Виждон уйғоқ бўлса…

2019-08-12T11:49:19+00:0018 Iyul, 2019|Умумий янгиликлар|

“Плагиат, кўчирмачилик ва оқибат” мақоласида Hurriyat» газетаси, 2019 йил 19 июнь) журналист Бозор Илёс ал-АМИН жуда долзарб мавзуни қаламга олибди.

Бозор аканинг куйинчаклик билан ёзган мақоласини ўқиб, мен ҳам бошимдан ўтган баъзи воқеаларни эсладим. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари, аниқроғи, 1993 йили бир ҳажвиямни (буни менга 1968 йили танишим Раҳматулла ака Ташанов айтиб берган эди) «Зарафшон» газетасига олиб бордим.

– Икки-уч ой кутасиз, – деди бўлим мудири Иса Абдураҳмон, бир даста қоғозга ишора қилиб. – Иккита қисса, олтита ҳикоя бор. Шулардан кейин сизга навбат келади.

Сабрим чидамади. Ҳажвиямни марказий нашрлардан бирига жўнатдим.

Олтинчи синфда ўқийдиган қизим Дилшода: «Дада, ҳажвиянгиз чиқибди, – деб қолди бир куни қўлимга янги газетани тутқазар экан. – Фақат имзоси бошқа-ку. Тушунмадим».

Дарҳақиқат, ҳажвия меники-ю, «эгаси» номаълум бир «ижодкор» эди. Буни қарангки, орадан ҳафта – ўн кун ўтар-ўтмас чиқиб кетибди.

Фақат бир-икки жумла ўзгартирилибди, холос.

Мен ҳажвияни Иса акага олиб бордим.

– Бунақа чигал ишлар барча замонларда бўлган, бундан кейин ҳам бўлаверади,- деди у киши.

Иккинчи ҳолат.

Мактабимиз буфетида ишлаб юрган кезларим Толлибой Холдор қандай янги нарса ёзса, менга кўрсатар эди. «Ювилган дўппи»деган ҳажвия ёзган экан. Ўқиб берди.

– Зўр-ку! – дедим мен.

Иккаламиз почтага бориб, ҳажвияни хатжилдга солиб, Тошкентдаги нашрлардан бирига жўнатдик. Орадан анча вақт ўтди. Бир куни ишдан қайтаётсам, ортимдан Толлибой чақириб қолди.

– Чиқибди, – деди у ёнимга келгач, жилмайиб. Унинг қўлидан журнални олиб, ҳажвияни ўқидим. Бирон нуқтаси ўзгармаган. Аммо ҳажвия тагидаги имзо бегона эди.

– Нимага хурсанд бўласан, ҳажвияга бошқа одам исмини қўйибди-ку!

– Яхши нарса бўлса, чиқаркан-ку! – деди у ўша ҳаяжон билан. Толлибой асрнинг журналда чоп этилганидан хурсанд эди.

Учинчи ҳолат.

«Зарафшон» нашриётида ишлардим. Бир профессор қўлёзмасини олиб келди.

Варақлаб кўрсам, вилоятимиз газетасидан ўзига маъқул ўттизга яқин мақолани саралаб олиб, бинойидай китоб қилибди. Орасида менинг ҳам беш-олтита мақолам бор.

– Домла, бу ердаги мақолаларнинг муаллифлари бошқа эди-ку. Сиз барчасини ўзингизники қилиб олибсиз. Бу – плагиатлик. Нега бундай қилдингиз? – дедим жаҳлим чиқиб.

– Бизникиям бир ҳавас-да, ука, – деди у пинагини бузмай.

Ана холос, ҳавас эмиш.

-Ҳавас бошқа, иш бошқа. Бу – қип-қизил кўчирмакашлик, ўғрилик-ку!..

“Домла”нинг парвойига ҳам келмади. Аксинча, ўзимнинг асабим бузилгани қолди.

Китоб чиқариш ҳикоя ёки у ер, бу ердан кўчириб, роман ёзиш шунчалик эрмакка айланиб кетдими, дейман ўзимча. Ёки Иса Абдураҳмон айтмоқчи: бунақалар аввал ҳам, бундай кейин ҳам бўлаверадими? Уят, виждон, қонун деган тушунчалар қаерда қолади унда!

Ҳа, муаллифлик ҳуқуқи бўйича қонун бор. Бундай ҳолатларни бартарф этиш учун кучли назорат ўрнатиш керак, шекилли.

Таклифим: плагиатлик қилган “ижодкор”га қаттиқ чора кўрилиши керак. Токи, у қилмиши учун “бу ҳавас-да” деб тиржайиб юрмай, тегишли жазосини олсин!

Ўринбой НОРМАТОВ