Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси таниқли журналист ва етук публицист Маҳмуд Саъдийни қутлуғ 80 ёшини қаршилаётгани билан самимий муборакбод этади. Устозга соғлик, омонлик ва ижодий баркамоллик тилаймиз.

2019-08-12T11:49:18+00:0019 Iyul, 2019|Қутловлар, Умумий янгиликлар|

МАҲМУД САЪДИЙ 1939 йил Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида туғилган. Мактабни тамомлаганидан кейин ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети филология факультетининг журналистика бўлимида таҳсил олди.

“Шарқ юлдузи” журналида адабий ходим, бўлим мудири, “Гулистон” журналида катта адабий ходим, бўлим мудири. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида бўлим мудири, “Маърифат” газетасида махсус мухбир, шарҳловчи, бўлим муҳаррири вазифаларида фаолият кўрсатди. Айни пайтда “Маърифат” газетасида ишлаш билан бирга Жаҳон тиллари университетида ёшларга дарс бермоқда.

Маҳмуд Саъдий ўзига хос муҳаррирлик мактаби яратган тажрибали ижодкор, иқтидорли мунаққид ва кўзга кўринган таржимондир. Ўзбек адабиётининг энг долзарб муаммолари таҳлилига бағишланган кўплаб мақола ва тадқиқотлари орасида унинг адабий-танқидий мақолалар ва суҳбатларни ўз ичига олган “Теран томирлар” китоби алоҳида ажралиб туради. У Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети талабалари учун “Таҳрир санъати” ўқув дастурини яратди.

“Фидокорона хизматлари учун” ордени, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” унвони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 15 йил” кўкрак нишони билан мукофотланган.