб йўлдан оға бошлаганини Саъдий домла биларди. Ўшаларга ўхшаб қолмасликни уқтирарди.
Аммо адабиёт ҳақида гап кетганда ўзига душманлик қилган одамнинг ҳам яхши асари бўлса, албатта, эътироф этарди: “бор гапни айтиш керак”. Бу бугунги адабиётнинг, журналистиканинг концепцияси: БОР ГАПНИ АЙТИШ КEРАК! Ўзингнинг бошингга бало бўлса ҳам, ҳамма ёмон кўрса ҳам, бор гапни айтиш керак… Энди бор гапни ким айтади? Ким Саъдий бўлади? Устоз тарбиялаган юзлаб, минглаб шогирдлар зиммасида ана шу масъулият — ҳақиқатни айтиш масъулияти турибди. Бу масъулиятни бажариш ҳаммамизга насиб этсин!

 Манба:« Маърифат» газетаси