Ўзбек баҳори

2019-02-28T11:26:50+00:0028 Fevral, 2019|Умумий янгиликлар|

“Ҳавода умидбахш кайфиятлар ҳис этилмоқда, Ўзбекистон барча аҳолисининг оғзида ўзгаришлар” («The Guardian”, Буюк Британия); “Республиканинг ташқи дунёга қучоқ очиши мамлакатнинг янги йўналишда шахдам одим отишига имкон беради” (“The Washington Post”, АҚШ); “Бу ўз йўлини аниқ биладиган, ўзгаришлар йўналишларини аниқ белгилаб олган мамлакат” (“Newsweek”, АҚШ); “Ўзбекистон иқтисодий тараққиётнинг янги асрига қадам қўймоқда” (“Germany Trade & Invest”, Германия); “Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларнинг жадаллиги ҳайратга солмоқда” (“El Mundo Financiero.com”, Испания) ва ҳакозо… 

 

Нуфузли хорижий оммавий ахборот воситаларида мамлакатимизда кенг кўлам олган чуқур ислоҳотларнинг бундай якдил ва юқори баҳоланишига авваллари гувоҳ бўлмаганмиз.

 

Чет эл журналистлари томонидан Ўзбекистонга ҳатто “Осиёнинг янги йўлбарси” таърифи берилмоқда, Осиё журналистлари ассоциацияси эса юртимиздаги ана шу илҳомбахш ўзгаришларнинг ташаббускори –Президентимиз Шавкат Мирзиёевни “2018 йил одами” дея эътироф этди.

 

Файласуфларнинг тарихда шахснинг роли тўғрисидаги неча асрлардан бери давом этаётган баҳсларида якдил узил-кесил хулоса шаклланганича йўқ. Шахс тарихнинг табиий кечишини ўзгартира оладими? Шахснинг иродаси билан кескин туб янгиланишлар бошлаб юборилиши муқаррарми? Ана шу шахс бўлмаганида миллионлаб одамлар ҳаёти қандай кечарди? Бу каби саволлар юзасидан мунозаралар ҳозирча мантиқий якунига етмаган.

 

Шунга қарамасдан тарих алоҳида бир шахсларнинг ўз Ватани, халқи қисматида ҳал қилувчи роль ўйнаганлигидан гувоҳлик беради. Уларнинг буюк хизматлари тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан муҳрланганлиги яхши маълум.

 

Биринчи жаҳон урушида мағлубиятга учраганидан сўнг пароканда салтанат харобалари ўрнида замонавий Туркия Республикасини тиклаган ва тараққиёт йўлига бошлаган Мустафо Камолга миннатдор миллатдошлари “турклар отаси” – “Отатурк” шарафли номини берган. Мустафо Камол Отатурк тиклаган пойдеворда қад ростлаган Туркия давлати бугунги кунда иқтисодий қудрати бўйича жаҳон мамлакатлари ўртасида 15-ўринни эгаллаб турибди.

 

ХХ асрнинг 30-йиллари бошидаги ҳалокатли “буюк турғунлик” оқибатида миллий даромади икки бараварга камайган, 17 миллион америкалик ишсиз кўчада қолган бир мушкул вазиятда АҚШ Президенти этиб сайланган Франклин Рузвельтнинг “янги курси” мамлакатни яна оёққа турғизди ва тараққиёт сари етаклади. Шу боис у АҚШ тарихида халқ томонидан тўрт марта давлат раҳбари этиб сайланган яккаю ягона Президент сифатида қолди.

 

Иккинчи жаҳон урушидан кейин, газеталардан бирида ёзилишича, “ахлат уюмидан иборат ва уни оч-наҳор 40 миллион немис титкилаб юрган” Германия ҳудудининг тўртдан бир қисмидан маҳрум бўлган, бунинг устига иккига парчаланган эди. Аммо Ғарбий Германиянинг канцлери Конрад Аденауэрнинг ислоҳотлари шарофати билан атиги беш йил ичида у иқтисодиётини икки баравар, яна беш йилдан кейин уч баравар юксалтиришга муваффақ бўлди. Ҳозир эса Германия Европанинг энг тараққий этган давлатларидан бирига айланган.

 

Яқин йиллар ичида ялпи ички маҳсулоти ҳажми бўйича АҚШни ҳам ортда қолдириб, жаҳонда энг қудратли давлатга айланиши кутилаётган Хитой Халқ Республикасининг “маданий инқилоб”ни бошидан ўтказган 1970 йиллар охиридаги ҳолати билан унинг бугунги тараққиёт суръатларини таққослаб кўринг. Ўша пайтда мамлакатнинг биринчи раҳбари бўлмаса ҳам туб бозор ислоҳотларининг ташаббускорига айланган Дэн Сяопиннинг хизматларини унутиб бўладими?!

