Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш борасидаги ишлар халқаро экспертлар иштирокида муҳокама этилди

2019-10-12T05:16:46+00:0012 Oktabr, 2019|Умумий янгиликлар|

Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида “Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари эркинлиги масалалари” мавзусида халқаро давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда юртимиздаги давлат органлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар, Вена шаҳридаги Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти иштирокчилар мамлакатларининг доимий вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбати аввалида “Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш масалалари”, “Ўзбекистонда ахборот соҳасини ривожлантиришда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятининг аҳамияти” ҳақидаги маърузалар тингланди. Ушбу маърузаларда кейинги уч йилда мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларининг чинакам “тўртинчи ҳокимият” даражасига етиши учун яратилган имкониятлар ва бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.

Шундан сўнг ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Джон Мак Грегор, ЕХҲТ элчилари ва мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари вакиллари кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.

Давра суҳбати якунида ташкилотчилар 2020 йилда юртимизда “Марказий Осиёда сўз эркинлиги” мавзуида халқаро форум ўтказишга тайёр эканлигини маълум қилди.