АВЛОДЛАРГА ИБРАТ

Rukn: Yangiliklar

Наманган шаҳридаги Адиблар хиёбонида Исҳоқхон Ибратга атаб ёдгорлик ўрнатилгани ҳақида айтиб ўтган эдик. Маърифатпарвар шоир, атоқли тилшунос, ўзбек матбаачилиги асосчиларидан бири бўлган Исҳоқхон Ибрат хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тўрақўрғон тумани марказида кўркам ва маҳобатли мажмуа барпо этилган.

—Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йил 2 ноябрь куни Наманган вилояти Учқўрғон туманида ўтказилган сайловолди учрашувида  вилоятимизда туғилган адиблар, алломалар хусусида гапириб, тўрақўрғонлик Исҳоқхон Ибрат шахси ҳақида тўхталдилар ва маърифатпарвар ҳамюртимиз номини абадийлаштириш зарурлигини айтган эдилар, —дейди уюшманинг Наманган вилоят бўлими раиси Маҳмуджон Парпиев.—Шу учрашувдан маълум вақт ўтганидан сўнг, яъни декабрь ойида туман марказида  зиёратгоҳ, музей, махсус тил ўрганиш мактаби  ва боғни ўз ичига олган катта мажмуа  лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қисқа муддатда олиб борилган саъйи-ҳаракатлар натижасида сизу-биз кўриб турган гўзал ва обод жой бунёд этилди. Бугунги кунда ушбу маскан Наманган, хусусан Тўрақўрғоннинг ташриф қоғозига айланди, десак, муболаға бўлмайди.

Анжуман иштирокчилари мажмуада яратилган шароитлар билан батафсил танишдилар. Мажмуа ҳудудида юз йиллар аввал барпо этилган матбаа корхонаси  ҳам қайта таъмирланган. Икки қаватли бинонинг  биринчи қаватида матбаа корхонаси, иккинчи қаватида эса туман ҳокимлигининг «Давр» газетаси таҳририяти жойлашган.

—Газетамиз туман ҳокимлигининг  ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий нашри ҳисобланади. Айни пайтда газета 4243 нусхада чоп этилмоқда, —дейди газета бош муҳаррири Зоҳидахон Кенжаева. —Саҳифаларимизда туманда  амалга оширилаётган ислоҳотлар кенг ёритиб борилмоқда. Жамоамизда 10 нафар ходим фаолият олиб боради. Туман ҳокимлиги  обуна ва бошқа масалаларда доимо ёрдам бериб келади.

Исҳоқхон Ибрат мажмуаси ҳудудида  барпо этилган хорижий тилларга ихтисосолаштирилган мактабга уюштирилган ташриф ҳам мазмунли ўтди. Меҳмонларни  мактаб ўқувчилари  араб, форс, рус, инглиз, француз, тожик, испан тилларида  қутловлар билан қарши олишди. Мактабда яратилган шарт-шароитлар ўқувчиларнинг  хорижий тилларни мукаммал ўрганишлари учун хизмат қилмоқда.  Устозлар ва ўқувчилар билан ўтказилган суҳбат  шеърхонликка айланди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Исҳоқхон Ибрат ёдгорлик мажмуасини барпо  этиш ишлари якунига етгани йўқ. Қурилиш ва ободонлаштириш ишлари доирасида Косонсой  сойининг мажмуа  ҳудудидан ўтган қисмининг қирғоқларини бетонлаш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилмоқда. Мухтасар айтганда, ушбу мажмуа  ўзбек маънавий-маърифий муҳитининг ажралмас қисмига айланмоқда.