 

Экспертлар ҳозирги пайтда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ғоялари асосида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни Дэн Сяопиннинг “очиқлик” сиёсати билан қиёслашади. Хитойда “ислоҳотлар меъмори” деб аталадиган бу шахс жасорат кўрсатиб, биқиқ ҳолатдаги мамлакати иқтисодиётининг эшикларини чет эл инвестицияларига ланг очиб қўйди. Янгиланишлар ғоясининг муаллифи хориждаги бой ватандошларини сармояларини ўз она юртларига киритишга даъват қилди ва улар бу чақириққа “лаббай” деб жавоб беришди.

 

Мавжуд сиёсий тузум сақланиб қолгани ҳолда, энг аввало, аҳолисининг деярли учдан икки қисми яшайдиган қишлоқ меҳнаткашларига эрк берилди. Етиштирган маҳсулотларининг бир қисми ўз ихтиёрида қолган деҳқонларнинг бир неча йил ичида ватандошларини тўйдирибгина қолмасдан, чет элларга экспорт қилишга ўтганлиги, Дэн Сяопиннинг таъбири билан айтганда, “дарёдан тошларни ушлаб оҳиста ўтиш”га асосланган ислоҳотларига қанот бахш этди. Мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида эркин иқтисодий зоналар ташкил этилиб, режали халқ хўжалигини бозор иқтисодиётига мослаштириш синовдан ўтказилди. Муваффақиятли чиққан тажрибалар бутун мамлакатда жорий этила бошланди.

 

Дэн Сяопиннинг “таълим мамлакатни модернизация қилишга, келажакка йўналтирилган бўлиши керак” шиори жадал ривожланиш йўлига тушиб олган миллий иқтисодиёт учун етарли даражада юқори малакали кадрлар тайёрланишига асос қилиб олинди. Азалий меҳнатсеварлик ва ишбилармонлик замонавий билим ва технологияларга пайвандланиши натижасида чорак аср давомида Хитой ўз ялпи ички маҳсулоти ҳажмини олти бараварга, аҳоли жон бошига даромадларни эса етти баравардан кўпроққа оширишга муваффақ бўлди.

 

Глобаллашув номини олган давримизда халқаро ҳамжамият, манфаатдор давлатлар билан қалин, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўймаган мамлакат – “ёлғиз от”нинг донғи чиқиши амри маҳол. Сармояга эҳтиёж сезмайдиган давлатнинг ўзи йўқ. Шундай экан, Президентимиз таърифлаганидек, “иқтисодиётнинг юраги” бўлган инвестицияларни бошқа мамлакатларнинг эмас, бевосита бизнинг иқтисодиётимизга кенг жалб қилишга эришиш учун нима қилиш керак? Табиийки, бунинг учун даставвал инвестиция оқими йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш талаб қилинарди.

 

Айрим чет эл публицистлари мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ходимларига Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларни осмонга кўтариб мақташдан тийилиброқ туриш, бошланган ислоҳотларнинг пировард натижаларини кутишни маслаҳат беришади. Аслида “тўртинчи ҳокимият” – расмий уч ҳокимиятнинг мухолифати, ўша ғарблик журналистларнинг таърифи билан айтганда, “демократиянинг қопағон итлари”дир. Аммо қўшиқдан битта сўзни ҳам олиб ташлаб бўлмаганидек, ҳамма гувоҳ бўлиб турган янгиликларни тан олмаслик, улар ким сабабли амалга ошаётганлигини эътироф этмаслик ҳам адолатдан эмас. Бунинг учун атиги икки йилдан илгариги ва бугунги воқеликни таққослаб кўришнинг ўзи кифоя қилади.

 

Ўша – кечаги кунда аҳвол қандай бўлганди? Марказий банкимиз авваллари ҳам ҳар ҳафта валюталар курсини эълон қилиб борарди. Ушбу рўйхат пастига эса валюталарни ўзи эълон қилган курсда “сотиш ва сотиб олиш мажбуриятига эга эмаслигини” илова қиларди. Бундан хабардор бўлган сармоядор шу қадар саховатпеша эмаски, иқтисодиётимизнинг бирор соҳасига киритган инвестициясидан фойдани олмасликка ёки ололмасдан сарсон бўлиб юришга, ҳатто валютани қора бозордан икки баравар қимматга сотиб олишга кўнса. Шу сабабли, хорижий инвесторлар кўпроқ давлат кафолати билангина сармоя киритишга журъат этарди.

