Матбуотга ёрдам керак…(ми?) Туман газетасининг рақобатчиси борми?

Rukn: Yangiliklar

Ахборот бозорида эркин рақобат муҳитини яратиш босма нашрларнинг ривожланишига хизмат қилади. Аммо, ҳозирги шароитда бу қоидани туман ва шаҳар газеталарига нисбатан қўллаб бўлмайди. Чунки улар учун ахборот бозорининг ўзи йўқ. Афсуски, бир туман газетаси иккинчи туман нашри билан қизиқмайди. Унда қандай материаллар чоп этилаётганию, қандай долзарб мавзулар кўтарилаётганини ҳар доим ҳам кузатавермайди.

Газета ададини оширишнинг турли усуллари, технологияларини қўллаш ҳақида кўп ҳам бош қотирилмайди. Аксарият газеталар бир хил шаклда чоп этилади. Агар газета номини ҳисобга олмаса, уларни бир-биридан фарқлаш қийин. Ҳатто айрим вилоятларда, масалан, Самарқандда туман газеталарининг деярли барчаси А2 форматда чоп этилади. Ўзига хослик, ўз кўриниши, дизайни, услубига эга газеталар мамлакат бўйича бармоқ билан санарли. Аммо бундан буёғига ахборот маконида яшаб қолиш учун туман газеталари ҳам ўз ҳудудида ахборот бозорини яратмаса, ривожланмайди. Бунинг учун туман газеталари ўртасида ҳеч бўлмаганда оддий мусобоқа бўлиши керак. Бу ҳам медиамаркетинг билан боғлиқ бир ечим, аслида.

Ахборот бозор сегменти кимга тегишли?


Бугунги шароитда бу кўпроқ хусусий газеталарга тегишли. Аввало, сегмент деганда бозорнинг ўзига хос умумий хусусияти ва фарқлари тушунилади. Унда ахборот истеъмолчилари жинси, ёши, касби, ижтимоий ва демографик аломатларига қараб сараланади. Нима учун хусусий газеталарнинг адади тез ортади? Чунки улар ахборот бозори сегментини ўрганадилар ва ундан ўз аудиториясини ажратиб оладилар. Масалан, “Бекажон” ёки “Сўғдиёна” газетаси фақат аёлларга мўлжалланган бўлиб, газета контенти шунга қараб яратилади. Адади 25 минг нусхадан кам эмас.

Туман ва шаҳар газеталарининг асосий ахборот истеьмолчилари кимлар? Туманнинг 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аҳолиси. Унинг ичида зиёли ҳам, хизматчи ҳам, тадбиркор ҳам, фермер ҳам, оддий уй бекасию ўқувчи ҳам бор.

Ҳаммага қизиқарли бўлган ахборот яратиш учун таҳририятлар қанчалик бош қотиради? Афсуски, нашрлар ўқувчиларнинг талаб ва эҳтиёжига ўз вақтида эътибор қаратмайди. Филология фанлари бўйича фалсафа доктори, тажрибали журналист Беруний Алимов таъбири билан айтганда, ижтимоий-сиёсий нашрларда фаолият олиб борувчи журналистлар асосан тадбирларни ёритиш билан шуғулланади. Ўқувчиларнинг қизиқиши, улар хоҳлаган мазмундаги мақолаларни ёритиш муҳим эмас гўё.

Олим вилоятларда бўлиб ўтган учрашувларда ҳудудий нашрлар мазмунини хорижлик мутахассис, “Риа новости” мухбири бўлган Татьяна Синицинанинг фикрлари асосида таҳлил қилиб берар экан, маҳаллий газеталардаги журналистлар ҳали-ҳамон эскича ёзиш усулидан воз кечмаганини таъкидлайди. Ваҳоланки, ахборот бозорига кириб бориш ва унда ўз ўрнига эга бўлиш ҳар бир нашрдан жаҳон стандартларига мослашишни талаб этади.

Реклама қачон даромад манбаи бўлади?


