«Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси йўлланмаси билан» туркумидан: БУЮК САФАРБАРЛИК

2019-03-07T13:21:29+00:007 Mart, 2019|Умумий янгиликлар|

Бугун экологик фожиа ўчоқларидан бири бўлган Мўйноқ ва Орол денгизининг сувсиз ҳудудларида давом этаётган буюк сафарбарлик ҳақида эшитмаганлар бўлмаса керак. Нукус шаҳри яқинида тармоқларга бўлиниб, жилдираб қолган кўҳна Жайхун оша Қўнғирот сари бораётгандаёқ одамларнинг “Оролгами? Яқинда кўз очган булоқни кўргани боряпсизларми?” деган саволларига тез-тез жавоб беришга тўғри келарди. Поезддан тушиб Мўйноққа йўл оларканмиз, қарийб юз чақиримлик масофада юртимизнинг турли вилоятлари ва халқаро ташкилотлар белгиси қўйилган турфа русумдаги машиналарга кўзимиз тушиб, шу кунларда бутун дунёнинг эътибори Оролга қаратилганини ҳис этдик.

* * *

Мўйноқда меҳмонхонага жойлашиб, Оролқум қўйнида атроф-муҳитга заҳар сочадиган шўрхок қум тўзонлари йўлини тўсувчи саксовулзорлар яратилаётган ҳудудлар сари йўл олдик. Етмиш-саксон километрлардан сўнг ҳимоя ўрмонзорлари яратиш бўйича ташкил этилган қароргоҳга етиб келдик. Вагоннусха модуль уйлар, чодирлар, ўтовлардан иборат муваққат манзилни бамисоли мўъжаз шаҳарча дейсиз. Шу жойда ташкил этилган “штаб”да кенг миқёсда давом этаётган ишларни мувофиқлаштириб бориш учун зарур шароитлар яратилган.
Юз чақирим масофа босиб, ҳозиргина Чағалай (Шағала) деб аталган ҳудуддан етиб келган Фуқаро муҳофазаси институтининг кафедра бошлиқлари Бахтиёр Ҳайдаров ва Ўткир Назаров билан суҳбатимиздан амалга оширилаётган ишлар кўлами янада ойдинлашди. Ўткирбекнинг айтишича, Орол кенгликларига экилаётган ҳар бир саксовул беш-олти йилдан сўнг тарвақайлаб ўсиб, ўн минг тоннага қадар қумни тутиб қоларкан. Энди тасаввур этинг: ҳудудда иш бошланганидан то шу кунгача (10 февраль) тракторлар ёрдамида саккиз юз минг гектарга яқин майдонларда жўяк олинибди. Самолёт ёрдамида икки юз минг гектарга яқин, тракторларда эса юз минг гектардан зиёд, жами уч юз минг гектардан ортиқ майдонга саксовул уруғлари сепилган. Жўяк олиш бўйича бир кунлик ўртача миқдор 29 минг, саксовул уруғи экиш эса салкам икки минг гектарни ташкил этаётган экан. Бинобарин, улуғ ишга сафарбарлик шу тарзда давом этса, яна ўн йиллардан сўнг боғу-бўстонлар заволи бўлган қум бўронлари буткул жиловланиб, Орол кенгликларидан беғубор насимлар эса бошлашига ишонгинг келади.
Cуҳбатимиз давомида Орол кенгликларида бир нечта аэродром ташкил этилиб, минг тоннага яқин саксовул уруғи захираси тайёрлангани, учоқлар ёрдамида шимолий йўналишдаги 62- ва 105-километрларда бир куннинг ўзида ўн минг гектардан зиёд майдонга уруғ сепилганидан воқиф бўлдик.
Ҳудудни ўрганиш жараёнида саксовулзорлар барпо этиладиган бир қанча янги йўналишлар белгилаб олинибди. Шу муносабат билан Фарғона водийси ва Сирдарё вилоятлари отрядлари бу ердан 83 километр наридаги ҳудудга, Хоразм, Сурхондарё ва Навоий вилоятларидан келган бўлинмалар йигирма километр радиусдаги Ахантай кенгликларига кўчирилибди. Жиззах ва Тошкент вилоятлари отрядлари Сурғил, Бухоро вилояти ҳашарчилари ғарбий, қорақалпоғистонликлар эса 108-, 120- ва 131-километрлардаги шимолий кенгликларга жалб қилинибди.
– Янги йилни шу ерда кутиб олдик, – дейди Алпомиш қоматли Бахтиёрбек қароргоҳ ўртасида қад кўтариб турган катта арчани кўрсатиб. – Ҳеч ким байрамни уйимда ўтказаман деб кетмади.
Ахир, бу ерда – денгиз сатҳидан олтмиш саккиз метр пастда жойлашган экстремаль шароитлардаги кенгликларда дунё тарихининг ўзига хос янги саҳифалари яратилмоқда. Янги йилда Орол кўксида арча безатилиб, машҳур хонандаларнинг ташриф буюриши, ҳаяжонли учрашувлар буюк ишга сафарбар этилган минглаб Ватан фарзандлари қалбида унутилмас таассурот қолдирганини уларнинг юз-кўзида балққан ифтихор туйғуларидан сезиб турардик.

* * *

Навоий вилоятининг ўрмончи ва ҳашарга жалб этилган жамоалари ишлаётган жойга йўл оламиз. Бу ерларнинг ўзига хос жуғрофиясини яхши ўрганган Бахтиёр Ҳайдаровдан бизга ҳамроҳ бўлишни илтимос қилдик. Энди саксовул экилган майдонлар ортда қолиб, йўлнинг бир зумда кўчма қумлар кўмиб юбориши мумкин бўлган оғир қисмлари бошланади. Кўп ўтмай қамиш боғламларидан қумтўсиқ яратаётган ўрмончилар ёнида тўхтаймиз. Мўйноқ ўрмонларни қўриқлаш ва сақлаш бошқармаси муҳандиси Собит Нажматдиновдан юзга яқин ўрмончилар Арслонқуйруқ ва Сурғилдаги ишларга жалб этилганини билиб оламиз. Улар давлат ва халқаро фонд маблағлари ҳисобидан ҳар йили беш минг гектар майдонда саксовул ўрмонзорлари барпо этишаётган экан. Юсуф Тўлаганов, Жўлмирза Давлетов, Орзумурод Хўжамуродов каби ўрмончилар ўз ишининг моҳир устасига айланишган…
Ҳали манзилимиз узоқ. Гоҳо йўлимиздан товушқон югургилаб ўтиб қолади, гоҳо чиғаноқлар гиламдай тўшалган тақирликларга дуч келамиз. Жўяклар олинган бўлажак ўрмонзор манзараси эса амалга оширилган ишлар кўламини яққол намоён этади. Бу ерларнинг шарт-шароити ҳақида сўзлаётган Бахтиёрбекнинг гурунглари ҳаммани ҳушёр торттиради:
– Денгиз ости ҳудудлари ҳозир кўраётганингиздай текис эмас, – дейди у. – Қум билан туз аралаш очиқ майдонлар, ҳатто “жип”лару йўл танламас “вездеход”лар ҳам ўтолмайдиган тузли ботқоқликлар кўп. Барча вилоятлардан ҳар жиҳатдан соз ва қудратли тракторлар сафарбар этилгани ишимизга қанот бўлмоқда. Акс ҳолда 25 даражадан ошадиган аччиқ совуқларда тўхтовсиз ишлаб бўлмасди.
Қаршимиздан келаётган техникалар карвонини кўриб тўхтадик. Машҳур «John Deer» компанияси “тулпорлари” пешонасидаги “Навоий вилояти” деган ёзувни ўқигач, тракторлар янги майдонларга жалб этилганини англадик. Қизилтепалик тракторчи Охунжон Музаффаровга йўл устида бўлса ҳам саволлар бера бошлаймиз. «Бу ерга иккинчи навбатда келганларданман, – дейди у. – Икки ҳафтадан буён саксовул уруғлари экаяпмиз. Кабина иссиқ, барча шароитлари бор, ҳамма нарса етарли…”. Шу жойда ФВВ Сурхондарё вилоят бошқармаси вакили Хуршид Собиров ҳам суҳбатимизга қўшилади. Бошқарманинг элликка яқин хизматчиси икки ойдан буён 25 та техника билан саксовул уруғи экиш ва жўяк олишда қатнашаётган экан. “Жами 65 минг гектарда жўяк очдик”, дейди у. Вилоят ўрмон хўжалиги мутахасислари эса ўттиздан ортиқ техника билан бошқа ҳудудларга сафарбар этилибди.
Тракторлар карвони ўтиб кетгач, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати ходимлари Азамат Суюнов ва Авазбек Абдураҳмонов билан йўлимизда давом этар эканмиз, Бахтиёржон узоқда кўринган “жип” машинасига ишора қилиб, ана, сиз излаган Новицкий келяпти, деди. Машинадан оппоқ юзли барваста киши тушиб келиб, Бахтиёржон билан эски қадрдонлардек қучоқлашиб кўриша кетди. Улар Оролқум кенгликларида елкама-елка ишлаб, оға-инилардек бўлиб кетишгани-ку, рост, бироқ яна бир сабаб ҳам бор экан – бу бизга кейинроқ маълум бўлди. Ҳаво ҳаддан зиёд совуқ эди. Шу сабабли ёши улуғ академик билан машинага кириб суҳбатлашдик. Ўрмон хўжалиги илмий тадқиқот институти ҳимоя ўрмонлари яратиш ва ўрмон мелиорацияси лаборатория мудири Зиновей Новицкий кўп йиллардан буён Оролқумда фаолият олиб бораётганини эшитган эдик. Шу боис гурунгимиз умрини ўрмон яратишга бағишлаган фидойи олимнинг тажрибалари ҳақида борди.
– Ўтган йил 24 август куни Президентимиз Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқида чўл шароитига чидамли ва озиқбоп ўсимликлар кўчатларини етиштириш бўйича Минтақавий марказ ташкил қилишни таклиф этиб, олимлар маълумотига кўра, 10 – 12 йил давомида денгизнинг қуриган қисмини дарахтзор ва бутазорларга айлантириш мумкинлигига эътибор қаратган эди, – дейди Зиновей Богданович. – Шу йўл билан нафақат шўрхок қумлар кўчишининг олдини олиш, айни пайтда, озиқли экинлар етиштириладиган ҳудудлар ва маҳсулдор яйловлар ташкил этиш, чорвачиликни ривожлантириш, одамлар учун янги иш ўринлари яратиш мақсади ҳам кўзда тутилган эди. Давлатимиз раҳбари 2018 йил 15 ноябрда Мўйноққа ташриф буюрганда эса, менга бу борада