 

Энг ачинарлиси, бизда валютани эркин айирбошлашни йўлга қўйиш йилдан-йилга орқага суриб келинаверар, бунинг асло иложи йўқдек туюларди. Валютанинг давлат курси билан қора бозордагиси ўртасидаги фарқ икки баравар бўлгани ҳолатда бунга азм этиш молия тизимига болта уриш билан баробар кўриларди. Оқибатда катта табиий ресурсларга, ўқимишли ва меҳнатсевар иш кучига эга мамлакатда инвестиция камомади туфайли корхоналардаги техника эскириб бораверди, шу сабаб меҳнат унумдорлиги пастлигича қолиб кетаверди. Алмисоқдан қолган дастгоҳлар ёрдамида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар таннархи қимматлиги сабабли, нафақат ташқи, балки ички бозорда ҳам рақобатбардош бўлмай қолди. Очиғини айтганда, биз асосан хом ашё экспорт қиладиган мамлакат даражасига тушиб қолгандик.

 

Ўз Ватани, халқи тақдири учун бутун масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр раҳбардан юзага келган вазиятни тўғри англаш ва тўғри баҳолай олиш, сиёсий ирода ва сиёсий жасорат талаб қилинарди. Давлатимиз раҳбари ушбу фазилатларга эга эканлигини кундалик фаолиятида исботлаб келаётганлигини халқимиз ҳам, бутун жаҳон ҳам кўриб ва билиб турибди. Юқорида чет эл матбуотидан келтирилган иқтибослар ҳудди шундан гувоҳлик беради.

 

Ўша, деярли чорак аср давомида журъат эта олинмаган валютани эркин айирбошлаш муаммосини олайлик. Бу мамлакатда нақадар мураккаб муаммоларни пайдо қилиши мумкинлиги хусусида қанча ваҳима гап-сўзлар бўлганди. Президентимизнинг қатъий иродаси ҳал қилиб бўлмайдиган нарсанинг ўзи йўқлигини исботлади. Қарангки, осмон узилиб ерга тушмади. Валютанинг эркин айирбошлашга ўтилиши натижасида муқаррар бўлган сўмнинг қадрсизланиши ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида аҳолига ортиқча моддий қийинчиликлар келтириб чиқармади. Энг асосийси, Ўзбекистонга сармоя киритиш истагида бўлганлар инвесторлар сафи кун сайин кенгаймоқда.

 

Ёки мамлакатда пластик карточкаларнинг жорий этилиши туфайли қандай ҳолат кузатилганлигини эслайлик. Аслида бу ижобий ҳолат, ҳозир жаҳонда пластик карточкалар муомалада бўлмаган мамлакатнинг ўзи бўлмаса керак. Бироқ бизда молия соҳасидаги мутасаддиларимизнинг “кашфиёти” билан одамнинг ўз меҳнати, пешона тери билан ишлаб топган пулини эркин тасарруф этиш ҳуқуқи чегаралаб қўйилди. Пластик карточкаларга ўтказилган пулларни нақдлаштириш учун бошқа мамлакатларда бўлгани каби тегишли банкоматлар ўрнатишга эътибор берилмади, тўғрироғи инфляцияни жиловлаб туриш баҳонасида бунга йўл қўйилмади.

 

Ўша вақтлардаги кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайдиган ғайри табиий ҳолатлар ҳамманинг ёдида. Талабаларнинг стипендиялари, кўпгина давлат идоралари ходимлари маошлари, вилоятларда пенсияларнинг тўлалигича пластик карточкаларга ўтказилиши нақд пулнинг ҳудди валютадек қора бозор қийматини ҳосил қилди. Карточкадаги пулни нақдига фоиз ҳисобига алмаштириб берадиган судхўрлар тоифаси пайдо бўлди. Нақд пулнинг тақчиллигидан олғир савдо ходимлари ҳам фойдаланиб қолишди. Улар карточка орқали савдо қилишда ўзлари ўрнатган 10-15 фоиз устамани чўнтакка уришди. Йирик савдо марказларида эса нақд пулга муҳтожларнинг кечирасизу ҳудди тиламчилардек харидорлардан “агар нақд пул тўлайдиган бўлсангиз, менинг карточкамдан фойдаланинг” деган илтижоларига ким гувоҳ бўлмаган дейсиз. Энди эса одамларнинг ўзлари оладиган пулларини карточкага ўтказишни илтимос қиладиган бўлиб қолдилар.

