ЎзА танқид қилади: Эҳ, бу йўллар, йўллар…

2019-02-07T17:20:25+00:007 Fevral, 2019|Ҳафта мақоласи|

Долзарб мавзу

Йўллар азалдан турли манзиллар, олис давлатларни туташтириб, одамларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилган. Шу боис, йўл ва кўприклар қуриш энг олижаноб ва савоб иш ҳисобланган.

Мамлакатимизда, айниқса, кейинги йилларда замонавий йўллар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва жаҳон андозалари даражасига келтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Қашқадарё вилоятида ҳам янги йўл ва кўприклар қуриш, мавжудларини халқаро талаблар даражасида реконструкция қилишга доимий эътибор қаратилмоқда.

Қашқадарё вилояти ҳудудида 18 минг 446 километр автомобиль йўллари мавжуд. Унинг 3 минг 427 километри умумфойдаланув (425 километр халқаро, 890 километр давлат ва 2 минг 112 километр маҳаллий аҳамиятдаги), 15 минг 19 километри маҳаллий ҳокимликлар ҳисобида бўлган ички хўжаликлараро ва шаҳар автомобиль йўлларидир.

Вилоят автомобиль йўллар ҳудудий бош бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, 2018 йил вилоят ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлларида 830 километрлик умумий қиймати 268,4 миллиард сўмга тенг қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилган.

Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, йўл қурилишида унга ётқизилган қоришма турига қараб 18 йилдан 30 йилгача кафолат берилади. Дейлик, бетон қоришмасидан қилинган йўлларга 30 йил, асфальт қоришмаси ётқизилса, 18 йил. Ушбу рақамларга таянадиган бўлсак, ўтган йили вилоятда капитал қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган 830 километр йўл 18 йилга бардош бера олиши керак. Агар ҳар йили, айтайлик, ўртача 700 километрдан зиёд йўлда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилса, тахминан 26 йилда вилоятдаги барча йўллар ойнадек текис ва равон бўлар экан. Лекин икки-учта чуқурни ҳам қум-шағал аралашмаси билан ямаб қўйиш орқали рақамларга зўр берилса, бу натижага 50 йилда ҳам эришиб бўлмайди. Боиси, қўл учида қилинган ямашлар 18 йил тугул 18 ойга ҳам ярамайди.

Узоққа бормай, кузатишларни Қарши шаҳридан бошладик.

Қарши вилоят маркази сифатида барча ҳудудларга ўрнак бўладиган шаҳар. Бу ерда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари шаҳар кўркига кўрк қўшмоқда. Бироқ шаҳар ичидаги йўллар хусусида бундай деб бўлмайди. Жумладан, Насаф кўчаси бўйлаб «Осиё» савдо мажмуасига борадиган йўл неча йилдирки, ҳеч тузалмайди. Йўлнинг аҳволи ниҳоятда ачинарли. Бу йўлдан пиёдалар ҳам, транспорт воситалари ҳам минг бир машаққат билан ҳаракатланади. Энг муҳими, ушбу йўл охирида автомобиллар ва улар учун эҳтиёт қисмлар сотадиган катта бозор, бундан ташқари, мол бозори, автомобилларга техник хизмат кўрсатадиган кўплаб шохобчалар, ҳатто туристлар дам оладиган меҳмонхона ҳам жойлашган. Йўлдаги оғир шароитга қарамай, қатнов жуда гавжум.

– 2011 йилда фойдаланишга топширилган меҳмонхонамиз бир пайтда 40 кишини қабул қилиш имкониятига эга, – дейди “Sokin plaza” меҳмонхонаси катта маъмури Асилбек Очилов. – Лекин йўл носозлиги меҳмонхонамизнинг туристик салоҳиятига салбий таъсир қилмоқда. Ташриф буюрувчи меҳмонлар сони йилдан-йилга камайиб бораяпти. Чунки бу йўлдан бир юрган сайёҳ иккинчи бор қадам босмайди. Қолаверса, очиғини айтаман, чет эллик меҳмонларни бу йўлдан олиб келишга уяламиз.

Ҳудди шу йўл билан туташган Алишер Навоий кўчасидаги аҳвол бундан-да баттар. Ушбу йўллардаги камчиликлар кўпайиб бораётгани, уларнинг жиҳозланишидаги жиддий камчиликлар, автомобиль йўлининг ҳолати хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлмоқда. Жумладан, автомобиль йўли қатнов қисми ўртасига қарама-қарши ҳаракат йўналишларини ажратувчи бетон тўсиқлар (БДО-5) ўрнатилмаган. Пиёдалар йўлакчалари ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Тунги ёритиш чироқлари билан жиҳозланмаган. Оқибатда ҳайдовчилар бошқарувни йўқотиб, турли тўсиқларга урилиши, ағдарилиб кетиши билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлмоқда.

