Ватанпарварлик мавзусида ёзиш ҳам масъулиятли, ҳам завқли

2019-01-10T10:36:59+00:0010 Yanvar, 2019|Умумий янгиликлар, Янгиликлар|

Афсуски, бу мавзуда мароқ билан ўқийдиган мақола кам. Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги ҳарбий-ватанпарварлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида шу ҳақда сўз борди.

Ўзбекистоннинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, осойишта ҳаётимизни асраш борасида давлатимиз раҳбари томонидан юритилаётган сиёсатни халқимизга тўлақонли етказиб бермаётгандекмиз. Биргина соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар борасида кўплаб таҳлилий мақолалар тайёрлаш мумкин. Мавзу юзасидан ёритилаётган материалларнинг аксарияти хабар жанрида, таҳлилий материалларга эҳтиёж катта, дея таъкидланди йиғилишда.

Ҳар йили юртимизда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни сифатида байрам қилинади, “Ватанпарварлик ойлиги“ доирасида кўплаб тадбирлар, учрашувлар ўтказилади. Буларнинг барчаси ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғусини юксалтиради.

Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрами бу йил янада кўтаринки руҳда нишонланмоқда. “Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!“ деган умумий ғоя остида қарши олинаётган байрам муносабати билан “Ҳарбий-ватанпарварлик карвонлари“нинг таълим муассасаларига ташрифи давом этмоқда, ёшлар ўртасида “Мен, албатта ҳарбий бўламан!“, “Энг яхши маҳалла“ ва “Энг яхши Жасорат клуби“, “Темур тузуклари билимдони“ танловлари ўтказилмоқда.

Йиғилишда аксарият оммавий ахборот воситалари бу тадбирларни хабар жанрида ёритиш билан кифояланиб қолаётгани танқид қилинди.

Таҳлилларга кўра, ўтган йилда газета ва журналларда тахминан 1200 дан зиёд мақола, 600 дан ортиқ фотосурат чоп этилган. Уларнинг аксарияти “Ватанпарвар” газетаси ва “Ўзбекистон армияси” журнали улушига тўғри келади.

Шунингдек, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида ҳамда “Ўзбекистон овози”, “Маърифат”, “Ҳуррият”, “Тошкент оқшоми”, “Маҳалла”, “Ёшлар овози”, “Миллий тикланиш”, “Халқ сўзи”, “Ҳарбийлар ва китобхонлик маданияти”, “Адолат” газеталари саҳифаларида ҳам мунтазам ватанпарварлик мавзулари ёритилган публицистик мақолалар, очерк ва лавҳалар берилади. Бу мавзуда “Правда Востока” газетаси махсус саҳифа очган.

Умуман олганда, ватанпарварлик мавзусида ғоят самимий, ғоят таъсирли мақолалар ёзиш мумкин. Зеро, журналистлар миллий армиямиз ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда фуқаролик масъулияти ҳиссини оширишга хизмат қилувчи маънавий қудратга эгалигини етказувчи асосий воситадир.

Моҳигул Қосимова, ЎзА

2 та шарҳ

  1. Jasur 11 Yanvar, 2019 at 11:41 - Reply

    Yaxshi maqola ekan

  2. Jasur 17 Yanvar, 2019 at 05:07 - Reply

    Test

Шарҳ қолдириш