Ватанпарварлик ҳақида ёзиш ғоят самимият ва фидойилик талаб қилади

2020-01-13T09:29:51+00:0013 Yanvar, 2020|Умумий янгиликлар|

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни

Ҳарбий ватанпарварлик мавзуси оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ғоят мураккаб, масъулиятли ва шу билан бирга қизиқарли, шарафли йўналиш. Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ташкил этилган йиғилиш шу мавзуда ижод қилаётган журналистларни, талаба-ёшларни ўз атрофида жамлади.

Журналистлар ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Х.Салимов, мазкур уюшма қошидаги Ёш журналистлар кенгаши раиси Ф.Каримов, Ҳарбий ватанпарварлик кенгаши раиси А.Сафаров ва бошқалар мамлакатимизда ёш авлодни ватанпарварлик, юртга садоқат, фидойилик туйғусида камол топтириш, улардаги Ватан тақдири учун масъулият, фаол фуқаролик позициясини шакллантириш масалаларига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда сўзлаган нутқида кўзи ёниб турган, билимли, жасоратли йигит-қизлар борлигига катта ишонч билдириши билан бирга истеъдодли йигит-қизларни тинглаш, уларга ишонч билдириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатимизда ёшларнинг салоҳияти, иқтидори, истеъдоди ҳар соҳада намоён бўлмоқда. Айни пайтда ҳарбий, иқтисодий, илмий-техникавий, ижодий жабҳаларда астойдил ўзини кўрсатаётган шижоатли ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Ҳарбий журналистика соҳасида ҳам қалам тебратаётган ёш қаламкашлар кўплиги диққатга сазовор.

Мамлакатимиз медиа тузилмаларида Қуролли Кучларни ислоҳ этиш ва ривожлантириш борасида қўлга киритилаётган ютуқлар, шунингдек, армиядаги ҳарбий хизматнинг нуфузи, соҳа ходимларини моддий ва маънавий, ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир амалий ишлар акс эттирилган мақолалар, туркум телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар муттасил тайёрланмоқда.

Айни пайтда оммавий ахборот воситаларида ушбу мавзуни ёритишда етарли имконият ва шароитлар яратилгани баробарида Ўзбекистонимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, унинг мустақиллиги, тинчлиги ва осойишталигини асрашга оид эзгу саъй-ҳаракатлар, бу борадаги давлатимиз сиёсатини янада теранроқ, пухта, таҳлилий тарзда журналистиканинг ранг-баранг жанрларидан кенг фойдаланилган ҳолда ўқувчиларга, халқимизга етказиш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Назокат УСМОНОВА, ЎзА