Матбуот – жамият кўзгуси

Rukn: Yangiliklar

Президентимиз 2015 йил 27 июнда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригида биз яшаётган давр, янгича ижтимоий муносабатлар оммавий ахборот воситаларининг олдига тез суръатлар билан ўзгариб, ривожланиб бораётган жамиятимизнинг талабларига ҳар томонлама муносиб бўлиш, одамларни ўйлантираётган, безовта қилаётган муаммоларга жавоб излаш, жамоатчилик фикрини шакллантириш бўйича ўта муҳим ва долзарб вазифаларни илгари сураётганини алоҳида таъкидлади.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро вилояти ҳудудий бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда шулар хусусида сўз юритилиб, давлатимиз раҳбари табригида илгари сурилган устувор вазифалар ижроси хусусида фикр алмашилди.

Мониторинг натижаларига кўра, босма даврий нашрларда жорий йилнинг биринчи ярмида “оммавий маданият”нинг салбий таъсири, интернет, одам савдоси, тўй ва турли маросимлардаги камчиликлар, оилавий муносабатлар таҳлилига бағишланган 16 танқидий, жамият ижтимоий ҳаётига оид 92 материал чоп этилган. Материалларнинг 80 фоизи тегишли давлат бошқаруви органлари ва жамоатчилик томонидан ўрганилиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилган, назоратга олинган. Телекўрсатувлар таъсирчанлиги ошиб бормоқда.

Айни пайтда оммавий ахборот воситалари таҳририятлари мавзуларни чуқур ўрганган ҳолда, малакали ҳамда холисона ёритиш борасидаги ишларини изчил давом эттириши лозим.

– Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуни журналистлар учун катта имконият яратди, – дейди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Акбар Рустамов. – Бугунги кунда вилоятдаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида ахборот хизматлари ташкил этилган. Ходимларнинг малака ва тажрибасини ошириш мақсадида ўқув семинарлари, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Тадбирда “Жамоатчилик назоратини амалга оширишда ОАВнинг самарадорлигини юксалтириш”, “Маҳаллий ОАВ фаолияти: муаммо ва ечимлар” мавзуларида маърузалар тингланди. Босма ва электрон оммавий ахборот воситалари таъсирчанлигини янада ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА