ХАЛҚИМИЗ ЭРТАГА ЭМАС, БУГУН ЯХШИ ЯШАШИ КЕРАК

Rukn: Yangiliklar

«Обод қишлоқ» дастури доирасидаги ишлар билан танишиш мақсадида конференция иштирокчилари Тўрақўрғон тумани «Оқтош» маҳалла фуқаролар йиғинига таклиф этилди. «Оқтош» маҳалласи ҳозирги кунда катта қурилиш майдонига айланган. Қишлоқ аҳолисини йиллар давомида тўпланиб қолган маиший муаммолар қийнаб келган. Жумладан, собиқ иттифоқ даврида қурилган икки қаватли уйларда канализация, тоза ичимлик суви, табиий газни билан таъминлаш, томдан чакки ўтиш, ертўлаларнинг аянчли аҳволи эътирозларга сабаб бўлиб келаётган эди. Болалар учун боғча ва спорт майдонларининг йўқлиги ҳам асосий муаммолардан бири эди.

— Оқтош маҳалласини «Обод қишлоқ» дастури доирасида  қуриш ишлари  шу йилнинг 5 май санасидан бошланди, —дейди вилоят қурилиш штаби раҳбари Баҳодир Дадабоева.—Аввал бу ҳудуд саноат зонаси бўлган. Шу сабабли аҳоли яшаш уйлари анча эътибордан четда қолиб кетган. Дастлабки ишни  кўпқаватли  уйларни тартибга келтиришдан бошладик. Биноларнинг ташқи қиёфасини тартибга келтириш учун  ноқонуний қурилмалар бузиб ташланди. Уйларнинг ташқи фасадларига ранг берилди. Тандир учун махсус жойлар ташкил этилди.  Минимаркет, маиший хизмат уйи ва футбол майдони, 160 ўринли боғча  қуриляпти.

Маҳаллада 7,5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Уларни иш билан таъминлаш мақсадида нон пишириш цехи, тўқимачилик комбинати, тўқувчилик корхонаси ва алибастр ишлаб чиқадиган завод каби бир неча ишлаб чиқариш обеъктларини ўз ичига олган кичик иқтисодий зона бунёд этилмоқда. Бундан ташқари,   маҳаллада эътиборга муҳтож оиллардан 16 нафарига  икки ва уч хонали уй, 2,5 сотих ери билан  қуриб  бепул берилган.  Қурилиш ишларига жами  юзлаб техника ва 4,5 минг киши жалб этилган.

—Маҳалламизда олиб борилаётган ўзгаришлардан хурсандмиз. Олдин каталакдек уйда бешта оила бирга яшаганмиз. Қарамоғимизда ногирон фарзандларимиз ҳам бор, —дейди, Насиба Қозоқова.—  Алоҳида уй сотиб олиш ёки қуриш учун маблағимиз йўқ эди.  Вилоят ҳокимлиги томонидан шароитимиз ўрганилганидан кейин бизга уч хонали уй бепул берилди.  Кенг ва ёруғ жойларда яшаймиз деб сира хаёлимизга келтирмаган эдик. Оила аъзоларимиз бундан  жуда хурсанд. Эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирамиз.

Конференция дастуридан ўрин олган сўнгги манзилимиз Оқтошда ниҳоясига етди. Аммо Наманганда оддий одамлар билан кечган самимий суҳбатлар меҳмонларнинг қалбида анча  муҳрланиши бор гап.

Хулоса ўрнида эса «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари моҳиятида қишлоқларимиз ва маҳаллаларимизни обод қилиш борасидаги қадриятларимизни изчил давом эттирган ҳолда, қишлоқ аҳолиси учун муносиб турмуш шароитлари яратиш ва уларнинг турмуш маданиятини янада юксалтириш, энг асосийси,  ёшларни яратувчанлик  ишларига даъват этишдек эзгу мақсад мужассамлигини таъкидлаш жоиз. ОАВ эса давлатимиз ва Президентимиз томонидан бошланган эзгу мақсадларни тарғиб этувчи катта куч. Зероки, бу дастурларни ҳаётга татбиқ этиш ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ.Уларнинг замирида қанчадан-қанча инсонларининг заҳмати, фидойилиги ётибди, қолаверса  ушбу мақсадлар учун давлатимизнинг маблағлари сарфланмоқда. Мана шу беназир ишларни, эзгу мақсадларни кенг жамоатчиликка етказиш, уларда шукроналик туйғусини янада мустаҳкамлашдек  улкан  вазифа эса журналистлар зиммасига юкланган. Иншооллоҳ, мана шундай миссияларни бажара олсак, халқимиз, ўзимизнинг обод манзилларда яхши яшашга бўлган фазилатларини шакллантиришга муваффақ бўламиз.