Ўзбекистон ҳақидаги кўрсатувларни Индонезияда энди 100 миллиондан зиёд киши томоша қилади

2019-10-12T05:20:26+00:0012 Oktabr, 2019|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини илгари суриш бўйича чора-тадбирлар доирасида мамлакатимизнинг Индонезиядаги элчихонаси томонидан ушбу давлатнинг бир қатор етакчи телеканаллари ва медиа гуруҳлари билан ҳамкорлик ўрнатилди.

Жумладан, олиб борилган музокаралар самараси ўлароқ, 10 октябрда “CNN Indonesia”, “Kompas TV” ва “Metro TV” телеканаллари билан Ўзбекистон ҳақида махсус кўрсатувлар тайёрлаш бўйича битимга эришилди.

Келишувга кўра, 16 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчихонаси биносида юқорида номлари келтирилган учала телеканал ижодий ходимлари Ўзбекистон маданияти ва таомлари ҳақидаги дастурларни суратга олишади.

Ноябрь ойида “Metro TV” бир гуруҳ журналистларни Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳияти тўғрисида кўрсатув тайёрлаш учун республикамизга юборишни режалаштирган.

CNN Indonesia вакиллари Ўзбекистонда жорий йилнинг 22 декабрида бўлиб ўтадиган парламент сайловлари жараёнини ёритишни мақсад қилган.

Декабрь ойи ўрталарида “Kompas TV” телеканали тасвирга олиш гуруҳи Ўзбекистонга келади ва мамлакатимиз қишки туризмига оид туркум кўрсатувларни тайёрлайди.

Маълумотларга кўра, мазкур уч телеканал фаол томошабинларининг сони 100 миллион нафардан ошади.

Қайд этиш жоиз, бу Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчихонаси ташаббуси билан амалга оширилган илк йирик лойиҳа эмас. Аввал хабар берганимиздек, жорий йил сентябрь ойида Индонезиянинг йирик “Trans TV” ва “Trans 7” телеканалларида Ўзбекистон тарихи, анъаналари, маданияти ва санъатига бағишланган дастурлар тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилганди. “Trans Media” медиа-холдинги тақдим этган маълумотга кўра, ушбу кўрсатувларни жами 60 миллиондан зиёд томошабин кўрган.