Ўзбекистоннинг янги медиа имижи қандай?

2019-03-04T09:47:37+00:004 Mart, 2019|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонида назарда тутилган мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, жаҳон медиа маконини республикамиз ҳақидаги холис маълумотлар билан таъминлашга эътибор қаратилганлиги соҳа экспертлари, тегишли ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари олдига муҳим вазифаларни қўяди. Бу борада ечимини кутаётган масалаларни ҳал этишда хорижий мамлакатларнинг энг илғор тажрибаларидан фойдаланиш, мавжуд ички имкониятларни бирлаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакат имижини юксалтириш замонавий PR (инг. public relations – жамоатчилик билан алоқаларнинг энг янги ва истиқболли йўналишларидан ҳисобланади.

У республиканинг сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий жиҳатдан янада тараққий этишига бевосита таъсир ўтказади. Шу сабабдан ҳам мазкур йўналишда илмий изланишлар олиб бориш, имижга тегишли инструментларни ҳар томонлама таҳлилга тортиш ўзига хос аҳамиятга эгадир.

Сўз юритилаётган масала кўп тармоқли бўлиб, у жумладан социология, иқтисодиёт, сиёсатшунослик, фалсафа, тилшунослик, хусусан когнитив тилшунослик каби фан соҳаларининг кесишмасида вужудга келади ва у турли аспектларда ўрганилиши мумкин.

Ўз ўрнида мамлакат имижи, образ, ҳудуд ҳақида кишилар онгида шаклланадиган тасаввур билан боғлиқ бўлганлиги сабабли тадқиқотимизда когнитивликнинг ўрнига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки бу ҳодиса оммавий коммуникация воситаларининг асосий қуроли бўлган тил имкониятлари ва ундан фойдаланиш орқали яққол намоён бўлади.

Олимларнинг эътирофича, когнитив тилшунослик бу жиҳатдан психолингвистика, антрополингвистика, этнолингвистика, социолингвистика каби турли кичик тармоқларга бўлинади.

Биз ушбу тадқиқот доирасида мамлакат имижини шакллантириш ва ривожлантиришда журналистиканинг ўрни, ОАВ тилининг омма (аудитория) онгига когнитив жиҳатдан таъсирини ўрганамиз.

Матбуотнинг классик вазифалари қаторида одатда қуйидагилар қайд этилади:

  1. a) ахборотни тўплаш;
  2. b) уни қайта ишлаш;
  3. c) тарқатиш.

Бироқ шулар қаторида ОАВнинг янада долзарброқ ғоявий функциялари ҳам борки, улар асосан жалб этиш, йўналтириш, таълим бериш, тарбиялашдан иборат бўлади.

Имижнинг замонавий концепцияларида унинг ахборот-коммуникацион табиати алоҳида қайд этилади. Имиж коммуникация жараёнлари воситасида бирон бир объект ҳақидаги ахборот асосида шаклланади.

Ўзбекистоннинг янги медиа имижини шакллантиришда медианинг айнан жалб этиш функциясидан самарали фойдаланиш мумкин.

ОАВ мафкура тарқатиш воситасими?

Тадқиқотчи Д.Муитов ҳозирги журнализмнинг замонавий имкониятларига янада кенгроқ таъриф беради: “бугун оммавий ахборот воситаларидан у ёки бу мамлакатда олиб борилаётган сиёсатга тўғридан-тўғри таъсир қилиш имкониятидан фойдаланиш йўлига ўтилган.”

“Албатта шундай пайтда у сиёсатнинг муҳим бир элементи сифатида намоён бўлади. Иккинчи томондан ОАВ турли давлатлар ҳақида ҳудудий тасаввурларни ривожлантириши, кайфиятларни ўзгартириб туриши, аҳолининг кенг қатламида тарқала олиш имкониятига эга”, – дейди Д.Муитов.

Ўзбек олими эътироф этганидек, ҳақиқатан ҳам ОАВ орқали улашилган маълумот аудиториянинг бирон бир хорижий мамлакат ёки унинг таркибига кирувчи аниқ бир вилоят ёки ҳудуд тўғрисидаги тасаввурини ривожлантиришга хизмат қилади.

Россиялик тадқиқотчилар А.Демидов ва А.Федосеев журналистлар томонидан амалга оширилаётган ишлар кўламига қуйидагича баҳо берадилар: “ОАВнинг бу имконияти ижтимоий фикрни шакллантиришда жуда қўл келади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, у геосиёсий ўйинчиларнинг ўйинчоғига айланиши ҳеч гап эмас. Бу жараёнда трансмиллий корпорациялар, диний ташкилотлар каби бошқа турли факторларнинг тенг иштирок этишга интилиши сезилмоқда.”

