Танлов ғолиблари аниқланди

Rukn: Tanlovlar, Yangiliklar

Қибрай туманида Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди.

“Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Журналистлар ижодий уюшмаси раиси И.Ҳалимбеков, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси раиси И.Латипов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида маънавий-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда санъатнинг турли йўналишлари ҳамда оммавий ахборот воситаларида изланаётган ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларни ҳар томонлама рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, юртимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида эришилаётган улкан ютуқ ва марраларни халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод қалби ва онгига бебаҳо неъмат бўлмиш мустақилликнинг беқиёс аҳамиятини сингдиришда ижод аҳлининг алоҳида ўрни бор.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан таъсис этилган ва анъанавий ўтказиб келинаётган “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танлови бу борада самарали фаолият кўрсатаётган ижодкорларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда. Президентимизнинг шу йил 17 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан ўтказилаётган бу йилги танлов ҳар қачонгидан ҳам кўтаринки руҳда ва юксак савияда ташкил этилмоқда.

Адабиёт, матбуот, телевидение ва радио, тасвирий санъат каби йўналишларда ғолиблар аниқланиб, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Танлов доирасида вилоят ижодкорлари асарларининг кўргазмаси ташкил этилди.

Тадбирда Тошкент вилояти ҳокими А.Усмонов сўзга чиқди.