Бу эса, ўз навбатида, йўлни кенгайтириш ва тоифасини ўзгартириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминловчи техник воситалар ва жиҳозлар, жумладан, бетон тўсиқлар (БДО-5) ўрнатиш, йўл ўтказгичлар, яъни ер ости ва ер усти пиёдалар ўтиш жойини қуриш, тунги вақтларда йўлларни ёритиш мосламалари билан жиҳозлашни талаб этмоқда.

– Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, автомобиль йўлларида сўнгги вақтларда оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисалари йилдан-йилга кўпайиб бораётгани кишида жиддий ташвиш уйғотади, – дейди вилоят ЙҲХБ матбуот гуруҳи инспектори, сержант Анвар Хўжаев. – Содир этилган оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, аксарият йўл-транспорт ҳодисалари автотранспорт воситаларининг қарама-қарши ҳаракат йўналишига чиқиб кетиши натижасида юз бермоқда. Мисол учун, 2018 йил 17 ноябрь куни 4Р-87 “А-378 автойўли Қарши шаҳри” автомобиль йўлининг 47 километрида «Нексия» русумли автомашина қарама-қарши йўналишдан ҳаракатланиб келаётган «Исузу» автомобили йўлига чиқиб кетиб, тўқнашув содир этган. Натижада 3 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 1 нафари тан жароҳати олиб, шифохонага тушган. Яна бир мисол, 2018 йил 26 декабрь куни худди шу йўлнинг 17 километрида «Нексия» русумли автомобиль қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган бошқа бир шу русумдаги автомашина йўлига чиқиб кетиб, тўқнашган. Оқибатда 3 нафар фуқаро ҳалок бўлиб, 3 нафари қаттиқ тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Биргина ўша 4Р-87 “А-378 автойўли Қарши шаҳри” йўлида 2018 йилда 16 марта йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиши натижасида 7 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 21 нафари турли даражада тан жароҳати олган. Албатта, бу ҳолатлар бўйича тегишли мутасадди ташкилотларга тақдимномалар киритилган.

Дарҳақиқат, шаҳар кўчаларидан юрсангиз, ҳатто айрим йўлларда йўл чизиқлари мутлақо ўчиб кетганининг гувоҳи бўласиз. Марказий шоҳкўчаларда эса бунинг тескариси, ҳар сафар ҳар жойдан чизилган чизиқлар туфайли тўрт полосали йўл 8 полосалига айланган. Қайси биридан юришга бошинг қотади.

Шаҳарнинг Халқлар дўстлиги кўчаси ҳам серқатнов. Боиси, бу йўл орқали Республика ихтисослаштирилган эндокринология ҳамда ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказларининг Қарши филиалларига, вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасига борилади.

Кардиология ва эндокринология тиббиёт марказлари филиали очилиши муносабати билан ушбу кўчада кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланиб кетгани шаҳар аҳлини беҳад қувонтирган эди. Ушбу жараёнда йўл кенгайтирилиб, ҳар икки четида пиёдалар йўлаги қурилиб, ёритиш мосламалари ўрнатила бошланди. Аммо қувончлар узоққа чўзилмади. Кенг миқёсли қурилиш ишлари кўчадан тиббий марказларга буриладиган йўлгача қилиниб, у ёғи шундайлигича қолдирилди. Энг ёмони, ёритиш воситалари ўрнатилиши муносабати билан яхшигина турган йўл чети қазиб ташланди. Тиббий марказлар очилгандан сўнг ишлар жойида тўхтатилиб, қазилган жойлар қайтариб кўмиб қўйилди.

– Президентимиз ташрифидан аввал Республика ихтисослаштирилган илмий маркази вилоят филиали очилиши муносабати билан кўчамиз йўлни ёритувчи мосламалар қўйиш учун қазилган эди, – дейди шу кўчада яшовчи Гулчеҳра Боқиева. – Ўрнатиб бўлингач, шундоққина кўмиб қўйишди. Энди ёғингарчилик пайтлари йўл четидан юришнинг умуман имкони бўлмай қолмоқда. Натижада пиёдалар йўлнинг транспорт ҳаракатланадиган қисмидан юришга мажбур. Бу эса автоҳалокат юз беришига олиб келмоқда. Йўл шундоқ ҳам тор, кишини ҳайрон қолдирадиган томони шуки, қурмас экансан, нима қиласан бузиб?! Кўчамизнинг илгариги ҳолати ҳам яхши эди. Ҳозир эса бешбаттар бўлди.

