Медиа-фестиваль ғолиблари аниқланди

Rukn: Yangiliklar

fest_24_08_2015

Пойтахтимизда “Озод юрт тўлқинлари” VIII анъанавий медиа-фестивали ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда депутатлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган хорижий дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Ф.Абдухолиқов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси раиси А.Саидов ва бошқалар миллий медиа соҳа жаҳон андозалари даражасида фаолият кўрсатиши учун Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида барча шароит ва имкониятлар яратилганини алоҳида таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси медиа соҳа ривожида янги истиқболларни очиб берди.

Соҳа равнақи учун давлат бюджети ҳисобидан кредитлар, ижтимоий буюртмалар ва давлат грантлари шаклида маблағлар ажратилаётгани юртимизда оммавий ахборот воситаларига кўрсатилаётган улкан эътиборнинг ифодасидир.
Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан ижтимоий акция ва лойиҳалар, ижодий танловлар ўтказиб келинаётгани ушбу эътиборнинг яна бир яққол намунасидир. «Озод юрт тўлқинлари» медиа-фестивали ана шундай тадбирлар сирасидан.

«Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!» шиори остида ташкил этилган бу йилги фестивалда истиқлолнинг, унинг саодатли неъматлари, улкан имкониятларини, ўтган йигирма тўрт йил давомида эришилган ютуқ ва марраларнинг мазмун-моҳиятини халқимиз, айниқса, ёш авлодга содда, самимий ва таъсирчан лавҳалар ёрдамида тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Лойиҳада юртимиздаги жамоат телерадиостанциялари жамоалари ўз ижодий ишлари билан фаол қатнашди. Танлов учун тақдим этилган ишлар «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 24 йиллигига бағишланган энг яхши дастур», «Энг яхши медиа-лойиҳа», «Энг яхши телестанция», «Энг яхши радиостанция» каби номинациялар бўйича аниқланди.

– Ижодий жамоамизнинг туркум лавҳалари «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 24 йиллигига бағишланган энг яхши дастур» номинациясида ғолиб топилганидан ғоят бахтиёрмиз, – дейди Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси Ёшлар телестудияси лойиҳа раҳбари Бахтиёр Сафаров. – Мустақилликнинг, юртимиздаги тинч ва фаровон ҳаётнинг тенгсиз неъмат эканини юртдошларимизга тушунтириш, улардаги фаол фуқаролик позицияси, юрт тақдири учун дахлдорлик туйғуси мустаҳкамланишига хизмат қилиш бизнинг бурчимиздир.

Ғолиб ва совриндорларга фестиваль статуэткаси, диплом ва совғалар топширилди. Тадбир доирасида «Менинг юртим – менинг фахрим» ижтимоий акцияси ғолиблари ҳам тақдирланди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси томонидан ажратилган давлат грантлари соҳибларига сертификатлар топширилди.

Назокат Усмонова, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА