УЮШМА ФАОЛИЯТИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК?

Rukn: Yangiliklar

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бошқарувининг кенгайтирилган йиғилишида ана шу ва бошқа масаллар муҳокама қилинди.

Унда бошқарув аъзолари, уюшма  фаоллари ва унинг ҳудудий бўлимлари раҳбарлари иштирок этди. Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси  жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи  давомида олиб борган  фаолият  ҳақида ҳисобот  тингланди, галдаги вазифалар  белгилаб олинди.

Қайд этилганидек,  уюшма ҳисобот даврида миллий журналистикани ривожлантириш, соҳа ходимлари малакасини ошириш,уларнинг амалий билим-кўникмаларини мустаҳкамлаш, журналистларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, фахрийларга эътибор қаратиш йўлида кенг кўламли ишларни амалга оширди. Жумладан, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида  қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси  мақсад-вазифаларини  тарғиб этиш, унинг  доирасида олиб борилаётган  ишларни кенг ёритишда ОАВнинг ролини  оширишга қаратилган  қатор  конференция, давра суҳбатлари ва ўқув семинарлари  ташкил этди.   Бу  тадбирларда журналистларнинг  бу борадаги маҳоратини, хабардорлигини ошириш, уларнинг ўзаро тажриба алмашишларига  алоҳида эътибор қаратилди.

—Жамият ҳаётида демократик қадриятлар қарор топишида оммавий ахборот воситалари–муҳим ва таъсирчан омил. Мамлакатимизда кейинги йилларда бу борада ғоят муҳим  амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва  самарали амалга оширилмоқда, —деди, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов.—Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 9 августдаги “Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги, 2017 йил 10 августдаги “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2017 йил 14 августдаги “Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилаётган ишлар бунга ёрқин мисолдир.

Шунингдек, ҳисоботда таъкидланганидек,  маданият ва санъат муассасалари ҳамда йирик компания ва банклар ҳамкорлигида “Дўстлар клублари”,“Ўзбекистон 24” телеканали, “Халқаро пресс-клуб”, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий  коммуникация  воситалари  университети, “Турон 24” ахборот агентлиги ташкил этилгани  миллий медиамуҳит  тарихида муҳим воқеалар бўлди. “Илҳом“ жамоат фонди ташкил этилгунига қадар эса Уюшмани сақлаш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш, шунингдек “Олтин қалам” танлови ғолибларини мукофотлаш, уни ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ажратилган субцидия ва маблағ,  “Йилнинг энг фаол журналисти” кўрик-танлови эса ҳукумат кўмагида ҳомийлик маблағлари ҳисобига ўтказиб келинди. Эндиликда бундай сарф-харажатларнинг барчаси “Илҳом”  жамоат фонди томонидан қопланмоқда. Ҳисобот  даврида  уюшма томонидан  қатор  миллий ва халқаро  ҳамкор  ташкилотлар билан биргаликда журналистика  соҳасида “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро  танлов, “Йилнинг энг фаол журналисти”, “Энг улуғ, энг азиз”  танловлари  ташкил  этилди. Бу танловларда  жами мингга яқин журналист 11 мингдан ортиқ ижтимоий аҳамиятга молик  материаллари  билан   иштирок этди.  60 нафарга яқин  журналист  ғолиб ва совриндор сифатида  тақдирланди. Бир мисол.  “Олтин қалам” ХIII Миллий мукофоти учун халқаро танловида 523 нафар  журналист  7100  дан ортиқ  ижодий иши билан  қатнашди. Улар орасидан телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари ва интернет-журналистика  йўналишлари бўйича ғолиблар, шунингдек, “ОАВда китобхонлик маданияти тарғиб қилинган энг яхши материал учун”, “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун”, “Энг яхши  матбуот хизмати” ва “Энг яхши фоторепортаж учун” рағбатлантирувчи  мукофотлар соҳиблари  аниқланди.  Бош мукофот Танлов ҳайъати қарорига кўра берилмади. Асосий ва рағбатлантирувчи мукофотларга 456,7 миллион сўм сарфланди.

