Виртуал олам: мусбатдан манфийга

2019-08-12T12:03:11+00:007 Fevral, 2019|Ҳафта мақоласи|

Венесуэладаги ҳозирги ҳолат дунёни яна иккига ажратиб юбормоқда. Буни қуйидаги диаграммадан ҳам кўришингиз мумкин:

Аммо асосий масала бу эмас. Венесуэладаги воқеаларни кузатаётган оддий одамлар буларнинг барчаси табиий равишда рўй бераяпти, деб ўйлаётган бўлса не ажаб. Бироқ мустақил бир давлатда халқ томонидан сайланган президентга қарши очиқча саботаж уюштирилиб, парламент раҳбари ўзини президент вазифасини бажарувчи, деб эълон қилиши, бунинг оқибатида халқ иккига бўлиниб, мамлакатда нотинчлик рўй бераётгани ўз-ўзидан содир бўлмаяпти. Мазкур жараёнлар пухта ўйланган тадбирлар туфайли келиб чиқмоқдаки, мазкур мақолада ушбу «спектакль»ни ташкиллаштиришда қўлланилаётган айрим усулларга эътиборингизни қаратмоқчиман.

Венесуэлада нима бўляпти ўзи?

2018 йил мамлакат Президентлигига ўтказилган сайловларда амалдаги президент Николас Мадуро 67,79 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Россия ва Хитой билан яқин алоқадалиги учун у минтақадаги йирик кучлар томонидан хуш кўрилмас эди. Нега бир кичик мамлакат раҳбарининг сиёсий позицияси катта кучларни безовта қилади, деган саволга эса қуйида келтирилаётган диаграммага назар ташланса, жавоб ойдинлашади:

Кўриб турганингиздек, Венесуэла жаҳон иқтисодиётини ўзгартириб юбориши мумкин бўлган энг катта товар – нефть захираси бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллайди. Табиийки, бундай мамлакатнинг сиёсатини белгиловчи шахс ким бўлиши катта давлатлар учун муҳимдир.

Сайлов жараёнида Мадурога нисбатан туҳмат уюштирилгани, уни жамоатчилик назарида обрўсизлантиришга уринишгани, ҳатто, ҳаётига қасд қилингани мамлакат оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилган. Буларнинг ортидан бирор натижага эришолмаган кучлар ушбу сайловда ҳатто қатнашмаган, аммо ўзини мухолифат етакчиси санаган Хуан Гуайдони халқаро ҳуқуқ нормалари ҳамда БМТ уставига зид бир шаклда ҳокимият тепасига келтиришга урина бошлашди.

Албатта, энг асосийси, Хуан Гуайдони қўллаб-қувватловчиларни топиш, уларни сотиб олиш учун каттагина маб­лағ зарур. Ўзларини дунё сиёсатининг хожаси, деб биладиган кучлар учун бу пул миқдорининг аҳамияти йўқ. Чунки дунёдаги энг йирик халқаро валютанинг банкноталарини босиш ҳуқуқи айнан уларнинг қўлида-ку, ахир.

Шунга қарамай, бутун бир халқни сотиб олиш имконсиз. Венесуэлалик­лар қизиққон бўлса-да, шуурсиз эмас. Шу сабабли ҳам «буюртмачилар» катта пул эвазига уч-тўрт минг кишини ўз томонларига оғдириб, кейинчалик улар орқали халқнинг асосий қисмини ўз танловидан воз кечтиришга эришишни кўзлагани аниқ. Мана шу нуқтада бир жиҳатга эътибор беринг – йиллардирки, Венесуэла президенти Николас Мадуронинг фейсбукдаги саҳифаси верификациядан ўтганига қарамасдан, ушбу жараёнлар бошланиши билан фейсбук унинг саҳифасидан верификация белгисини олиб қўйди. Бу белги сал ўтмай, ўзини Президент вазифасини бажарувчи деб эълон қилган Хуан Гуайдо саҳифасида пайдо бўлиб қолганига нима дейсиз?! Қизиқ-а? Ўзини фақат тижорат компанияси ўлароқ танитаётган ва қайта-қайта бизнинг сиёсатга алоқамиз йўқ, деяётган компания нега сиёсий жараёнларга таъсир ўтказувчи қадамни қўйди? Айтилмаса ҳам англашиладиган ҳақиқатга кенгроқ тўхталиш шартмас менимча…