 

Ватандошларимиз билан турмуш қурган қўшни мамлакат фуқароларининг, турли сабабларга кўра ўзга юртлардан келганларнинг Ўзбекистон фуқароси паспортини ўнлаб йиллар давомида олиш учун тақиллатмаган эшиклари қолмасди.

 

Мамлакат фуқароси бўлса-да, қишлоғида иш тополмай, ўз Ватанининг пойтахтида бирор юмуш билан шуғулланмоқчи бўлганларнинг қатағон қилиниши-чи? Ҳозир эса ҳар бир ўзбекистонликнинг ўз мамлакати хоҳлаган жойида қонуний меҳнат фаолиятини бемалол амалга ошириш ҳуқуқлари тикланди

 

Юқоридаги каби яна қанчадан-қанча ҳаётий муаммолар фуқароларнинг ўз давлатига ишончини кучайтиришга хизмат қилмаслиги тушунарли эди, албатта.

 

Бу ўринда ўз давлатига ҳақиқий меҳр-муҳаббат, юксак ишонч намунасини Жанубий Корея фуқаролари кўрсатганликларини ёдга солиш фойдадан холи эмас. Ушбу давлат молиявий инқирозга учраганида фуқаролар ҳукуматнинг бирор даъватисиз ҳам ўз сармояларини, аёллар ҳатто қимматбаҳо тақинчоқларини давлат ғазнасига олиб келиб, икки қўллаб топширди. Жанубий Корея ҳукумати ҳам ўз навбатида бурчини зиёдаси билан бажарди: мамлакат яна оёққа туриб олиши билан асл ватанпарвар фуқароларидан қарзини фоизлари билан тўлаб, рози қилди.

 

Шавкат Мирзиёев аввал туман, кейин Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ҳокими, айниқса, ўн уч йил давомида Бош вазир бўлиб ишлаб орттирган ҳаётий тажрибаси туфайли бу каби мавжуд ҳаётий муаммолардан беш қўлдек хабардор бўлгани аниқ. Ўша йилларда ҳукуматимиз раҳбарининг оёғи етмаган нафақат шаҳар ва туман, балки бирорта қишлоқ топилмаса керак. Бош вазир юртимиздаги барча бунёдкорлик ишларига бош-қош бўлди, энг оғир ва муаммоли соҳа – қишлоқ хўжалиги учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

 

Халқимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ўша йиллар давомида қанчадан-қанча ғоялар, режалар кўнгилга тугиб қўйилганлигига бугун ўзи амин бўлмоқда. Ҳукумат раҳбари нафақат жадал ривожланиш йўлига тушиб олган давлатлар, балки қўшни мамлакатларда ҳам давр талаб этаётган ислоҳотлар бошлаб юборилганлиги, Ўзбекистон ҳам отни қамчилаши зарурлигини ҳис этиб юрганлиги, шубҳасиз.

 

Сайловларда ҳақли равишда халқимизнинг тўла ишончига сазовор бўлган Президентимиз бу улкан режаларини амалга оширишни, энг аввало, халқ ҳузурига бориш, одамларнинг қувонч ва ташвишларини ўз оғзиларидан эшитиш бошланганлиги ҳам тасодифан эмасди. Давлатимиз раҳбарининг ўз таъбири билан айтганда, ислоҳотлар йўлида ишонч ва илҳом, ғайрат ва шижоат беқиёс куч-қудрат берадиган – ҳаёт синовларида тобланган, сўзида қатъий турадиган, ишнинг кўзини биладиган, меҳнаткаш, мард ва матонатли халқимиздир.

 

Президентимизнинг, айниқса, “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган қатъий талаби жамиятимиздаги муҳитни тубдан ўзгартиришга хизмат қилди, дея оламиз. Барча ҳудудлар, шаҳар ва туманларда ташкил этилган Халқ қабулхоналари аҳолининг чинакам суянчиғига айланмоқда. Эндиликда бу идоралар масъуллари фақат фуқароларнинг мурожаатларини тинглаш ва ҳал қилиш билан шуғулланибгина қолмасдан, ҳаётга жорий этилган –катта ва кичик мансабдорлар каби ўзлари уйма-уй юриб, аҳолининг ҳолидан хабар оладиган бўлмоқда.

 

Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан алоқалар фақат мустаҳкамланибгина қолмасдан, чинакамига дўст-биродарлик, қон-қардошлик даражасига кўтарилганлиги жаҳон ҳамжамияти учун ҳам ибратга айланди. Қозоқ ва қирғиз, тожик ва туркман ўзбек билан ёнма-ён, жонга жон қўшнига айланди.

