Вилоят ҳокими журналистлар билан матбуот анжумани ўтказди

2020-01-10T06:12:11+00:0010 Yanvar, 2020|Навоий вил.|

Юртимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг асосий жиҳатларидан бири давлат бошқарув органлари фаолиятининг шаффолигини таъминлаш ҳамда масъулларнинг халқ олдидаги ҳисобдорлигини ошириш билан боғлиқ.

Бугунги кунда давлат идораларнинг оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорлик олиб боришга интилиши кучайганлигини айни шу талаб билан изоҳлаш мумкин. Аслида очиқ сиёсат юритиш, бюджет маблағларини тегишли соҳаларга йўналтириш жараёнлари билан аҳолини таништириб бориш ҳамда бевосита бу жараёнда уларнинг талаб ва истакларини ҳисобга олишни даврнинг ўзи тақозо этиб турибди.

Айни шу жиҳатлардан келиб чиқиб, вилоят ҳокими Қобул Турсунов маҳаллий ҳамда республика ОАВ вакиллари, блогерлар билан учрашиб, 2019 йилда вилоятда амалга оширилган ишлар ҳамда келгусида режалаштирилаётган вазифалар хусусида ахборот берди.

Қайд этиш лозим, Навоий вилояти мамлакатимизнинг салоҳиятли саноат минтақаси саналади. Шу билан бирга мазкур ҳудудда кичик бизнес, ижтимоий соҳалар ва илм-фан тараққий этиб бормоқда. Хусусан, вилоятда тадбиркорлик субъектлари сони йилдан йилга ортиб бормоқда. 2019 йил давомида янгидан ташкил этилган кичик бизнес субъектлари сони 7129 тани ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан беш баробарга, 2018 йилга нисбатан эса тўрт баробарга оширишга эришилди.

Вилоят бугунги кунда, аҳоли жон бошига Ялпи ҳудудий маҳсулот, саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмлари бўйича Республикада биринчи ўринни, қурилиш ишлари, кўрсатилган хизматлар ҳажми ва чакана савдо айланмаси бўйича иккинчи ўринни, маҳсулот ва хизматлар экспорти бўйича учинчи ўринни эгаллаб турибди.

Дастурлар доирасида сўнгги уч йилда, умумий қиймати 7,9 трлн.сўм миқдоридаги маблағларни ўзлаштириш ҳисобига 2 678 та лойиҳалар амалга оширилиб, 17 мингта янги иш ўринлари яратилди.

Аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида, барча дастурлар доирасида ўтган йилларда 155 та боғча, 111 та мактаб, 57 та тиббиёт муассасалари, 54 та маҳалла гузарларида қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилиб, фойдаланишга топширилди.

Вилоят ўқувчиларининг олий таълимга кириш рейтинги бўйича мамлакат миқёсида иккинчи ўринни забт этди. Бешта шаҳар, туман эса мамлакат бўйича бу борада кучли ўнталикда турибди.

Шу билан бир қаторда вилоятга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмини ошириш мақсадида ўтган йилда вилоятда иккита йирик инвестицион форумлар ўтказилди ва натижада 270 млн.доллардан ортиқ лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди.

Хорижий инвесторларга яратилаётган имкониятлар натижасида хорижий инвесторлар иштирокидаги корхоналар сони 2018 йилнинг 1 январига нисбатан 3,5 баробарга ошди ва 214 тани ташкил этмоқда.

2017 йилда фуқаролар томонидан 20 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлса, 2019 йилга келиб уларнинг сони уч баробарга камайиб, 7 мингтани ташкил этмоқда. Сабаби, жойлардаги масъуллар аҳоли билан бевосита учрашиб, турли муаммоларни жойида ҳал этишмоқда.

2020 йил раҳбарлар учун жуда оғир йил бўлади, – деди вилоят ҳокими. – Сабаби жойлардаги муаммоларни тизимли ҳал қилиш лозим. Вилоят ва туман кесимида ишлаб чиқилган ҳар бир дастур бевосита халқ манфаатига хизмат қилиши даркор.

