ЎЗБЕКИСТОН ЖУРНАЛИСТЛАРИНИНГ КАСБ ЭТИКАСИ КОДЕКСИ

2019-06-24T08:38:42+00:0020 May, 2019|Умумий янгиликлар|

Ҳурматли журналистлар, азиз ҳамкасблар!

Сизларнинг   муҳокамангизга “Ўзбекистон Журналистларининг  касб этикаси  кодекси” лойиҳасини  тақдим этяпмиз.

Ушбу лойиҳа устида  бир неча йиллар давомида иш олиб борилди.  Хусусан, 2018 йили  бу мавзуда бир неча  йиғилиш ва давра суҳбатлари  ўтказилди. Уларда нафақат  миллий экспертлар,  тажрибали  журналистлар  таклиф-мулоҳазалари  тингланди, балки  ЮНЕСКО, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси,  Минтақавий  мулоқот ва бошқа кўплаб  халқаро  ташкилотларнинг Ўзбекистондаги  ваколатхоналари  вакилларининг бу борадаги  хорижий  тажрибалар  бўйича фикрлари  билан танишилди. Мазкур  муҳокамаларда билдирилган  таклиф-мулоҳазалар асосида сизга тақдим  этилаётган  Ўзбекистон Журналистларининг  касб этикаси  кодекси лойиҳаси юзага келди.

Этика  кодекси –   ҳар бир  журналист фаолиятининг мезони, унинг  бурчи, масъулияти, ахлоқий  маданияти, маънавиятини белгилаб берувчи  ўзига хос  муҳим ҳужжат. Кодекснинг  касбий фаолиятимизда қанчалик муҳим ўрин тутиши  унинг  нечоғли мукаммал  бўлишига боғлиқ. Шу боис  барча журналистларни   тақдим этилаётган кодекс  лойиҳасига бефарқ бўлмаслик ва  масъулият  билан ёндашиш, фикр-мулоҳазалари, таклифлари билан ўртоқлашишга чақирамиз.

Муҳокамаларда иштирок этиш муддати  лойиҳа эълон қилинган кундан бошлаб 1 ой.

Фикр-мулоҳазалар, таклифларни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига (Тошкент, 11. Навоий кўчаси 30 уй, электрон манзил: info@journalist.uz  ва  ijod@sarkor.uz)юборинг.

 

 Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

 

 Лойиҳа

ЎЗБЕКИСТОН ЖУРНАЛИСТЛАРИНИНГ КАСБ ЭТИКАСИ КОДЕКСИ

 МУҚАДДИМА

 

Инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган демократик жамиятни сўз ва ахборот эркинлигисиз тасаввур этиб бўлмаслигини эътироф этиб, биз – Ўзбекистон журналистлари мазкур касб этикаси кодексини (кейинги ўринларда – Кодекс) қабул қилдик.

Кодекс Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси (БМТ БА, 1948 й), Журналистикада касб этикаси халқаро принциплари (ЮНЕСКО,1983й), Журналистлар одоб-аҳлоқи принциплари халқаро декларацияси (Халқаро журналистлар федерациясининг конгресси, 1954 й) ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда қонунчилиги инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилди.

Кодекс журналистлар ва барча оммавий ахборот воситалари ходимлари ўз касб мажбуриятларини бажаришда риоя этиши шарт бўлган маънавий-ахлоқий йўналишларни белгилайди.

 

1.ЖУРНАЛИСТНИНГ КАСБ МАЖБУРИЯТИ

Ҳаққонийлик, холислик, адолат, фикрлар хилма-хиллиги ва инсон ҳуқуқларига ҳурмат Ўзбекистон журналистлари фаолиятининг асосий қоидаси ҳисобланади.

Журналист ўзининг сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш йўлидаги фаолияти жамият олдидаги бурчи экани ва унинг материаллари жамият манфаатларига хизмат қилиши кераклигини тўлиқ англайди.