Кўринадики, оммавий коммуникациялар ўзининг бирламчи вазифаларидан чекиниш ҳолатлари амалиётда кўп кузатилади. Яъни улар фақат холис ахборот етказиш билан чекланмаяптилар.

Бироқ, мамлакат медиа имижини юксалтиришда ОАВ геосиёсий манфаатларни биринчи ўринга қўйиши назарий жиҳатдан ҳам, профессионал этика нуқтаи назардан ҳам тўғри бўлмайди. Чунки журналистиканинг асосий вазифаси турли сиёсий ўйинларда иштирок этиш эмас, балки маҳаллий ёки хорижий ўқувчини қизиқтира оладиган объектив ахборотни тарқатишдан иборатдир.

Реципиентлар онгидаги жараён

Одатда ОАВ томонидан тақдим этиладиган ҳар қандай ахборот аудитория томонидан бевосита ўзлаштирилади, унинг онгига жойлашади, динамик тарзда ўзгариб турадиган аниқ воқеалар ва фактлардан ташкил топувчи мавжуд ҳолат ҳақидаги яхлит тасаввурни уйғотади.

Ахборот технологияларининг мисли кўрилмаган тараққиёти, хусусан, глобал интернет тармоғи шу пайтгача кишилар онгида шаклланиб келган анъанавий оммавий ахборот воситалари кўламини мутлақо кенгайтириб юборди.

Ҳар қандай медиа контент таркибидаги ахборот – сўз ва иборалар, графикалар, овоз ёки видеотасвирлар воситасида реципиент онгига кириб, ўрнашиб олади. Натижада ўқувчи хотирасида маълум бир воқеанинг акси, предметнинг образи ёки алоҳида ҳудуднинг имижи ҳосил бўлади.

Эътиборли жиҳати шундаки, тил имкониятлари имиж билан боғлиқ коммуникация жараёнлари, яъни PR, реклама ва журналистика амалиётида беқиёс ўринга эга. Шу ўринда рус олими В.Таранов қайд этганидек, одамлар тасаввуридаги ҳар қандай ҳудуд имижи асосан ОАВ тарқатган хабарлар асосида шаклланади

Хорижий ва миллий оммавий коммуникация воситаларида Ўзбекистоннинг янги қиёфаси, унинг образи, имижини шакллантиришга қаратилган хилма-хил мақола, шарҳ, суҳбат ва ҳоказо матбуот материалларини атрофлича ўрганиш, тадқиқ ва таҳлил қилиш ҳам ижтимоий-сиёсий, ҳам маънавий-маърифий, ҳам миллий-психологик жиҳатлардан алоҳида аҳамиятга эгадир. Бироқ, шуни ҳам эътиборга олиш зарурки, одамлар салбий ахборотни қизиқиш билан ва тезроқ қабул қиладилар, ижобий ахборотга эса нисбатан эътиборсиз муносабатда бўладилар. Психологлар бу ҳақда жуда кўп тадқиқотлар олиб борганлар.

Стереотип ва фреймлар

Россиялик олимлар Т.Глушкова ҳамда О.Зайцева билдирган фикрга кўра, объектнинг медиа образини яратишда стереотип ва фрейм каби когнитив структуралардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Стереотип дефинициясига таъриф берадиган бўлсак, у бирон бир нарса, предмет ёки бизнинг ҳолатимизда мамлакат, яъни Ўзбекистон образи билан боғлиқ барқарор, ўзгармайдиган, соддалаштирилган, схематик тушунчани ўз ичига олади.

Стереотиплар амалиётда салбий ёки ижобий бўлади. Албатта имижни юксалтиришда ижобий стереотиплардан самарали фойдаланиш мумкин бўлади.

Фрейм эса – аниқ бир маъно юзасидан ўзаро бирлашиб кетадиган семантик муносабатлардан ташкил топади. У назарий жиҳатдан моделлаштирилаётган объект ҳақидаги тасаввурлар ва билимларни тартибга солишда қўл келади.

Биз ушбу тадқиқот жараёнида ОАВ томонидан шаклланаётган тасаввурларни мавзуларга қараб таснифлашга ҳаракат қиламиз. Шу жараёнда уларнинг маъно-мазмун жиҳатидан бир-бирига ўзаро яқин бўлган фреймларни ҳосил қилиши кузатилади.

Тадқиқот материали сифатида АҚШ, Британия ва Россия оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган мақолалардан фойдаланилади.

Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти билан боғлиқ маълумотлар New York Times газетасида қуйидаги шаклда ўз аксини топади: “Агар сиз Ипак йўли бўйлаб саёҳат қилишни орзу қилган бўлсангиз, уни амалга ошириш учун қулай вақт келди. Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин орадан 25 йилдан ортиқ вақт ўтиб, собиқ совет республикаси бўлган Ўзбекистон ниҳоят ўзининг қайта қуриш даврини бошдан кечирмоқда. Айнан шу ерда тарихий йўлнинг ажойиб масканлари жойлашган”.

