“Ватан шарафи учун”

2020-01-16T10:44:15+00:0016 Yanvar, 2020|Умумий янгиликлар|

Буюк ғалабанинг 75 йиллигига

Биринчи Украина фронтида ўзбек тилида «Ватан шарафи учун» номли газета 1944-1945 йилларда чиқиб турган. Унинг 1944 йил январь-декабрь, 1945 йил январь-декабрь ойларидаги айрим сонлари сақланиб қолган. Газетанинг қолган сонлари қаерда сақланаётгани ҳозирча аниқ эмас. Фикримизча, бу газеталарнинг тўлиқ таҳламаси Россия ҳарбий давлат архивида ёки СССР мудофаа вазирлиги архивида, Қуролли кучлар марказий ва минтақавий музейлари фондларида сақланаётгандир. Газета таҳририяти С.И.Жуков, Тўлаган Соатов, Зиё Аминов, Зиннат Фатхуллин, Фотих Ёқубовдан иборат бўлган.

Қуйида эълон қилинаётган материаллар ана шу газета саҳифаларида чоп этилган.

*     *     *

«ВАТАНИМИЗДА»

«47 жондан иборат оила колхозчи Ўғилбиби 100 ёшга кирди»

“ТОШКЕНТ. Ўзбекистоннинг Избоскан районидаги Янги қишлоқда яшовчи Ўғилбиби Қулматова яқинда 100 ёшга кирди. У районнинг энг кекса колхозчисидир. Ўғилбиби кексайиб қолганига қарамай, ҳали анча бақувват ва колхоз ишларига қизиқди. Бу бахтиёр аёлнинг оиласи 47 кишидан иборат. Энг кичкина набираси Маҳбуба 6 ёшга кирди. Тўнғич ўғли тажрибакор агроном Аҳмаддин Қўчқоров эса 70 ёшда. Ўғилбибининг 15 набираси Улуғ Ватан уруши қатнашчиси.

Уларнинг кўпчилиги Совет Иттифоқининг орден ва медаллари билан мукофотланган. Ҳозир бу кекса колхозчининг оиласи яқинда аскарликдан бўшаб келадиган икки фронтчи набирасини кутиб олиш учун катта тайёргарлик кўрмоқда”.

1945 йил 13 октябрь. № 62(347)

*     *     *

«ФРОНТЧИ ЁЗУВЧИ БИЛАН УЧРАШУВ»

“Яқинда Ўзбекистон Совет ёзувчилар союзида пойтахт ёзувчиларининг Қизил Армия қаторидан қайтиб келган ёзувчи капитан Мумтоз Муҳаммедов билан учрашувлари бўлиб ўтди.

Орденли капитан Муҳаммедов бу учрашувда Улуғ Ватан уруши фронтларининг хотираларидан сўзлаб берди. Унинг, айниқса, Ватан уруши майдонларида қаҳрамонларча ўзбек баҳодирларидан – шаҳрихонлик майор Дониёр Абдураҳмонов, андижонлик старший сержант, моҳир разведкачи Аҳмедов, душманни 15 тўпини яксон этган довюрак тўпчи Маъди Султонов ҳақидаги ҳикояларини ёзувчилар зўр қизиқиш билан тингладилар. Учрашувда Шайхзода, Ж.Шарипов, Саид Аҳмад ва бошқа ўртоқлар сўзладилар“.

Текшириш натижасида “ХОТИРА“ китобларининг 1, 3 ва қўшимча жилдларида шаҳрихонлик Дониёр Абдураҳмонов, андижонлик Маъди Султоновларнинг номи йўқлиги аниқланди.

«Ватан шарафи учун» газетаси 

1945 йил 11 сентябрь № 56 (341)

*       *      *

Гвардия старший сержанти Қўшоқ Бадаловнинг Андижон область Избоскан районидаги Тельман номли колхозда яшовчи онаси Хажалбиби ва хотини Ширмонхонга ёзган янги йил

МАКТУБИ

 Ҳурматли она ва севгилим Ширмоним! Сизларни янги йил билан қутлайман ҳамда сизларга янги бахт-саодат ва туганмас соғлик тилайман.

 Мана, мен янги йилни олтинчи марта сизлардан йироқда қарши олаётирман. Шундан тўрттаси Улуғ Ватан уруши фронтида, немис босмачиларига қарши қонли кураш майдонидадир.

 Мен серқуёш Ўзбекистондан, туғилиб ўсган қишлоғимдан, бадавлат колхозимдан кетганимга роса беш йил тўлди.

