Ҳужжатлар имзоланди: қандай наф бор?

2019-06-24T07:58:59+00:0013 Iyun, 2019|Умумий янгиликлар|

Урганчда яқинда Ўзбекистон ва Россия Бош вазирлари даражасида ўтган қўшма комиссиянинг биринчи йиғилишида икки мамлакат ўртасида кўптомонлама ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро савдо товар айланмаси ҳажмини янада кўпайтириш ва номенклатурасини диверсификациялаш, истиқболли сармоявий лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган қатор икки томонлама ҳужжатлар қабул қилинди.

Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси” АЖ ва “Санкт-Петербург Халқаро товар-хомашё биржаси” АЖ ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланди. Ушбу ҳужжат биржа савдо воситалари ва технологияларидан кенг фойдаланиш бўйича тажриба алмашиш йўналишида ўзаро ҳамкорликни назарда тутади.

Таъкидлаш лозимки, Санкт-Петербург Халқаро товар-хом-ашё биржаси Россияда энг йирик товар биржаси ҳисобланади, нефть ва нефть маҳсулотлари, табиий ва суюлтирилган газ, ёғоч ва қурилиш моллари ҳамда деривативлар савдоси билан шуғулланади.

Урганчда қабул қилинган ҳужжатда нефть-кимё, ёғоч ва бошқа товарларнинг савдосида замонавий усул ва технологиялардан фойдаланиш, молиявий воситаларни ривожлантириш, Ўзбекистон ва Россия товар бозорлари бўйича маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ва уларнинг натижалари билан ўзаро алмашишга оид имкониятлар ўз ифодасини топган. Бунда биргаликда ўқув тадбирларини ташкил этиш ҳам назарда тутилган.

Ягона аккредитация тартиб-қоидаларини жорий этиш йўли билан Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси резидентлари учун икки биржанинг товар бозорларига чиқишда кўмаклашиш ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади.

«ЎзРТХБ» АЖ бошқаруви раиси Фароҳидин Иброҳимовнинг таъкидлашича, “Россия Федерацияси Бош вазири Дмитрий Медведевнинг Ўзбекистонга  ташрифи доирасида “Санкт-Петербург Халқаро товар-хом ашё биржаси” АЖ билан келишувнинг имзоланиши биржалараро муносабатлар икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканлигидан далолатдир. Бу тадбиркорлар учун бозор механизмининг барча имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда икки мамлакатнинг товар бозорларига чиқишда янги имкониятлар очади”.

“Санкт Петербург Халқаро товар-хомашё биржаси” АЖ президенти Алексей Рибниковнинг айтишича,“келишув нефть маҳсулотлари, табий газ, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, кимё ва бошқа маҳсулот турлари бўйича мамлакатларимиз бозорларининг интеграциялашуви йўлида олиб борилаётган ишларнинг муҳим босқичи ҳисобланади.

Ушбу йўналишларда тажриба алмашиш ва биргаликда амалга оширилаётган бошқа тадбирлар ўз самараларини беради ҳамда савдо ва клирингнинг янги технологияларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Икки биржанинг ўзаро ҳамкорлиги, шубҳасиз, биржа ва биржадан ташқари бозорларда ошкоралик ва нархларнинг эркин шаклланишини таъминлайди, хатарларни бошқаришда савдо иштирокчилари учун янги имкониятларини очиб беради”.

Йиғилиш доирасида, Россия – Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши (Россия Федерацияси) ва “Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси” АЖ (Ўзбекистон Республикаси) ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Меморандумда томонларнинг ахборот алмашуви ва икки мамлакат тадбиркорлик субъектлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон-Россия ишбилармонлар кенгаши ва Россия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши ўртасида тузилган ҳамкорлик меморандумини амалга ошириш бўйича 2019-2020 йилларга мўлжалланган Чора-тадбирлар (Йўл харитаси) режаси ҳам имзоланди. Мазкур ҳужжатга кўра “ЎзРТХБ” АЖнинг Челябинскдаги савдо майдончаси доирасида Ўзбекистон ва Россия корхоналарининг маҳсулотларини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан савдо майдончасининг афзаликлари ҳақида бизнес вакилларига етказиш йўли билан савдо-сотиқни раҚбатлантириш назарда тутилган.

Шарҳ қолдириш