Шунингдек, Уюшма ҳамда Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси ўртасида тузилган «Дўстлар клуби»  лойиҳаларидан бири фахрийларни ижтимоий ҳимоялаш қаратилган. Ушбу лойиҳа доирасида ҳисобот даврида республика бўйича 190 нафар фахрий ҳолидан хабар олиниб, уларнинг ҳар бирига 300 минг сўмдан зиёд озиқ-овқат маҳсулотлари берилган. 100 нафар фахрий эса “Ҳуррият” газетасига ҳомийлик асосида обуна қилинди. Миллий матбуот маркази компьютер техникалари ва ахборот тизимларига техник хизмат кўрсатиш,  юқори тезликдаги интернет тармоғига боғлаш муаммолари ҳал этилди. мақсадларига 20, 5 миллион сўм сарфланди. Олти нафар  фахрий  шифохонага ётқизилиб,  саломатлигини тиклади.  Яна бир муҳим далил. “Дўстлар клуби” қарорига биноан ҳар бир вилоятдан биттадан эҳтиёжманд туман газетаси  таҳририяти замонавий компьютер жамланмаси билан тақдирланадиган бўлди. Ҳозирда  Самарқанд вилоятининг “Пахтачи”, Сирдарё вилоятининг “Сирдарё” тумани газеталари таҳририятларига компьютер жамланмалари совға қилинди.

Уюшма фаолиятида  мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси мазмун-моҳиятини  ахолининг турли қатламларига етказишда  ОАВ ходимлари фаоллигини ошириш, билим-кўникмаларини мустаҳкамлаш ва масъулиятини кучайтириш мақсадида қатор конференциялар,  давра суҳбатлари ва семинар-тренинглар ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда бошқарув аъзолари амалга оширилган ишларни  ижобий баҳолаган ҳолда, қилиниши лозим бўлган ишлар, мавжуд муаммоларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Чунончи,  Уюшма Бошқаруви, унинг марказий аппарати, ҳудудий бўлимлар, Миллий матбуот маркази ва “Ҳуррият”  газетаси  таҳририяти фаолиятини бугунги янгиланишлар жараёни талаблари асосида ташкил этиш борасидаги  ишлар етарли эмас.  Ҳаётнинг қайноқ нуқталарида иш юритаётган  таҳририятларда хизмат қилаётган журналистларнинг ижодий изланишлари      мунтазам таҳлил этиб борилмаяпти, уларнинг иш, ижод ва турмуш шароитлари билан боғлиқ муаммоларни  ўрганиш ва ҳал этиш тизими йўлга қўйилмаган. Тадбирлар кўп ҳолларда  одатий – мутахассисларнинг чиқишларидан иборат бўлиб қолмоқда. Тадбирга таклиф этилган қалам аҳлининг фикр-мулоҳазаларига кам эътибор берилмоқда. Баҳс-мунозара, фикрлар хилма-хиллиги етишмайди. Оммавий ахборот воситалари таҳлили орқали журналистларнинг ижодий ишларига кўмаклашиш изчил ташкил этилмаяпти. Ҳудудий бўлимларда аниқ режа, ташаббускорлик етишмайди, соҳалар бўйича кенгашлар мунтазам ўтказилмаяпти. Танловларни янада очиқ ва ошкор ўтказиш борасида мутахкссислар ва жамоатчилик фикрини ўрганиш ҳам долзарб муаммолардан. Уюшмага аъзолик тартиблари тўғрисида Низомни  миллий журналистика истиқболи ва ривожланган давлатлар тажрибаси асосида ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳам кун тартибида турибди.

Бошқарув йиғилишида ушбу долзарб муаммолар юзасидан фикрлар билдирилди. Хусусан, Уюшманинг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда эҳтиёжманд ва фаол журналистларни имтиёзли ипотека кредитлари асосида уй-жой ёки ер участкалари билан таъминлаш  борасидаги ишлар  юзасидан таклифлар билдирилди.