Айнан ана шу ҳолат ушбу мақолани ёзишимга туртки бўлди. Яъни, мени бир савол қийнади: Худонинг ўзи асрасину, давлатимиз бошига ҳам шундай синов тушса, бундай вазиятда Фейсбук ва бошқа ижтимоий тармоқларда вақт ўтказаётган ўзбекистонликларни қандай бирлаштириш мумкин? Халқ ва омма фикрини шакллантирувчи миллий механизмлар борми? Венесуэладаги нотинчликларни келтириб чиқарган омиллар, юқорида айтиб ўтганимиз, Фейсбук билан юз берган ҳолат кўрсатмоқдаки, ташқи кучлар ўз манфаатлари йўлида исталган усулдан фойдаланишдан тап тортмайди.

Биздаги ҳолат

Бугун деярли барча давлат органлари ва уларнинг раҳбарлари ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларига, айримлари эса Телеграмда каналларига эга. Фейсбукда ҳатто Олий Мажлис депутатларидан тортиб, Бош вазир ўринбосарларининг ҳам саҳифаларини учратиш мумкин. Президент Мирзиёев томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсатининг талаби ўлароқ, очилган мазкур саҳифалар амалдорларнинг халқ билан яқинлашувида муҳим аҳамиятга эга.

Оддий аҳоли раҳбарлар билан очиқча мулоқот қила олиш, ўзларини қизиқтирган маълумот ёки қийнаётган муаммони ечишда ёрдам сўраш, мурожаат қилиш имкониятига эга бўлиши шарт. Қолаверса,  жамоатчилик назоратини ўрнатишда, жамоатчилик фикрини ўрганишда бу муҳим ва керакли инструмент. Бугун дунё миқёсида ижтимоий муносабатлар ва жамоатчилик назорати ўрнатилишида ижтимоий тармоқларнинг ўрни ошиб бормоқда. Бу ҳақиқат. Аммо фойдаланаётганимиз бу платформалар кимники? Бу майдон кимники?

Бир мисол келтираман (асранганни Худо асрайди): ҳозир телеграмда канал юритиш урф бўлган. Биргина диний тарғибот соҳасини олайлик. Бугун ўзбек тилида фаолият юритувчи мингдан зиёд диний телеграм каналлари мавжуд. Шулардан 38 фоизи бизнинг мазҳабимиз ва диний қарашларимизга мос, қисқа қилиб айт­ганда радикал бўлмаган каналлар. 44 фоизи эса радикал ва экстремистик каналлар. 18 фоизи эса коммерциялашган, яъни диний маълумотлар тақдим этиш эвазига аудитория йиғиб, шу орқали рек­лама фаолияти билан шуғулланувчи каналлардир. Яъники, ўзбекча айтганда, диндан фойдаланиб пул топувчи каналлар. Кўпчилик мутахассислар бу каналларни на фойдали ва на зарарли, деб баҳоласа-да, шахсан мен уларни зарарли каналлар деб ҳисоблайман.

Биз ҳозир ижтимоий тармоқнинг бир кўриниши бўлган телеграм ҳақида гапиряпмиз. Халқаро таҳлил институтлари маълумотига кўра, Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган ИШИД экстремистик ташкилоти сафига ёлланганларнинг 81 фоизи онлайн, яъни Интернет орқали байъат келтиргани ижтимоий тармоқлар кучини жиддий қабул қилиш кераклигини кўрсатади. Мана ҳозирги ҳолатимиз: 38 фоизга қарши 62 фоиз. Яъни радикал гуруҳлар Телеграм каналлари сон жиҳатидан биздан шундоқ ҳам устунликка эга. Энди тасаввур қилинг: бир кунда шу 38 фоиз ҳам блокланиб қолса нима бўлади?