Вилоят марказида аҳвол шундай бўлса, туманлардаги ҳолат қандайлигини англаш қийин эмас. Шундай бўлса-да, Касби тумани сари йўл олдик. Қарши шаҳридан тахминан 20-21 километр юриб, “Хуш келибсиз Касби туманига” деган баннер олдидан ўнгга бурилдик.

Қарши туманининг Поштон ва Касби туманининг Қозоқ қишлоқларига борсангиз ёхуд ўша қишлоқ оралаб ўтган йўлдан Косон тумани марказига ўтмоқчи бўлсангиз, хоҳ пиёда, хоҳ уловда бўлинг, ўта ҳушёр юришингизни маслаҳат берамиз. Ёғингарчилик пайтларику, у ёқларга умуман бормаган маъқул.

Ушбу йўл икки қишлоқ ўртасидан ўтган бўлиб, икки туман чегарасида жойлашган. Қарши – Касби йўли чорраҳасидан ўнгга қайрилгандан сўнг бошланадиган мазкур йўлнинг қарийб 4-5 километри шу даражада абгорки, ундан қатновчи нафақат автоулов эгалари, балки атрофдаги қишлоқлар аҳолисининг ҳам жиддий норозилигига сабаб бўлмоқда.

Боиси, умумфойдаланув аҳамиятига эга бўлган мазкур йўл атрофдаги 5-6 та қишлоқ аҳолисига хизмат қилади. Бу йўлдан одамлар Қарши шаҳри, Қарши тумани маркази, Касби тумани ва Косон тумани марказларига қатнайди.

Йўлда машинада борар эканмиз, рўпарамизда иккита тиркамада пахта олиб келаётган трактор кўринди. Трактор ҳайдовчиси асосий йўл қолиб, асфальт четида сунъий ҳосил бўлган йўлдан келарди. Унинг қаршисидан бир нечта пиёда йўловчи бормоқда. Ҳолатни кузатиб турдик. Трактор йўловчиларга йўл бермайди. Йўловчилар унга қўлини силтай-силтай, бир нарсалар деб бақирганча йўлнинг қатнов қисмига чиқиб кетди. Тўхтадик, пиёдалардан бирини суҳбатга тортдик.

– Ҳар куни шу аҳвол. Йўл ёмонлигидан ҳатто унинг четидан юришнинг ҳам имкони йўқ, – дейди Қозоқ қишлоғида яшовчи Рустам Боймуродов. – Чорраҳадаги мол бозорига чиққандим. Боришда ҳам, қайтишда ҳам шу манзара. Машиналар йўл қолиб, пиёдалар юрадиган жойдан юради. Пиёда қаердан юрсин? Бу йўлни кейинги 10-15 йилда охирги марта қачон жиддийроқ таъмирлашганини эслай олмайман. Ҳар йили ҳосил бўлган чуқурларга тупроқ тўкиб кетишади. Бир ёмғир ёғса, ямалган чуқурлар баттар катталашади. Шу йўлдан фарзандларимиз, набираларимиз мактабга боради. Юрагимизни ҳовучлаб ўтирамиз. Ёғингарчиликда йўлнинг икки чети лой бўлиб кетади. Пиёда ҳам, машина ҳам носоз йўлдан юришга мажбур бўлади. Тез тиббий ёрдам машинасини чақирсак, йўл сабабли ҳеч қачон вақтида келмайди. Энг ёмони, Касби – Қарши йўлида шу атрофдаги деҳқонлар маҳсулотини улгуржи сотадиган кичкина бозорча бор. Пишиқчилик мавсумида аҳоли томорқасида етиштирган помидор, бодринг, қовун-тарвуз ва ҳоказо маҳсулотларини шу йўл орқали эшак аравада олиб чиқади. Неча марта автоҳалокат ҳам бўлди. Лекин бирорта мутасаддининг хаёлига келмайди бу йўлни тузатиш.

Ҳақиқатан ҳам, машинамизни авайлаш учун йўлнинг гоҳ у, гоҳ бу четидан юришга мажбур бўлдик. Йўл ёқасида Касби туманига қарашли «Ғалаба» пахта қабул қилиш пункти жойлашган. Уловимизни ўша томонга бурдик. Қабул маскани раҳбари Низом Қурбоновнинг ушбу йўл борасидаги фикрлари билан қизиқдик. Бу муаммо унинг сабрини қуюшқондан чиқариб юборган чоғи, гап бошламасимиздан дардини достон қилиб кетди.

