Ўзбекистон экожурналистикаси оқсаяпти(ми?)

Rukn: Yangiliklar

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Ижтимоий-иқтисодий, экология масалалари кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари ходимлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлар вакиллари, экспертлар ҳамда талабалар иштирок этган тадбирда жамоатчиликни мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий, экология соҳаларида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда экология ва атроф муҳит мусаффолигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг роли ва ижтимоий фаоллигини ошириш борасида бажарилаётган ишлар хусусида фикр алмашилди.

Матбуотда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳада бўлаётган улкан ўзгаришларни талаблар даражасида – изчил, кенг, таҳлилий ва танқидий руҳда ёритилишига барча оммавий ахборот воситалари ҳам бирдек ёндашмаётгани муҳокама этилди.

Мамлакатимиздаги мавжуд экологик муаммолар, глобал иқлим ўзгаришининг мамлакатимизга таъсири, Орол муаммоси, ичимлик ва суғориш сувларининг танқислиги, биохилма-хиллик, чўлланишнинг олдини олиш, дарахтларнинг кесилиши, ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, экологик маданиятни шакллантиришга доир сифатли материаллар оммавий ахборот воситаларида етарлича ёритилмаётгани мисоллар билан таҳлил этилди.

Тадбирда таҳлилий ва танқидий, юқори савияли материаллар тайёрлайдиган журналистларнинг билим ва малакасини, тажрибасини янада оширишга ҳисса қўшиш, рағбатлантириш, уларни қизиқтирган масалалар бўйича фикр алмашиш тадбирларини ўтказиш, ижтимоий-иқтисодий, экология мавзуларини ёритишга ихтисослашган журналистлар ўртасида мулоқотлар, баҳс-мунозаралар уюштириш, тажрибали журналистлар, таниқли иқтисодчилар, малакали мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари ташкил этиш лозимлиги таъкидланди.

Даврон Суннатов, ЎзА