«ОБОД ҚИШЛОҚ ВА «ОБОД МАҲАЛЛА» ОАВ НИГОҲИДА

Rukn: Yangiliklar

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Наманган вилоят бўлимининг «Халқ кутубхонаси»да ўтказилган конференцияда ушбу мавзуни ёритиш бўйича тўпланган тажриба ва камчиликлар очиқ таҳлил этилди. Конференцияни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов кириш сўзи билан очиб берди ва ушбу анжуманни ўтказишдан мақсад ҳақида тўхталди.

—Мамлакатимизда бошланган ислоҳотлар натижасида халқимиз ҳаётида катта ўзгаришлар кузатилмоқда. «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар эса одамларимизнинг яхши яшашга бўлган орзу-умидини рўёбга чиқармоқда. Бу ўз навбатида халқимизнинг турмуш маданиятини ошишига ҳам хизмат қилмоқда. Давлатимиз ана шундай улкан ўзгаришлар, ободлик сари шаҳдам қадам ташлаётган бир пайтда “Биз ОАВ вакиллари нима билан бандмиз?” деган савол туғилади. Ёки “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури ижросини ёритишга қанчалик эътибор қаратяпмиз? Бугун мана шундай саволларга жавоб топишимиз керак, деди нотиқ.


Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари ОАВда дастур доирасида амалга оширилаётган вазифаларни ёритиш бўйича кўплаб чиқишлар қилинган. Таҳлиллар эса ишимиз кутилаётганидан анча ортда эканини кўрсатмоқда. Мавзу доирасида учала вилоят ОАВда берилган материалларнинг аксариятини хабар ва кичик лавҳалар ташкил этяпти, десак бу ҳам тўғри бўлади. Ҳолбуки, дастур доирасида қишлоқларда олиб борилаётган бунёкорликлар бўйича таҳлилий-қиёсий мақолалар, очерк, кўрсатув ва радио эшиттиришлар тайёрлаш мумкин. Мақолаларда фақат рақамлар ортидан қувмасдан, аҳолининг аввалги турмуш шароити ва ҳозирги ҳолатни қиёсан кўрсата олсак мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бундан ташқари, ОАВ орқали аҳолида шукроналик ҳиссини ҳам шакллантириш—биз журналистларнинг елкамизда. Бунёд этилаётган уйлар, йўллар, мактаб ва боғчалар фақат бугунги кун учун эмас, балки келажак учун хизмат қилишини ўз чиқишларимизда кўрсатишимиз зарур.


Конференцияда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев «Ахборот соҳасини янада демократлаштириш ва ривожлантириш бўйича қонунчиликка киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида»ги, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бошқарма бошлиғи Жасур Ҳусанов «Ҳудудий ОАВда «Обод қишлоқ» дастури, тегишли дастур ва режалари ижроси ёритилиши, бу борадиги мавжуд ютуқ ва камчиликлар» мавзусидаги маърузалари билан иштирок этишди. Ҳар иккила маърузачи томонидан келтирилган далил ва рақамлар бўйича иштирокчилар ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини баён этишди. Хусусан, қонунчиликка киритилаётган ўзгартишлар бўйича журналистлар ўз позицияларини очиқ билдиришди.

—Анжуманнинг бундай яхши маънодаги баҳслар остида ўтишини ижобий баҳолаш мумкин. Бироқ, ҳеч биримиз «Обод қишлоқ» дастури доирасида қойиллатиб материаллар ёзганман, деб мақтана олмаслигимиз ҳам бор гап, деди уюшма раиси С.Ҳакимов.— Конференцияни ўтказишдан асосий мақсадимиз бир-биримизнинг тажрибамизни ўрганиш. Конференция доирасида «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури мақсад-вазифалари ва ижросини ёритиш бўйича таклиф ва тавсияларимизни ишлаб чиқдик. Бунинг учун қуйидаги ҳолатларга алоҳида эътибор бериш айни муддао бўларди:
-қишлоқ (маҳалла) ёшлари учун иш ўринлари яратиш, уларнинг хорижда иш излаб сарсон-саргардон бўлиб юришларининг олдини олиш мақсадида оилавий тадбиркорликни тарғиб қилувчи илғор тажрибаларни, бу борада намуна бўла оладиган оилалар фаолиятини кенг ёритиш;
-жойларда соғлом турмуш тарзи тарғиботига тизимли равишда эътибор қаратиш, қишлоқ аҳолисининг ижодкор зиёлилар, турли соҳа мутахассислари билан бўлиб ўтаётган учрашувлари, шунингдек ўз қишлоғи ва маҳалладошлари билан фахрланиш туйғусини мустаҳкамлаш борасидаги ибратли тажрибаларни мунтазам ёритиб бориш;
-қишлоқларда (маҳаллаларда) маданий-маърифий ишлар ҳолати, хусусан, китобхонлик маданиятини ривожлантириш, кутубхоналар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида туркум материаллар тайёрлаш;
-«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури доирасида жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ёритилган энг яхши мақолалардан иборат очерклар тўпламини чоп этиш ва ҳоказо.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Ўзбекистон товар-хомашё биржаси ўртасида тузилган «Дўстлар» клуби томонидан ажратилган совғалар топширилди. Хусусан, Фарғона вилояти Сўх тумани ҳокимлиги нашри «Садои Сўх», Андижон вилояти Қорасув шаҳарчаси ҳокимлиги нашри «Қорасув тонги», Наманган тумани ҳокимлиги нашри «Истиқлол» газетеларига компьютер жамланмаси топширилди. Бундан ташқари жойларда амалга оширилаётган ислоҳотларни ёритишда фаол иштирок этиб келаётган 9 нафар журналист диплом ва қимматли совғалар билан тақдирланди.