тадқиқот олиб бораётган олим сифатида маъруза қилиш, илмий кузатишлар натижасини тақдим этишга имкон берилди. Тўғриси, жуда ҳаяжонландим. Давлатимиз раҳбари сўзимни эътибор билан тинглаётгани мени анча дадиллантирди. Илмий кузатишларимиз асосидаги хулосаларни батафсил баён қилдим. Қум кўчишининг олдини олувчи саксовулзор ўрмонлар яратиш билан бирга чоғон, боялиш, терескен каби экинлар экилган бир гектар яйловдан орадан беш йил ўтиб йилига беш юз озиқ бирлигига тенг ем-хашак олиш мумкинлигини ҳам айтдим. Бу ҳақда аниқ далиллар келтирдим. Давлатимиз раҳбари менга юзланиб, бу борада давлат дастури ишлаб чиқилса, илмий раҳбарликни зиммангизга оласизми, деб сўради. Бу мен учун катта шараф эди, бир оз ўйланиб, “Албатта” деб жавоб бердим. Ҳақиқатда ҳам икки-уч ҳафта ўтар-ўтмас ҳукумат дастури ишлаб чиқилиб, мен унга илмий раҳбар этиб тайинландим.
Зиновей Богданович бу ерда 1981 йилдан буён иш олиб бораётир. У тадқиқотларга киришган илк йилларда бундай тажриба йўқ эди. Негаки, жаҳон кўламида ҳам денгиз қуриб, унинг очилиб қолган тубида ниманидир ўстириш мумкинлиги ҳали ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди. Ўтган йиллар мобайнида олим шу йўналишдаги йигирмага яқин илмий лойиҳага раҳбарлик қилди. Шулардан иккитаси халқаро лойиҳа. Оролнинг қуриган тубида ҳимоя ўрмонзорлари яратишнинг илмий асослари мавзусида докторлик диссертацияси ёқлаган З.Новицкийнинг обрў-эътибори ошиб, Россия Табиий фанлар академияси, БМТ ҳузуридаги Информатизация ва янги технологиялар халқаро академияси аъзолигига сайланди.
Маълумки, ҳар йили Оролнинг қуриган тубидан ҳавога 150 миллион тоннагача қум ва туз зарралари кўтарилади. Экологик инқироз оқибатларини бартараф этишда, денгизнинг сув қочган ҳудудларини муолажа қилиш биринчи даражали вазифага айланди. Президентимиз даъвати билан бошланган буюк сафарбарлик ҳар қанча эътирофга муносибдир. “Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида шу мақсадлар учун юз миллиард сўм маблағ ажратилгани ҳам бежиз эмас. Йиллар ўтади, Оролнинг яшил қалқони вужудга келади. Экстремаль туризм, автораллилар ташкил этилади. Ҳозир икки жойда чучук сув манбаи топилган. Бундай артезиан қудуқлар элликтага етказилади. Уларнинг атрофида суғорма яйловлар, ям-яшил кичик воҳалар вужудга келади. Туячиликни ривожлантириш орқали шифобахш сут билан даволовчи масканлар очилади.
– Хизмат юзасидан чет элларда кўп бўламан, – деб сўзида давом этади суҳбатдошимиз. – Ҳамма Орол ҳақида сўрайди. Бу жойларни келиб кўришга иштиёқманд одамлар кўп. Сайёҳларга хизмат кўрсатиш мамлакат хазинасини бойитади. Ҳозир сиз кўриб келаётган қароргоҳ ўрнида шаҳар бунёд бўлади, десам ишонаверинг. Ахир, ким ўйлабди Зарафшон ва Учқудуқ каби замонавий шаҳарлар саҳронинг қоқ ўртасида қад кўтаради деб. Уларда одамлар бугун мегаполислардаги каби яйраб яшаяти-ку. Демак, Орол кенгликлари ҳам ўша шаҳарлар каби обод бўлишига шубҳа қилмаймиз… Мен яқинда катта бир йиғилишда олим сифатида ўзимни ғоят тўлқинлантирган, ҳатто бадиий асарларга эпизод бўлгулик бир воқеани айтиб бердим. Янги йил арафаси эди. Оролнинг яқинда суви қочган ҳудудларидан ҳориб-толиб, эзилган бир ҳолда қайтиб келгандим. Ҳаво жуда совуқ, ҳаммаёғим ҳўл, ботинкам, пайпоқларим жиққа сувга ботган, аранг гавдамни тутиб турардим. Шунда биласизми қандай воқеа юз берди? Штабга келиб, пойафзалимни ечганда аҳволимни кўрган офицерлар, улар етти-саккиз киши эди, бирданига барчаси жомадонларини очишди. Мен ҳарбий эмас – олим одамман, лекин уларнинг ҳимматидан шошиб қолдим. Ҳаммаси: “Менинг пойафзалимни олинг”, “Меникини кийиб кўринг”, дея илтифот қилишарди. Бироқ улар кичиклик қилди. Шунда мана шу Бахтиёржон: “Тўхтанг. Бир оз кутиб туринг”, дея қўшни хонадан ўзининг жомадонини олиб чиқди ва ундан – ўзиники эмас, дўстларидан бири зарур бўлганда фойдаланасан, деб бериб юборган яп-янги этикни олди. “Мана шу сизга тўғри келади, дарров кийиб олинг”, деди. Этикни кийиб жоним ҳузур қилди. Бахтиёр менга энг оғир дамда ёрдам қўлини чўзди. Бу мардликни бутун умр унутмайман.