Журналист Ўзбекистоннинг амалдаги қонунлари  ва халқаро қонунларга асосланиб иш олиб боради, медиа маконда ижтимоий масъулият муҳитини яратган ҳолда соҳада ўзини-ўзи бошқариш тизимини вужудга келтириш ва мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади, журналист обрў-эътибори ва  шаънини ҳимоя қилади.

 

2.ЖУРНАЛИСТНИНГ ИЖТИМОИЙ МАСЪУЛИЯТИ

Журналист  жамият учун  ахборот тўплаши, тайёрлаши ва уни тарқатиши, шунингдек  фуқароларнинг ўз фикрларини билдиришлари учун майдон яратиши лозим.

 

3.БЕТАРАФЛИК, ҲАЛОЛЛИК ВА ХОЛИСЛИК

Журналист бетараф ва ҳалол бўлиши, воқеа-ҳодисаларни холисона ёритиши, муомала маданиятига амал қилиши,  фаолиятини шахсий ишончи, қатъияти ва принципларига мувофиқ бажариши зарур.

Журналист ўз касб мажбуриятларини бажаришда ахборот олишнинг қонунга зид усулларидан фойдаланмаслиги (қўрқитиш, таъмагирлик, товламачилик, иғвогарлик, мукофот ваъда қилиш ёки одоб-ахлоқ нормаларига зид бошқа усуллар билан), шунингдек ўз хизмат ваколатларидан шахсий мақсадлари йўлида фойдаланмаслиги шарт.

Журналист ҳар қандай шароитда ҳам ёлғон ахборот эълон қилмаслиги, далилларни бузиб кўрсатмаслиги ва ижтимоий аҳамиятга эга ахборотни атайлаб яширмаслиги лозим.

 

4.АХБОРОТНИНГ ИШОНЧЛИЛИГИ ВА ХОЛИСЛИГИ

Ўзи тарқатаётган ахборотнинг ишончлилигини текшириш ва холис ахборот тақдим этиш журналистнинг бевосита мажбуриятидир. Журналист ҳаққонийлигига ишонч ҳосил қилган ахборотнигина тарқатади ва шарҳлайди (бунда у камида иккита мустақил манба орқали ахборотни текшириб кўриши тавсия этилади).

Ишончсиз ва далилларга асосланмаган ахборот тарқатган тақдирда журналист зудлик билан ўз хатосини тан олиши, бунинг учун узр сўраши ва хатосини тузатиш чорасини кўрмоғи лозим.

Журналист миш-мишлар ва уйдирма гапларга чалғимайди, жамиятда ва одамлар орасида саросима, ғалаён ва тартибсизликлар келтириб чиқарувчи, шунингдек жамиятнинг ҳаётий муҳим тизимларининг издан чиқишига сабаб бўладиган ахборотни тарқатиш билан шуғулланмайди.

Журналист фикр ва нуқтаи назарлар хилма-хиллигини ҳурмат қилади, материалларида бунга алоҳида эътибор қаратади.

 

5.АХБОРОТ МАНБАЛАРИ ВА МАХФИЙЛИГИ

Журналист жисмоний ёки юридик шахснинг ахборот тақдим этишни рад этиш ёки тақдим этишдан тийилиш ҳуқуқини тан олади. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Журналист ахборот манбаи рухсатисиз маълумотларни ошкор қилмаслиги, ахборотдан ғаразли манфаатлари ёхуд учинчи шахслар манфаатлари учун фойдаланмаслиги керак.

Журналист махфий йўл билан олинган ахборот манбаига нисбатан касб сирини сақлайди. Журналистни манбани ошкор этишга мажбурлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Махфийлик ҳуқуқи қонунчиликда белгиланган ҳолатлардагина  суд қарори билан бузилиши мумкин.

 

  1. МИЛЛИЙЛИК ВА МИЛЛИЙ МАЪНАВИЯТ

Журналист қандай мавзуга қўл урмасин миллий ўзига хослик, миллий маънавият ва ахлоқий қадриятларга, шу билан бир вақтда бошқа миллатлар ва маданиятларга ҳурмат сақлайди.

Журналист ҳеч бир халқ ва  элатнинг миллий, диний ёки ирқий камситилишига йўл қўймайди.