Яна бир мисол: дейлик фейсбук тармоғида Ўзбекистон Марказий банки ва Валюта биржаси саҳифаларида айни онда эртадан Ўзбекистон сўми икки баробар қадрсизланиши кутилаётгани ва фуқароларга ўз нақд пулларини тезлик билан ярим кун давомида чет эл валютасига алмаштириш тавсия этилади, қабилидаги маълумот эълон қилинса, нима бўлади? Юз минглаб одамларнинг эрталабдан банк олдида тўпланишини, тўс-тўполон вужудга келишини, токи давлат ўз телеканаллари ва газеталари орқали бу хабарнинг фэйк (ёлғон) эканини аҳолига етказгунига қадар нималар содир бўлишини, бу сохта хабар бўлгани айтилгани тақдирда ҳам, бекорга бу маълумот чиқмаган деб бор будини валютага алмаштириб қўяман, деб аҳдидан қайтмаслар ҳаракатлари нималарга олиб келади? Биржа катировкалари ва банк тизимига бир кунда қанча зарар келтирилади, биласизми? Давлат камида триллион сўм зарар кўради. Бунақаси бўлмайди дегувчиларга эса бир ҳақиқатни эслатиб ўтмоқчиман: исталган электрон тизим унинг эгалари қандай хоҳласа, ўшандай ишлайди.

Николас Мадуронинг фейсбукдаги саҳифаси билан боғлиқ юқоридаги ҳолат бунинг кичик исботларидан бири, холос. Яна бир даҳшатли мисол: биз бугун интернетни ер орқали бошқа мамлакатдан олиб келамиз. Ўзбекистондаги тўлов тизимларининг барчаси интернет билан боғлиқ бўлгани ҳолда, учинчи мамлакат интернетни бир кунга ўчириб қўйса, нима бўлади, тасаввур қилоламизми?

Мулоқот.уз, Давра.уз каби миллий лойиҳалар нега ривожланмай қолиб кетганлигининг объектив ва субъектив сабаблари кўп. Лекин, кўриниб турган ҳақиқат шуки, бугун миллий электрон тизимлар, майдонлар, энг асосийси, бош­қа давлат чегарасидан кириб келмаган Интернет тизими керак.

Афсуски, бугун зўр фойдаланяпмиз дея ўзимизни овутаётганимиз фейсбук тармоғидаги ҳолатимиз анча ачинарли. Биргина мисол келтираман: фейсбукда — «Халқ билан мулоқот» деган гуруҳ бор. Бу гуруҳга назар ташласангиз аксарият ҳолларда верификациядан ўтмаган сохта профиллар орқали шахсларни обрўсизлантириш ёки сиёсий ислоҳотларга нисбатан ишончсизлик уйғотишга йўналтирилган постлар қўйилган ҳолатлари учраб туради. Албатта, эркин фикр билдириш ҳуқуқи қонунда белгиланган ва таъминланган. Бу гуруҳ ҳам худди шунинг учун ташкил этилган. Аммо бу сохта профиллар, троллар учун майдон дегани эмас-ку?!

Президент Мирзиёев мамлакатда шунча ижтимоий муаммолар турган вақтда нега фазода ўз сунъий йўлдошимиз бўлиши кераклигини айтаётганининг моҳиятини энди тушунаётгандирсиз — Интернет, кибер қарамликка барҳам бериш учун; Интернетга қайсидир давлат орқали эмас, тўғридан-тўғри уланиш учун. Яъники, ўзимиз англаб етмаганимиз, ҳис қилмаганимиз кибер қарамликка барҳам бериш учун керак бу.

Биз кибер қарам эмасмиз, дея оғзимизга уришга, бу ҳақиқатни тан олмасликка ҳаракат қилувчи «маънавият яловбардорлари»га эса бир маълумот келтириб ўтамиз: миллий маънавий тарғибот Телеграм каналларининг сони 2018 йил декабрь ҳолатига тахминан 156 та, ўзбек тилидаги порнографик каналлар сони 400 дан зиёд. Хулоса ўзингиздан.

Саид-Абдулазиз Юсупов