– Э, йўлни сўраманг, йиғим-терим пайтида кунига 150 та трактор пунктга пахта олиб келади, – дейди Н.Қурбонов. – Жами 5 минг тонна пахта ғамланади. Яна шунча пахта Касбидаги пахта заводига ташилади. Кунига ўртача 10 та трактор уч мартадан 30 марта бориб келади. Ҳайдовчилар йўлнинг аҳволидан “дод” дейишади. Айниқса, ёғингарчиликда йўлда юриш пиёда учун ҳам, ҳайдовчи учун ҳам бирдек хавфли. Лекин нима қилиш керак, юкни заводга ташимаса бўлмайди, ахир. Шаҳардан бирор нарса буюртма қилсак, йўлни баҳона қилиб, чорраҳадан бу ёғига ҳеч ким келмайди.

Йўлда кетаётган “Дамас” русумли автоулов ҳайдовчиси фикрлари билан ҳам қизиқдик.

– Таксичиман. Поштон қишлоғидан кунига икки-уч марта Қарши шаҳрига бориб келаман, – дейди исмини ошкор қилишни хоҳламаган ҳайдовчи. – Касби – Қарши йўли чорраҳасига чиққунча ўзим ҳам, йўловчилар ҳам кўрадиганимизни кўрамиз. Айниқса, орқа ўриндиқда ўтирган йўловчиларга раҳмим келади. Лекин начора, тирикчилик қилиш керак-ку! Машинанинг “ходовой”ларини-ку, сўраманг, йилига камида икки марта янгилашга мажбурман.

Ушбу йўлларнинг аҳволи юзасидан вилоят автомобиль йўллар ҳудудий бош бошқармаси билан боғландик.

– «Осиё» бозорига борадиган Насаф кўчаси бизнинг ташкилотимиз балансида эмас, агар маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилса, таъмирлаб берамиз, – дейди ушбу бошқарма бош муҳандиси Бўри Файзиев. – Кейин, Алишер Навоий кўчаси ҳам бизга қарашли эмас, шундай бўлса-да, ўша кўчада идорамиз жойлашгани ва фуқаролардан кўп мурожаат тушгани учун бардюр қўйишни бошлаганмиз. Ҳали маблағ ажратилгани йўқ бу йўл учун ҳам. Ушбу кўчага шағал ҳам тўкиб берганмиз. Ёз пайти чангимаслиги учун ҳар куни бир машинадан сув сепиб берганмиз. Энди, жорий йилда маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилади, дейишмоқда. Агар шу масала ҳал бўлса, насиб этса, жорий йилда бу йўл таъмирланади. Бу масалаларни шаҳар ҳокимлиги ва ободонлаштириш бошқармаси ечади, биз эмас. Лекин Касби туманидаги йўл бизга қарашли. Умумфойдаланувдаги ушбу йўл ҳақиқатдан таъмирталаб. Ўтган йили бу йўлнинг юқори қисмидан 7 километри таъмирланган. Сиз айтаётган қисмидан ҳам 8 километр таъмирланиши бу йилги дастурга киритилган. Жорий йилда бу йўл қайтадан қуриб берилади. Бу масалада муаммо бўлмайди.

Қарши шаҳар йўллари масаласида шаҳар ҳокимлигидан ҳам, ободонлаштириш бошқармасидан ҳам, умуман, йўл қурилишига масъул ташкилотлардан ҳам тайинли жавоб ололмадик. Ҳаммаси битта гапни такрорлайди: «бу йўлни фалончи ташкилот қилиши керак». «Фалончи» ташкилот эса «фалончи»га юклайди. Йўл қурилиш-таъмирлаш масаласини ҳам ҳудди шундай пайсалга солиб, бир-бирига ағдариб келмоқда. Хуллас, йўлнинг эгаси йўқ.

Баҳолиқудрат таҳлил қилишга уринган мавзуимиз ҳақиқатан муаммоли. Ҳали бор-йўғи 20 ёки 25 километрлик йўлда шунча муаммо. Ваҳоланки, вилоятда қарийб 18,5 минг километр йўл мавжуд экан…

Ўйлаймизки, мутасаддилар ушбу масалага эътибор қаратиб, муаммоларни вақтида бартараф этишади. Зеро, йўллар иқтисодиётимизнинг қон томирларидир.

Ў.Баротов, Ж.Норқобилов (сурат), ЎзА​

Шарҳ қолдириш