 

Хорижлик сармоядорларнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга ишончи кучайганлигини биргина 2018 йилниг ўзида 52 миллиард долларлик 1080 та лойиҳа бўйича келишувларга эришилганлиги далолат бериб турибди. Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Ислом ва Осиё тараққиёт банклари, бошқа халқаро молия институтлари билан ҳамкорликдаги инвестициялар ҳажми эса 8,5 миллиард долларни ташкил этди.

 

Янги-янги замонавий корхоналар ишга тушмоқда, қўшимча иш жойлари яратилмоқда. Қад кўтара бошлаган “Тошкент сити”нинг “Мирзо Улуғбек сити”, “Юнусобод сити” ва бошқа энг замонавий шаҳарчалари юзага келмоқда, ҳар бир вилоятда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла”лар барпо этилмоқда. Биз атом, шунингдек, қуёш электр станциялари қурилишини бошлаш арафасида турибмиз, космос соҳасида лойиҳаларга киришилган, “рақамли иқтисодиёт”ни шакллантириш вазифалари қўйилган.

 

Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги мавқеи ҳам тобора ортиб бораётганлигини Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеянинг 72-сессиясида илгари сурилган ташаббусни ушбу халқаро ҳамжамиятга аъзо 193 та давлатнинг ҳаммаси кенг қўллаб-қувватлаб, 2018 йил 12 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюцияси қабул қилиниши исботлаб турибди.

 

Давлатимиз раҳбари муқаддас ислом динимизнинг инсонпарварлик, маърифатпарварлик моҳиятини, буюк азиз-авлиёларимиз, мутафаккир алломаларимизнинг ноёб ва бебаҳо меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш зарурлигини уқтириб келмоқда. Шу мақсадда Тошкентда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси, Самарқандда Имом Бухорий, шунингдек, Сурхондарёда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари барпо этилмоқда. Тошкент ислом университети ва Ислом академияси негизида Халқаро ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, тўққизта мадраса, шу жумладан, иккита ихтисослашган хотин-қизлар муассасаси, бешта ихтисослашган мактаблар ташкил этилди. Қашқадарёда Абу Муин Насафий, Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд қадамжолари, бошқа зиёратгоҳлар тартибга келтирилиб, ободонлаштирилмоқда.

 

Самарқанддаги Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис мактабининг янги муҳташам бинолари қуриб битказилди. Пойтахтда Ислом цивилизацияси маркази қурилиши жадал давом этмоқда. Бу савобли ишларга ватанпарвар юртдошимиз Алишер Усмоновнинг катта ҳисса қўшаётганлиги, айниқса, таҳсинга сазовор.

 

Боғчалардан бошлаб олий ўқув юртларигача барча таълим тизимида туб ислоҳотларга киришилган. Мамлакатда янги университетлар ва институтлар, уларнинг филиаллари очилмоқда, энг нуфузли олий таълим муасссасалари билан ҳамкорликда факультетлар ва кафедралар ташкил этилмоқда. 2018-2019йилларнинг ўзида юртимиздаги олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш икки бараварга кўпайтирилади. Ҳаётимиздаги бу каби янгиликлар рўйхатини ҳали анча давом эттириш мумкин.

 

Умуман, 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизни янада равнақ топтириш, халқимиз турмуш даражаси ва сифатини ошириш юзасидан жуда катта режалар белгиланган. Кўзланган мақсадларга эришиш ҳар бир ватандошимизнинг фидойилиги ва ташаббускорлигига бевосита боғлиқлигини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. 2018 йил бошида Касаба уюшмалари “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!” даъвати билан чиққан эди. Бугунги кунда ана шу чақириққа қўшилиб, Президентимиз ташаббуси билан тобора кенг авж олаётган ислоҳотлар ижодкорлари ва бунёдкорлари сафида бўлиш ҳар биримизнинг бурчимизга айланиши ниҳоятда муҳимдир.

 

Халқимиз кўкламни ёшариш ва яшариш фасли деб таърифлайди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган, ҳеч бир муболағасиз мислсиз ислоҳотларни ҳам “ўзбек баҳори”га қиёсласа бўлади. Бизнинг нафақат шаҳар ва қишлоқларимиз, қалбимиз ҳам ажиб тарзда ёшармоқда ва яшармоқда. Бундай илоҳий руҳ янги марраларни забт этишга чорлайверсин.

 

Эркин ЭРНАЗАРОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Шарҳ қолдириш