Спорт журналистикаси: муаммо ва ечимлар

Rukn: Yangiliklar

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Спорт журналистикаси кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Спорт журналистикаси кенгашининг йиғилишида юртимиздаги оммавий ахборот воситаларида спорт мавзусини ёритилишида журналистларимиз томонидан йўл қўйилаётган айрим камчиликлар ва уларнинг ечими, бу борада кенгаш олдида турган вазифалар ҳақида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, кенгашнинг асосий вазифаси спорт мавзусини ёритишга ихтисослашган журналистларнинг билим ва малакасини, тажрибасини янада ошириш ва рағбатлантириш, улар ўртасида мулоқотлар, баҳс-мунозаралар ўтказиш, устоз журналистлар, таниқли спортчилар, тажрибали мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари ташкил этиш каби мақсадларга қаратилган.

– Мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида спортни ёритиш савиясини кўтариш, ихтисослашган журналистлар учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда малака ва тажриба орттиришларини фаоллаштиришга кўмаклашиш зарур, – дейди Спорт журналистикаси кенгаши раиси Мирзаҳаким Тўхтамирзаев. – Таъкидлаш жоизки, бу йил янги ташкил этилган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникация университетининг Спорт журналистикаси йўналишига 11 талаба ўқишга қабул қилинди. Яқин келажакда таҳририят ва муҳаририятларимиз махсус тайёргарликка эга малакали, ихтисослашган кадрларга эга бўла бошлайдилар.

Тадбирда оммавий ахборот воситаларида спорт мавзусининг ёритилишини аниқ мисоллар асосида таҳлил қилиш, кенгашнинг 2019 йилги иш режасини шакллантириш, кейинги йилда спорт атамалари луғатини яратиш, тажрибали спорт журналистларининг маҳорат сабоқларини уюштириш, спорт ташкилотлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби масалаларга эътиборни янада кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА