Журналистлар одоб-ахлоқ кодекси лойиҳаси муҳокама қилинди

Rukn: Yangiliklar

Мамлакатимизда 1500 дан зиёд оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатмоқда. Улар орасида интернет нашрлари сонининг ўсиб бораётганини кузатиш мумкин. Бугунги кунда 480 веб-сайтнинг оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтгани ҳам соҳада эркин ва жадал ривожланиш жараёни кечаётганидан далолатдир. Бу соҳа қонунчилиги, амалдаги меъёрларни босқичма-босқич такомиллаштириб боришни талаб қилади.

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамкорлигида “ОАВ соҳасида ўзини ўзи бошқаришнинг самарали усуллари” мавзусида давра суҳбати ҳам айни шу масалалар муҳокамасига бағишланди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ЮНЕСКО, Европа Иттифоқининг Тошкентдаги ваколатхоналари, “Регионал диалог” халқаро ташкилоти, Буюк Британия элчихонаси вакиллари, ахборот соҳаси мутахассислари, етакчи оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Давра суҳбати иштирокчиларининг асосий эътибори Ўзбекистон журналистларининг одоб-ахлоқ кодекси лойиҳаси муҳокамасига қаратилди.

– Мазкур кодексни қабул қилиш масаласи кун тартибига чиққанига анча вақт бўлди, – дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов. – Шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги ахборот замонида журналистика соҳаси ҳам тобора такомиллашиб, демократлашиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, ҳар бир журналистнинг ўзини ўзи идора қилишини тақозо этадики, бунинг энг тўғри йўли ОАВда касб этикаси стандартларига риоя этишдир. Демак, Ўзбекистон журналистлари одоб-ахлоқ кодексини қабул қилиш биз учун жуда муҳимдир. Дунёнинг ривожланган давлатларида журналистларнинг профессионал касб этикаси кодекслари мавжуд ва уларда барчамиз учун муҳим бўлган қоидалар акс этган. Шу ўринда журналистик фаолият этикаси юридик меъёр эмаслигини алоҳида қайд этиш лозим. У медиа муҳитда қабул қилинадиган ва жамоатчилик фикри билан қўллаб-қувватланадиган маънавий-ахлоқий йўриқнома ҳисобланади.

Кодекс лойиҳаси Ўзбекистондаги бир қатор медиа тузилмалари томонидан журналистлар ва соҳа экспертлари, фуқаролик институтлари, манфаатдор ташкилотлар вакиллари иштирокида ишлаб чиқилган. Унда Конституциямиз ва амалдаги қонунчилик, миллий менталитет ва халқаро ҳуқуқий меъёрлар, хусусан, “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”, “Халқаро журналистика профессионал этика тамойиллари”, “Халқаро журналист ахлоқи тамойиллари декларацияси” каби ҳужжатлардаги асосий тамойиллар ҳисобга олинган.

Тадбирда иштирок этган халқаро ташкилотлар вакиллари хориж амалиётида журналистларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши борасидаги мавжуд тажрибалари билан иштирокчиларни таништирди, таклиф-мулоҳазаларини билдирди.

Тадбирда Ўзбекистон журналистлари одоб-ахлоқ кодекси лойиҳасини оммавий ахборот воситалари орқали очиқ муҳокамага қўйиш, унда билдирилган таклиф ва тавсиялар эътиборга олинган ҳолда кодексни жорий йил якунига қадар қабул қилиш, унинг амалиётдаги ижросини назорат қилувчи жамоатчилик кенгашини тузишга келишиб олинди.

И.Аҳатова, ЎзА