Бунда америкалик журналист Ўзбекистоннинг қадимий Буюк Ипак йўли билан боғлиқлиги стереотипидан фойдаланган.

BBC ушбу мавзуда узатилган материалда қуйидагича ёзади: “Ўзбекистон бутун дунё зиёратчиларининг манзили, яъни иккинчи Маккага айланишга интилмоқда. Марказий Осиёнинг энг кўп аҳолига эга бўлган ушбу мамлакатида, Самарқанд ва Бухоро каби машҳур Ипак йўли шаҳарларида яхши сақланган масжид ва ибодатхоналар бор.”

Кўриниб турибдики, британиялик мухбир Ўзбекистондаги қадимий шаҳарларни мусулмон оламидаги энг машҳур шаҳар ҳисобланган Маккаи мадина билан таққослайди. Шаҳарларни эса зиёратчилар талпинадиган маскан сифатида фреймлайди.

ТАСС ахборот агентлиги хабарида Петербург шаҳрида Ўзбекистоннинг маданий ёдгорликларини асраш бўйича бутунжаҳон конгресси тузилганлиги қайд этилади. Россиялик журналист ўзбек маданияти меросининг бутун дунё бўйлаб ёйилиб кетганлигига эътиборни қаратади.

Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар ҳақида ҳам бир-бирига мазмунан яқин бўлган мақолаларни кузатиш мумкин.

Вашингтондаги Брукингс институти томонидан эълон қилинган “Ўзбекистон қандай қилиб очиқ иқтисодиётга айланмоқда” сарлавҳали мақолада шундай ёзилади: “Ўзбекистон икки йилдирки бозор иқтисодиётига йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар дастурини амалга оширмоқда. Ҳукумат мамлакат иқтисодиётига учта асосий ўзгартириш киритмоқда: буйруқ ва бошқарувга асосланган иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтиш; давлат сектори устувор бўлган иқтисодиётдан хусусий секторни ривожлантиришга йўналтирилган иқтисодиётга ўтиш; ва ёпиқлик ва яккаликдан ҳамкорликка мойиллик ва очиқликка чиқиш. Ушбу ислоҳотлар тобора ўсиб бораётган ташқи номутаносибликлар ва ишсиз ёшлар сони ҳамда бу муаммоларни хусусий сектор ривожланиши эвазига яратиладиган иш ўринларисиз ҳал қилиб бўлмайдиган бўлган бир даврда амалга оширилмоқда.”

Reuters агентлигининг Жаҳон банки маълумотига таянган ҳолда тарқатган хабарида Ўзбекистон бизнес юритишни енгиллаштириш борасида 2017 йилда дунё бўйича биринчи 10таликка кирган.

Хабарда, хусусан, корхоналарни рўйхатдан ўтказиш, қурилишга рухсат олиш, инвестицияларни ҳимоялаш, электр таъминотига уланиш каби жараёнларнинг соддалаштирилганлиги эътироф этилади.

Британиялик журналист бу билан Ўзбекистоннинг бизнес соҳасида эркинлашаётган мамлакат сифатидаги медиаобразини яратишга ҳаракат қилади.

РИА Новости ахборот агентлиги хабарида таъкидланишича, эндиликда чет эл фуқаролари Ўзбекистонда хорижий инвестициялар эвазига барпо этиладиган корхонанинг асосчиси мақомини олишлари мумкин Шунингдек, бундай инвесторларга уч йилга мўлжалланган кўп маротабалик виза енгиллаштирилган тарзда берилади.

Бу билан россиялик журналист Ўзбекистонда янги иқтисодий ислоҳотлар жорий этила бошлаганлигини қайд этади. Юқоридаги каби мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин.

Имиж ва унга қарши ахборот тўфонлари

Шуниси аниқки, бир давлатнинг бошқа давлат томонидан яратилган имижи жаҳон ҳамжамияти ва ушбу давлат фуқароларининг муносабатига катта таъсир кўрсатади. Айниқса, қудратли ахборот технологияларига эга ташқи кучлар томонидан ташкил этиладиган ахборий ҳуруж катта хавф туғдиради. Шу боис ҳам давлатнинг ижобий имижини яратишда муайян конструкт, қонун-қоидалар бўлиши лозим.

Азал-азалдан дунё саҳнида бир-бирларига турли кўринишда – гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона қарама-қарши кайфиятида бўлиб келган давлатлар Интернет ва ахборот мўъжизасидан мутлақо янги жанг майдонларини бунёд этмоқдалар. Ачинарлиси, эзгулик учун хизмат қиладиган журналистикани, оммавий ахборот воситаларини ўша жанг майдонларининг жангчиларига айлантирмоқдалар. Кўплаб давлатлар ахборот урушига ҳозирликни бошлаб юборишган. Шу мақсадда беҳисоб маблағлар сафарбар этилмоқда. Ахборот уруши учун анъанавий чегараларни бузиб ўтиш шарт эмас, қолаверса, бу урушда одамларга қирғин келтирилмайди, балки телекоммуникация, ОАВ тизимлари “ҳамкорлиги”да кенг омманинг дунёқарашларига зуғум ўтказилади.