Қачонки, у тўғри йўлга қўйилса. Чунки дунё медиа бозорида реклама асосий даромад келтирувчи манба ҳисобланади. Афсуски, миллий босма нашрлар фаолиятида реклама материаллари ҳали ўз ўрнини топганича йўқ. Айниқса, ижтимоий-сиёсий газеталарда реклама деганда, асосан табрик ва эълонлар тушунилади. Вақти-вақти билан турли муҳим сана ёки байрамлар муносабати билан корхона ва ташкилотларнинг саҳифа-саҳифа табриклари берилади, лекин бу ҳали тўлиқ реклама дегани эмас. Унинг асосини корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, ташкилот ва муассасаларнинг аҳоли учун таклиф қиладиган турли хизматларини қизиқарли қилиб ахборот истеъмолчисига етказиш орқали фойда кўриш ташкил этади. Реклама билан ахборот бозорини биладиган мутахассислар, маркетологлар шуғулланиб, буюртмачининг талаблари асосида ахборот материалларини тайёрлаши керак.

Ҳудудий нашрларда, агар эълонларни ҳисобга олмаса, реклама йўқ ҳисоби. Нега шундай? Нима, туманларда реклама берувчилар йўқми? Бор, албатта. Аммо уни газетадан фойдаланишга жалб қилишни ҳар бир таҳририят ўзи уддалаши керак. Ҳозир барча туманларда ҳам ишлаб чиқарувчи корхоналар, фермер хўжаликлари, ҳунармандлар, тадбиркорлар фаолияти изчил ривожланмоқда. Маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари маҳсулотларини ҳатто экспортга чиқаряпти. Уларнинг маҳсулотини газета орқали реклама қилиш ва бундан фойда кўришнинг турли усуллари мавжуд. Бу ҳам таҳририятларда медиамаркетингни тезроқ йўлга қўйиш зарурлигини кўрсатади.

Веб-сайтлар муаммога ечим бўла оладими?


Жаҳон медиа маконида ҳар бир нашрнинг, марказий ё ҳудудий бўлишидан қатьи назар, ўз ўрнига эга бўлишида унинг веб-сайтларини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда мамлакатимизнинг барча марказий, ҳудудий, тармоқ, хусусий нашрлари веб- сайтларини яратиш вазифа сифатида таҳририятлар олдига қўйилганига ҳам 10 йилдан ошди. Шунга қарамай, уларнинг ривожланиши жуда суст кечмоқда. Аксарият туман газеталарнинг веб саҳифалари вақтида янгиланмайди, баъзилари умуман ишламайди. Бу ҳол нафақат ҳудудий, балки марказий нашрларга ҳам хос. Ваҳоланки, дунё тажрибасида босма нашрларнинг асосий фаолияти электрон шаклларга аллақачон кўчган. Улар нафақат шаклини ўзгартирган, балки интернет имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда, турли ижтимоий тармоқларда саҳифаларига, мобил иловаларига эга.

Мамлакатимиз аҳолисининг катта қисми ёшлардир. Уларнинг аксарияти газета ўқишдан кўра интернетдан, турли гаджетлардан фойдаланишни афзал кўради. Шундай экан, уларни интернет орқали газетага жалб қилиш керак. Бунинг эса турли усуллари мавжуд. Бунинг учун ҳар бир бош муҳаррир ўзи интернетда фаол бўлиши, унинг имкониятларини таҳририят ишига татбиқ қила олиши зарур. Шу маънода ҳар бир нашрнинг глобал маконда муқим ўринга эга бўлишининг фурсати етди. Бунга нима тўсиқ бўлиши мумкин?