* * *

Дарҳақиқат, ҳимоя ўрмонлари яратиб қум тўзонларини жиловлашга бел боғлаган барча юртдошларимизни эл дардига кўкси қалқон фидойи паҳлавонларга менгзагинг келади. Бу йил қишнинг нисбатан юмшоқ келиши ҳам амалга оширилаётган ишларга катта унум ва барака бағишлабди. Олинаётган жўякларга баҳор ва кузда кўчат қадалади. Иш Оролнинг сўнгги қарич қуриган туби қолгунча давом этади. Жаҳон тажрибасида кўрилмаган улуғ ишларга ўз олимларимиз ва ҳукуматимиз томонидан асос солинаётгани фахр-ифтихорга муносиб. Ҳа, биз бугун яқин ўтмишнинг маъшум хатолари боис келиб чиққан экологик фожиа оқибатларини бартараф этишга бел боғладик. Давлатимиз раҳбари ташаббусини қўллаб-қувватлаган халқаро ташкилотлар эзгу ишларимизга хайрихоҳ бўлишмоқда. Харитага назар солсак, буюк тарихий ишлар амалга ошаётган мазкур ҳудуд Орол денгизининг қоқ ўртаси бўлиб чиқади. Шу жойдан Устюрт ортидаги Ҳазар денгизи беш-олти юз чақиримдан ошмайди. Улуғвор сукунат оғушидаги Осиё кенгликлари шимол ўрмонларию бепоён уммонларга туташиб кетган. Беихтиёр атоқли шоиримизнинг “Она сайёра” шеъри хаёлга келади:
… Шарқда чўпон ёққан гулханнинг нури
Шимол сайёҳига кўриниб турар.
… Эллар тўзғиб ётар гул япроғидек
Бир ён шоҳу гадо, бир ён дўст ғаним.
Бир ёнда хаёлий Эрам боғидек
Буюк ва бетимсол менинг ватаним.
У менинг кўзимга ҳилолдай маҳваш,
Офтоб келар фақат унинг қошига.
О, она сайёра, бағрингни поклаш
Менинг ватанимнинг тушган бошига.
… Толеинг то абад бўлмасин қора,
Манглайинг оқ бўлсин, ярқироқ бўлсин.

Мурод АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист

Шарҳ қолдириш