 

  1. ШАХСИЙ ҲАЁТГА ҲУРМАТ. ШАХС ШАЪНИ ВА ҚАДР-ҚИММАТИНИ ҲИМОЯЛАШ

Журналист одамларнинг шахсий ҳаётини ҳурмат қилади. Шахс шаъни ва қадр-қиммати камситилишига йўл қўймайди.

Журналист одамларнинг шахсий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни фақат уларнинг розилиги ва ҳужжатларнинг сир сақланишига риоя қилган ҳолда эълон қилади.

Журналист ноқонуний йўллар ва бошқа номақбул воситалар ёрдамида одамларнинг шахсий ҳаёти ҳақида ахборот тўплаш, овоз ёзиб олиш ва бошқа материаллар тўплаши мумкин эмас.

Журналист балоғатга етмаганлар, жабрланувчилар, беморлар шаънини сақлаш нуқтаи назаридан уларнинг шахсини ошкор этмайди.

Журналист жиноий ишни ёритувчи материални тайёрлаётганида ҳукм чиқаришдан тийилади. Шахснинг айби суд томонидан исботланмагунига қадар журналист уни айбдор деб аташ ҳуқуқига эга эмас.

 

8.ПЛАГИАТ

Журналист ўз фаолиятида плагиатга йўл қўймаслиги лозим. Плагиат – ҳеч бир ҳавола кўрсатмай ўзга манбанинг матни, овози, кадри ҳамда тасвирини ўзлаштириб олиш – кўчирмакашликдир.

Журналист бошқа оммавий ахборот воситалари ва журналистлар муаллифлигидаги материаллардан фойдаланганида ёки уларга мурожаат қилганида аниқ манбани кўрсатишга бурчлидир.

 

9.ЖУРНАЛИСТЛАР БИРДАМЛИГИ

Журналистлар касбий бирдамлик талабларига риоя қиладилар. Журналист профессионал обрў-эътиборига путур етказадиган ва ижтимоий бурчига зид бўлган ишларга қўл урмайди. Журналистлар оммавий ахборот воситаларидан ғаразли мақсадларда ва ҳамкасблари ўртасида келишмовчиликлар келтириб чиқариш йўлида фойдаланмасликлари даркор.

Профессионал фаолияти учун таъқиб остига олинган журналист  журналистлар бирдамлиги туйғуси ва принципларидан келиб чиққан ҳолда ҳамкасблари томонидан ҳимоя қилиниши лозим.

 

  1. ОАВ БЎЙИЧА ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИ

Журналист касб этикаси талаблари ва меъёрлари бузилиш ҳолатларини кузатиш, таҳлил қилиш ва тегишли хулоса чиқариш мақсадида ОАВ бўйича жамоатчилик кенгаши тузилади.

Жамоатчилик кенгаши низоми Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси конференциясида  тасдиқланади.

Жамоатчилик кенгаши   етти кишидан иборат таркибда беш йиллик муддатга Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси конференциясида  сайланади.

Жамоатчилик кенгаши:

-миллий ва хорижий (кези келганда) оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган (тарқатилган) материалларни журналистнинг касб этикаси меъёрлари нуқтаи назаридан ўрганади, таҳлил қилади, баҳолайди, хулоса чиқаради;

-журналистлик фаолияти билан боғлиқ баҳсли ҳолатларга ойдинлик киритилишида ёрдамлашади;

-Кодекс меъёрларига риоя этилмаслик ҳолатлари юзасидан тақдим этилган мурожаатларни кўриб чиқади ва қарор қабул қилади;

-журналист касб этикасига тааллуқли бошқа масалаларни жамоатчилик эътиборига ҳавола этади.

-кўриб чиқилган масала юзасидан  Жамоатчилик кенгашининг қарори Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси муассислигидаги  нашрларда чоп этилади.

Жамоатчилик кенгаши қарори журналистни интизомий, маъмурий ёки бошқа турдаги жавобгарликларга тортиш учун асос ҳисобланмайди, фақат тавсия хусусиятига эга бўлади.

Шарҳ қолдириш