Ахборот хизматлари самарадорлиги ошади

Rukn: Yangiliklar

Пойтахтимизда Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан давлат ва жамоат ташкилотлари ахборот хизмати ходимларининг касб маҳоратини ошириш, уларнинг ОАВ билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга оид ўқув-семинари якунига бағишланган тадбир ўтказилди.

Мазкур фонд директори А.Абдуллаев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида фуқароларнинг сўз ва ахборот олиш эркинлиги, ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалаларига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида оммавий ахборот воситалари фаолиятига оид ҳуқуқий асослар тобора такомиллашмоқда. Бу ахборот олиш, қайта ишлаш ва уни кенг жамоатчиликка етказиш, журналистларнинг профессионал фаолиятини кафолатлаш ҳамда муҳофаза қилишда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур семинарда Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси худудий бошқармалари, “Максам-Чирчиқ” акциядорлик жамияти ахборот хизмати вакиллари иштирок этди.

Тингловчилар “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 22 сентябрдаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жамоатчилик ва аҳолини сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг бориши тўғрисида мунтазам хабардор этиш борасидаги ишлар ҳақида маълумотлар билан танишди. Шу билан бирга, уларга соҳа мутахассислари томонидан аҳолига тезкор ва тўлиқ ахборотлар етказиш, бу жараёнда ОАВ билан ҳамкорликни кучайтиришга оид тавсиялар берилди.

– Машғулотлар давомида ОАВ билан ишлашда зарур бўлган ҳужжатлар мазмун-моҳиятини чуқурроқ англадик, – дейди “Максам-Чирчиқ” акциядорлик жамияти матбуот хизмати раҳбари Икром Қурбоналиев. – Корхона веб-сайтини юритиш, брифинг, матбуот конференцияларида интервьюлар ташкил этиш ва аудиторияга ишончли маълумотларини етказиш борасидаги тушунчаларимизни бойитдик.

Ўзаро тажриба алмашиш, янги билим ва кўникмаларга эга бўлиш мақсадида ташкил этилган бу каби семинарлар ОАВ, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларини қўллаб-қувватлашнинг самарали усули эканлиги қайд этилди.

Азима Қиёсова, ЎзА