Ватанга аскардай фидойи қалам

2019-05-14T05:17:13+00:0014 May, 2019|Умумий янгиликлар|

Журналистлар ижодий уюшмаси Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси билан ҳамкорликда Миллий матбуот марказида Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб давра суҳбати ўтказди.

«Ватанга аскардай фидойи қалам» мавзуида бўлиб ўтган тадбирда Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган ҳамда фронт ортида меҳнат қилган журналистлар хотираси ёдга олинди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов давлатимиз томонидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатилган эътиборни алоҳида қайд этди.

– Инсоният тарихидаги энг даҳшатли бу урушда 1,5 миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқароси қатнашди. Уларнинг 500 мингдан зиёди ҳалок бўлди, 133 минг нафарга яқини бедарак йўқолди, 60 мингдан ортиқ ватандошимиз эса ногирон бўлиб қайтди. Албатта, бу рақамлар – оддий статистик маълумот эмас. Бу рақамлар бошимиздан кечирган мудҳиш уруш оқибатларини ҳеч қачон унутмасликка чақиради. Шу билан бирга, бугунги тинч ва гўзал ҳаётнинг қадрига етиб, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишга, ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади, – деди «Нуроний» жамғармаси раиси Шуҳрат Жалилов.

Давра суҳбатида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти Юсуф Ҳамдамов уруш йилларида ўзбек матбуоти ва журналистикаси тарихи, жумладан, оммавий ахборот воситалари оммани фронт учун, ғалаба учун сафарбар этиш, халқни ғоявий-сиёсий жиҳатдан тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилгани ҳақида гапирди.

Уруш йиллари Ўзбекистонда чоп этилган газета ва журналлар саҳифаларида фронтдаги вазият, республика меҳнат жамоаларининг фидокорона меҳнати кенг ёритиб борилган. Ўзбекистоннинг бир гуруҳ журналистлари армия бошқармалари ихтиёрига юборилган. Улар ўз асарларида уруш оқибатлари ҳамда ўзбек жангчиларининг жасоратини тасвирлаган.

Уруш йилларида радиожурналистлар ҳам аҳолига тезкор хабарлар етказиш баробарида халқнинг ва аскарларнинг руҳини кўтариш учун маданий-маърифий дастурларни тайёрлашган. Радио маданий-маърифий, тарбиявий ишларни олиб бориш маркази сифатида ҳам хизмат қилган.

Бугунги кунда ҳарбий журналистларнинг она Ватанга жўшқин муҳаббат руҳида йўғрилган ижоди ёш авлод учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.

Тадбирда юртимиз оммавий ахборот воситалари ривожига муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ фахрий журналистлар Сайди Умиров, Саъдулла Ҳакимов, Алиназар Эгамназаров, Қалдибек Сейданов, Ирисмат Абдухолиқовларга Президентимиз томонидан таъсис этилган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони топширилди.

—14 ёшимда биринчи мақолам туман газетасида чоп этилгани яхши эслайман, — дейди 80 ёшни қаршилаётган фахрий журналис Алиназар Эгамназаров.— Поспортим йўқлиги учун илк гонараримни туғилганлик гувоҳномам билан акам бориб олиб келган. Кейинчалик мактабни тамомлаб ўқишга кирдим. Таҳсилни тамомлаганимдан сўнг бизни янги ташкил этилган Сирдарё вилоятининг «Сирдарё ҳақиқати» газетасига ишга юборишди. У ерда шароитлар жуда оғир эди.  Лекин касбга бўлган муҳаббат бизни  у ерда олиб юрди. Тўрт йил оғир шароитда ишладик. Ҳозир ўша ҳолатни ёшларга айтиб берсам улар ишонишмайди. 1958 йилда биринчи бўлиб Журналистлар съездида иштирок этганман. Кейинчалик тақдир тақозоси билан газета, телевидения ва радиода ишладим. Албатта ҳозир аввалги куч-қувват йўқ. Аммо ёзишга иштиёқ сўнмаган. 1980 йилларда  Зулфия ая Зокирова ва у кишининг урушда вафот этган беш нафар ўғиллари ҳақида кўп ёзганман. Эътибор бўлмади. Яқинда шу оила ҳақида яна ёзиб беришимни сўрашди. Таклифни қабул қилиб ёзиб бердим. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида чоп этилди. Президентга ҳам ёздим.  Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган бундай эътибордан жуда хурсанд бўлдик.  Ғалабанинг 74 йиллигига бағишланган байрам тадбиридаги Президент маърузасида номи келтирилган Зангиота тумани Хонобод маҳалласида яшаган Зулфия ая Зокирова янчли тақдири барчага ўрнак бўлиши керак аслида.  Беш ўғилни вояга етказиб, уларни уруш домига тутқазиш, тутқазганда ҳам ўлимга тик  юбориш ҳар қандай онанинг қадни букиб, адо қилиши тайин. Ҳаётнинг бу аччиқ зардобини ичига ютиб келинлари  ва невараларини жамият корига ярайдиган фарзандлар қилиб тарбиялади.  Вақт тарози ҳамма нарсани жой-жойига бугун қўйди десак муболаға бўлмайди. Жорий йилда пойтахтимизда ғалабанинг 75 йиллигига атаб борпа этиладиган боғда ана шундай оналар сиймоси—Зулфия ая  ҳайкали тимсолида қад растлайди.

Шарҳ қолдириш