Кадрлар муаммоси – оғриқли нуқта


Матбуотни ривожлантириш билан боғлиқ муаммолар ичида энг долзарбларидан бири ҳам ана шу. Ҳудудий нашрлар бош муҳаррирлари ёки журналистларининг аксарияти ўрта ёшдан катта ёки кексалар эканини вилоятларда ўтган учрашувларда кўрдик. Бунинг устига аксарият ижодий ходимларнинг тенг ярми, баъзан ундан ҳам кўпи журналист эмас, бошқа соҳа вакили ёки ўрта махсус маълумотга эга бўлганлардир. Мана биргина мисол. Навоий вилоятида мавжуд 33 та босма нашрда ҳаммаси бўлиб 197 нафар ижодий ходим фаолият кўрсатади. Уларнинг 28 нафари журналист, 43 нафари филолог, 45 нафари бошқа соҳа мутахассислари, 81 нафари ўрта махсус маълумотга эга кадрлар! Демак, ижодий ходимларнинг деярли тенг ярми олий маълумотга эга эмас.

Бундай ҳолат бошқа вилоятларда ҳам у ё ки бу даражада кузатилади. Бинобарин, бу ходимларнинг ижодий имкониятини асло камситмаган ҳолда, бундай таркиб билан газета мазмунида ўзгариш ясаш ниҳоятда мушкул эканини қайд этиш мажбурмиз.

Мамлакатимизда ҳар йили 100 нафардан ортиқ олий маълумотли журналист кадрлар тайёрланади. Бу 1150 дан ортиқ босма нашр учун жуда кам, албатта. Яна ОАВнинг бошқа турлари ҳам бор. Вилоятлардан ўқиш учун келаётган ёшлар иложи борича марказда қолишга интилиши аллақачон одатга айланиб бўлди. Вилоятга қайтганларни ҳам у ердаги шароит қониқтирмайди. Демак, кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш учун бу борада ҳам эркин рақобат муҳитини яратиш зарур.

Тўғри, янги ташкил этилган Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети журналист кадрлар тайёрлаш йўлида муҳим қадам бўлди. Аммо вилоятлардан ҳамма ҳам бу унверситетга келиб ўқиш имкониятига эга эмас. Келганлар эса, битиргач, қайтгиси келмай қолади. Бинобарин, ҳудудларда, ҳеч бўлмаганда Фарғона водийси, Бухоро ёки Самарақандда, Қарши ёки Термизда журналистика факультетлари ташкил этилишини даврнинг ўзи тақозо этаяпти. Ҳозирча эса, ечим сифатида таҳририятлар қошида маҳорат мактаблари фаолиятини кучайтириш, унга соҳанинг етук тажрибали мутахассисларини кўпроқ жалб қилиш зарур.

Муаммолар ва уларнинг ечимлари хусусида


Шундай қилиб, икки ой давомида вилоятларда бўлиб ўтган учрашувлар, ўқув семинарларида жуда кўп мавзулар муҳокама қилинди, жиддий муаммолар ўртага ташланди. Ҳамкасблар билдирган фикр-мулоҳазалар, таклифлардан барча ҳудудий нашрлар фаолиятига тегишли ва келгусида ҳал этилиши лозим бўлган қуйидаги умумий качиликлар аниқланди:

- таҳририятлар мутасадди ташкилотларнинг ташкилий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаши ва муассисларнинг иқтисодий кўмагига муҳтож;

- босма нашрлар фаолиятида муассис ва тарқатувчи ўртасидаги муносабатлар қонуний ҳал этилмаётгани;

- аксарият ҳудудий нашрларнинг ўзига хос замонавий қиёфаси йўқлиги, бир-бирига ўхшаши, газеталар мазмунининг ғариблиги;

- ҳудудий нашрлар маҳаллий аҳоли эҳтиёжларига мос хабар ва мақолалар эълон қилмаслиги;

- газеталарда рекламадан фойдаланиш тажрибаси йўқлиги;

- газета ва журналлар веб-сайтлари фаолияти яхши йўлга қўйилмагани, интернет имкониятларидан фойдаланмаслик;

- ахборот бозорида ҳудудий нашрларнинг ўрни йўқлиги;

- босма нашрларда кадрлар етишмаслиги;

- таҳририятларда медиаменежмент ва медиамаркетинг билан боғлиқ замонавий бошқарув йўлга қўйилмагани ва ҳоказо.