Медиатехнологиялар ёрдамида турли миллат ва мамлакатлар вакилларининг ахборотни қабул қилиш психологиясига алоҳида аҳамият берилади. Натижада ОАВ каналларида узатиладиган журналистик материаллар орқали кишилар онгига бевосита кириб борилади. Албатта бу ўз-ўзидан амалга ошадиган жараён эмас. Унда қарама-қаршиликлар ва курашлар содир бўлади.

Бироқ зўраки тарғиботни бозор кўтармайдиЗамонавий цивилизациянинг ўзига хос муҳим хусусиятларидан бири, бу унинг мавқеи, салоҳияти, тақдири кўп жиҳатдан ахборотга боғлиқ бўлиб қолганлигида кўринмоқда. Оддий инсонлардан тортиб машҳур шахсларнинг, давлат раҳбарларининг, шунингдек, халқларнинг, давлатларнинг ҳаёти, яшаш тарзи, истиқболи ахборот майдонларида ҳал этилмоқда, десак муболаға бўлмайди. Кўринадики, вужудга келган ёш мустақил давлатларнинг оёққа туриши, минтақада ва жаҳон ҳамжамиятида мустаҳкам ўринга эга бўлиши, ҳар жиҳатдан ахборотга, яна бир карра миллий ва жаҳон ахборот маконида кечадиган жараёнларга боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Маълумки, ҳар қандай миллий журналистика, яъни миллий матбуот, биринчи навбатда, мамлакат аҳолисининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади. Бироқ ҳар қандай очиқдан-очиқ тарғибот мақсадида тарқатиладиган ахборотни демократик принципларга асосланган жамиятлар ва умуман олганда биронта медиа макон шундайлигича қабул қила олмайди. Филология фанлари доктори Х.Дўстмуҳаммаднинг фикрига кўра, “Ҳозирги бозор муносабатлари шароитида ахборот товар, яъни буюм тусини олмоқда. Буюм бозорда харидорини топган тақдирдагина у бозордаги рақобатга бардош бера олади, акс ҳолда касодга учраши, синиши, яъни банкрот бўлиши муқаррар. Телекўрсатув ёки радиоэшиттириш бўладими, газета ёки журнал бўладими – буларнинг олдида энг катта муаммо битта: айтилаётган сўзга харидор бор-йўқлиги” Шунингдек, ўзбек олимининг таъкидлашича, “Зўраки тарғиботлар, ҳатто мажбурий обуна қилиш усуллари ҳам эндиликда иш бермайди”.

Шу маънода Ўзбекистоннинг ижобий имижини юксалтиришга қаратилган тарғибот жараёнини ҳам бозор қонуниятларига эътиборсизлик билан амалга ошириш мумкин эмас. Қачонки биз ишончли, объектив ва балансланган ва энг муҳими хорижий ўқувчининг талабига мос ахборот тайёрлашни ва уларни ўз вақтида узатишни ўргансаккина, бизнинг “маҳсулотларимиз” дунё медиа бозорида рақобатбардошликка эришади.

Хулоса ва таклифлар

Замонавий медиа муҳитдаги мамлакат имижининг когнитивлик хусусиятлари ҳақида сўз кетар экан, жамият аъзоларидаги ижтимоий-психологик кайфият ва унга таъсирнинг аҳамиятини четлаб ўтиш мумкин эмас. Шу сабабдан:

– ижобий психологик фон ёрдамида чет элликларнинг Ўзбекистонга бўлган ишончини янада ошириш режаларини ишлаб чиқиш тавсия этилади. Бунда ўзбек жамиятида қўлга киритилаётган ютуқлар ҳақидаги энг муҳим ва батафсил маълумотлар берувчи материалларни танлаб олиш ва уларни ОАВ орқали мунтазам равишда узатиш тизими йўлга қўйилмоғи керак;

– замонавий журналистиканинг ҳосиласи бўлган медиаобраз назарий жиҳатдан имижмейкингнинг медиаимиж каби тушунчасига айнан мос тарзда юзага келади. Бунда лингвокогнитив моделлаштириш методикасидан фойдаланиш кутилган самарани бериши мумкин;

– нафақат мамлакат, балки ҳудудлар, вилоятлар ва туманлар кесимида ҳам имижни моделлаштириш жараёнини янги аспектларда тадқиқ қилиш тавсия этилади.

Беруний Алимов, филология фанлари бўйича фалсафа доктори

Шарҳ қолдириш