 Ширмоной! Ўша унитилмас кунларни хотирлайсизми? 1939 йил декабрь ойи охирлари эди. Биз колхознинг ҳамма ишларини саромжону саришта қилиб, янги йилни кутиб олишга тайёрланаётган эдик. Колхозчилар ўзларининг меҳнат соҳасидаги ютуқлари билан мен ҳам ўз меҳнатим унимидан жуда қуванардим. Иккимиз эса умид билан бир ястиққа бош қўйган эдик. Кейин мен Ватан олдидаги бурчимни адо этиш учун Қизил Армия сафига чақирилдим…

 Мана, орадан беш қиш ва ёз ўтди. Аммо мен ҳали сизларнинг ёнларингизга қайтганим йўқ. Чунки мен ҳали Ватан олдидаги муқаддас бурчимни охиригача тўла бажарганим йўқ, фашист газанда ҳали батамом янчиб ташлангани йўқ, мен ҳали йиртқичнинг уясига – Берлинга етганим йўқ.

 Қимматли онажон ва Ширмонхон! Мен урушнинг бошидан бери майдонда бўлишимга қарамай, ҳозиргача сизларга она Ватан олдидаги бурчимни, сизларнинг наказларингизни қандай бажараётганлигим, лаънати немисларни қандай ураётганим тўғрисида ҳеч нарса ёзмаган эдим.

 Мана энди, Ватанимиз манфур босқинчилардан озод қилинган тантанали кунларда, давлатимиз чегараларидан анча берида туриб ўзимнинг жанговар ҳаётимдан сизларга ҳикоя қилиб берадигон воқиалар озмунча эмас.

 Мен уруш бошида разведкачи – мотоциклетчи эдим. Қизил Армия душманга катта талофатлар ўтқазиб, мамлакатимизнинг ичкарисига томон чекинаётган вақтлар эди. Аммо биз ғалаба қилишимизга қаттиқ ишонар эдик. Мен ўша оғир кунларда Ленин — Сталин партияси сафига кирдим. Москва бусоғасида душман бомбасидан бўлган ярам тузалгач, танкчи бўлиб етишдим. Бу вақтда душман Воронеж остоналарига бориб қолган эди. Биз кўкрагимизни қалқон қилиб душман йўлини тўсдик. Мен шу қадимги рус шаҳри бўсоғаларида неча ўнлаб гитлерчиларни лаҳадга тиқдим ва биринчи фашист танкини яксон қилдим. Ватан мени “Жасурлиги учун“ медали билан мукофотлади.

 Биз ҳужум бошладик. Немислар зарбаларимизга бардош беролмай чекиндилар. Менинг танким Курск дўғасида душманнинг ўзиюрар тўпини дабдала қилди, бир неча миномёт ва пулемёт нуқтасини емирди, жуда кўп фашистларни тупроққа қориштирди. Шунда мен иккинчи мукофот – Иккинчи даражали “Ватан уруши“ ордени олдим.

 Гитлерчиларни кеча-кундуз демай ғарбга томон қувдик. Мен ўз танкимда машҳур украин дарёси Днепрдан кечиб ўтдим ва қудратли машинам билан 1944 йил ёзида тарихий ғалаба йўлини босиб ўтдим. Даҳшатли танкимда қардош поляк халқига ёрдам қўлини чўзиб, Сан ва Висла дарёларидан кечиб ўтдим ҳамда тўртинчи марта “Қизил юлдуз“ ордени билан мукофотландим.

 Мана шундай қилиб, биз ўртоқ Сталин айтганидек, ҳозир Германиянинг ҳаёт марказларига қатъий штурм бошлаш учун ҳужум марраларида шайланиб турибмиз. Узил-кесил ғалаба йили – 1945 йилни ҳам шу ерда, жонажон Ватанимиз тупроғидан анча узоқда кутиб олдик.

 Биз ҳозир халқимиз интизорлик билан кутаётган тантана кунига – ғалабага эришиш учун фақат:

– Олға, шоввозлар! – деган буйруқни кутиб турибмиз. Сизларни ишонтириб айтаманки, мен шу муқаддас жангда душманни аввалларгидан ҳам шафқатсизроқ янчаман.

Яшасин янги , ғалаба йилимиз – 1945 йил!

Сизларга гвардиячилик саломи билан: ҚЎШОҚ.

«Ватан шарафи учун» газетаси 1945 йил 1 январь № 1 (286)

  Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,

тарих фанлари доктори,

профессор​

 Манба: ЎзА