Бизнинг назаримизда бу камчиликларни бартараф этишда қуйидаги таклифларга жиддий эътибор қаратиш зарур. Биринчидан, босма нашрлар ўз фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиб, бошқарувни бозор иқтисодиёти шароитида медиабизнес талаблари асосида йўлга қўйиши лозим. Иккинчидан, медиамаркетинг, яъни ахборот бозорини ўрганиш орқали ҳар бир нашр ўз аудиториясини аниқлаб олиши, уларнинг қизиқиш ва эҳтиёжини турли социологик усуллар, интервьюлар, анкета сўровлари орқали ўрганиш ва шунга мос ахборот етказиб бериши зарур. Учинчидан, газета фаолиятига қўшимча ресурсларни жалб қилиш, айтайлик, обуна ташкил этишда турли акциялар (масалан, Навоий вилоятининг “Дўстлик байроғи” газетаси акция эълон қилиб, кўп обуна бўлганга машина ва бошқа қимматбаҳо буюмлар қўйган, Бухорода “Китоб олами” мажмуаси китобга қўшиб газетани бепул тарқатади) ва бошқа медиатехнолгиялардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Тўртинчидан, босма нашрлар дизайнини замон талаблари асосида қайта кўриб чиқиш, маҳаллий ҳудуд ҳаёти ҳақидаги воқеа-ҳодисаларни ёритишга, айниқса газета саҳифаларида таҳлилий материалларга кўпроқ жой ажратиши зарур. Бешинчидан, рекламадан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш керак. Олтинчидан, босма нашрларнинг электрон шаклини ривожлантириш, ижтимоий тармоқларда саҳифалар очиш, мобил иловаларга кўпроқ эътибор қаратиш лозим. Еттинчидан, кадрлар муаммосини ҳал этиш учун таҳририятлар қошида маҳорат мактабларини доимий йўлга қўйиш керак. Саккизинчидан, газета адабий тил меъёрларига қатъий риоя қилган ҳолда, халқ сўзлашув тилига яқинлаштириш (расмий бўлиб кетган), бошқача айтганда, ўқишли қилиш керак. Тўққизинчидан, газеталар саҳифаларида имловий, стилистик хатоларнинг олдини олиш зарур. Ўнинчидан, ижодий имкониятларга қараб таҳририят ходимларини рағбатлантириб бориш мақсадга мувофиқдир.

Ҳудудий нашрлар керакми ёки
(хулоса ўрнида)


Керак, албатта. Чунки ҳар бир газета муайян туман, шаҳар аҳолисининг ўй-фикрлари, истак ва хоҳишлари, мақсад ва интилишларини ифода этувчи ҳақиқий минбардир. Қолаверса, ҳеч қайси марказий ОАВ жойларда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни, маҳаллий янгиликларни буткул қамраб ололмайди. Буни фақат ҳудудий нашрлар уддалайди. Шунинг учун жаҳон тажрибасида маҳаллий янгиликларни ёритувчи ҳудудий нашрларга эҳтиёж катта. Япония, Исландия, Норвегия, ҳатто қардош Туркияда ҳам аҳоли ўз шаҳри, тумани билан боғлиқ маҳаллий янгиликларни ҳудудий нашрлардан ўқишга одатланган.

Бизда ҳам ҳадемай маҳаллий аҳоли ҳудудий нашрларга ўзи хоҳиши билан обуна бўладиган ёки матбуот нашрларини сотиш шохобчаларидан газета харид қиладиган кунлар келади. Бунинг учун ҳудудий нашрлар, аввало, ўқувчиларнинг талаб ва эҳтиёжига мос ахборот етказиш, ҳудудда бўлаётган воқелардан хабардор қилиш орқали халқ ишончини қозониши керак. Сифатли ахборот маҳсулотини етказиш орқали аҳоли ўртасида газетхонлик маданиятини шакллантиришга эришиш мумкин.

Давр ўзгаряпти. Шунга монанд ҳудудий босма нашрларнинг ўзгаришини даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Шундай экан, ҳаракатни бошлаш фурсати етди. Қолганини вақт кўрсатади.

Назира Қурбон, журналист​