Қ.Турсунов маҳаллий бюджетнинг ортиб қолган қисмидан амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталди. Хусусан, 2017 йилда маҳаллий бюджет ихтиёрида қолган эркин маблағлар бор-йўғи 11 млрд.сўмни ташкил этган бўлса, 2018 йилда 341 млрд.сўмни, 2019 йилда келиб мазкур кўрсаткич 600 млрд.сўмдан ортиб, 2017 йилга нисбатан 55 баробарга ортганлиги, аҳолини қийнаб келаётган кўп йиллик тўпланиб қолган муаммоларнинг ижобий ечимини топишини таъминлади. Ушбу маблағлар эса бевосита тегишли ҳудудларда ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, давлат дастурлари ижроси, аҳоли яшаш шарт-шароитларини яхшилашга йўналтирилмоқда.

Очиқ мулоқотда вилоят ҳокимига “Кun.uz” веб-сайти, “Севимли” телеканали, “Халқ сўзи”, “Правда востока”, “Дўстлик байроғи ва “Знамя дружбы” газеталари таҳририяти, “Хатирчи ҳаёти”, “Кармана овози”, “Навоий зиёси” ҳамда бошқа ОАВ вакилларидан турли саволлар берилди.

  • Вилоят раҳбари сифатида ҳудудга инвесторларни жалб қилиш юзасидан бир қатор мамлакатларда бўлдингиз ҳамда кўплаб чет эллик тадбиркорлар вилоятимизга ташриф буюрмоқда. Мулоқотлар жараёнида давлат манфаатлари нуқтаи назаридан қандай музокаралар олиб борилаяпти, – дея савол берди вилоят ҳокимига “Халқ сўзи” газетаси мухбири Темур Эшбоев.
  • Уч йил аввал вилоят ҳокимлари чет элликлар билан деярли учрашмасди, – деди Қ.Турсунов. – Ўтган йилнинг ўзида инвесторлар билан 300 дан ортиқ музокара ўтказдик. Натижада Эрон, АҚШ, Хитой ва бошқа мамлакатлар тадбиркорлари билан бир қатор қўшма корхоналар ташкил этилиб, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар киритилди. Бу борада ҳозир қизғин иш олиб бораяпмиз. Жорий йилда бундан-да салмоқли ишларни амалга оширишни режалаштирганмиз.
  • Вилоятда бугунги кунда юз нафарга яқин ёшлар IT-соҳасининг етук кадрлари сифатида ойига ўртача 10 миллион сўм даромад олиб ишламоқда, – дея фикр билдирди “Сенсорика” МЧЖ раҳбари Норбек Арзиев. – Улар орасида дунёга машҳур “Aplle”, “Yandex” каби йирик компаниялар буюртмаларини бажариб берадиган “фрелансерлар” – бевосита уйида ўтириб ишлайдиганлар ҳам бор. Мана шу соҳага катта эътибор қаратиш, керак бўлса шу соҳани фан сифатида мактаб таълимига киритиш таклифини бермоқчиман. IT-соҳасида бизнинг корхона ҳам салмоқли ишларни бажармоқда. Бутун Навоий шаҳрида интернет – “wi-fi” ҳудудини ташкил этмоқдамиз. Бунинг учун Инновациялар вазирлигининг бир миллиард сўмлик грантини ютиб олганмиз. Латвия давлатидан тегишли технологияларни олиб келиш ишлари давом этаяпти.
  • Давлатимиз Раҳбари 2019 йил 28 декабрь куни вилоятимизга ташрифлари давомида вилоятда 20 қаватли IT-парк ташкил этиш топшириғини берганлар, – деди мазкур таклифга жавобан вилоят ҳокими Қ.Турсунов. – Ҳозир ушбу объектни барпо этиш бўйича жой тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Агар мазкур парк фаолияти йўлга қўйилса, вилоятдаги IT-соҳасига қизиқувчи юзлаб ёшларни шу ерга жамлаймиз ва бевосита иш билан ҳам таъминлаймиз.

Матбуот анжуманида вилоятдаги босма нашрларнинг иқтисодий аҳволи масаласи ҳам ўртага ташланди. Шунингдек, мазкур йўналишда келгусида белгиланган ишлар маълум қилинди.

Очиқ мулоқот якунида вилоят ҳокими барча журналистларга анжуманда иштирок этгани учун миннатдорчилик билдирди ҳамда уларнинг келгусидаги фаолиятига муваффақиятлар тилади.

Шунингдек, журналистлар томонидан билдирилган таклифлар бир овоздан маъқулланди.

Анжуман сўнггида вилоят ҳокими ва журналистлар ўртасида доимий учрашувлар ташкил этишга келишиб олинди.

Отабек АСЛОНОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий

уюшмаси Навоий вилояти бўлими раиси.