Уюшманинг жорий йилнинг тўртинчи чорагида кўзда тутилган чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Анжуман якунида кўриб чиқилган масаллар юзасидан тегишли  қарорлар  қабул қилинди. Сўз бошқарув йиғилиши иштирокчиларига:

Суннатилла Ахмедов, «Маънавият» нашриёт уйи директори;

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бошқаруви йиғилиши кун тартибидан ўрин олган барча масалалар миллий журналистикамиз ривожига хизмат қилиши билан аҳамиятли. Айниқса, Журналистлар уюшмаси аъзолигига қабул қилиш жараёнининг йўлга қўйилиши энг тўғри қадам бўлмоқда. Бу борада билдирилаётган барча таклифларни қўллаб-қувватлайман.  Ўзимнинг ҳам бир икки таклифим бор. Жумладан, ҳамма уюшма фаолиятини ривожлантириш бўйича таклифларини айтиш учун бошқарув йиғилишини кутиб ўтириши шарт эмас. Журналистлар фаолияти учун фойдали бўлган таклиф борми? Марҳамат хоҳлаган пайтда уюшмага мурожаат қилишсин, фаолроқ бўлишимиз керак. Ҳар бир ОАВда уюшманинг вакили бўлиши шарт. Шунингдек, тажриба алмашиш мақсадида халқаро форумларни ўтказиш ҳам фойдадан холи бўлмайди. Бугунги қизғин баҳс ва мунозараларга бой ўтган бошқарув йиғилишимизда кўтарилган масалалар, ўйлайманки, қоғозда қолиб кетмайди, амалиётга жорий этилади.

Муҳаммаджон Обидов, Ўзбекистони Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси:

—Ҳисоботда келтирилган барча рақам ва далилларда Журналистлар уюшмаси ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолиятига давлатимиз раҳбари томонидан эътибор юқори бўлаётганини кўриш мумкин. Барча ҳудудий бўлимлар раислари ва яна икки ходимга “Илҳом” жамоат фонди томонидан ойлик маош тўланаяпти. Тўғриси, бундан бир неча йил аввал бундай ғамхўрлик тушимизга ҳам кирмаган. Бироқ иш сифати бўйича мақтана олмаймиз. Эндиликда уюшма ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолиятини янада ривожлантириш кун тартибида турибди. Бунда, биринчи навбатда, биз ҳудудий бўлимлар раислари ўз фаолиятимизни бугунги тезкор замон қўяётган талабларга мос равишда ташкил этишимиз керак. Менинг таклифим:  ҳудудий бўлим раиси фақат битта жойда ишласин. Мен буни ўз фаолиятимдан келиб чиқиб айтаяпман. Шунингдек, навбатдаги бошқарув йиғилишларидан бири ҳудудий бўлим фаолияти билан танишиш мақсадида ўша вилоятда ўтказилса, айни муддао бўларди.

Бевосита  уюшманинг Фарғона вилоят бўлими ҳақида гапирадиган бўлсак, биз бир нечта мамлакатлар билан халқаро ҳамкорликда иш олиб бораяпмиз. Вилоят журналистларининг малакасини ошириш мақсадида Хитой Халқ Республикасига сафарлар ташкил этилди. Бу борадаги ишларни давом эттирамиз.

Шерзод Ғуломов, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассосиацияси Экспертлар кенгаши  раиси:

—   Бугунги бошқарув йиғилишида Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси раисининг ҳисоботи уюшма фаолияти учун ойина бўлди. Қилинган ишлар ўз йўлига. Келажак учун қўйилаётган тамал тоши ҳам анча залворли. Барча таклифлар бўйича турли фикрларни билдириш мумкин. Аммо барчамизнинг мақсадимиз бир. Бу ҳам бўлса уюшма фаолиятини очиқлигини таъминлаб, мамлакатимиз ОАВда меҳнат қилаётган фидойи ҳамкасбларимиз ва ёшларга муносиб шароитларни яратишга қаратилган. Жумладан, уюшма аъзолигига қабул қилиш билан боғлиқ масалалар кўпчилигимизни ўйлантириб келгани рост. Шу билан бирга, маърузада айтилганидек, бу масалага ҳар томонлама чуқур тайёргарлик кўриш керак.  Шунингдек, «Олтин қалам» Миллий мукофоти халқаро танлови низомини янада такомиллаштириш бўйича билдирилган фикр-мунозаралар ҳам ўринли. Ўзи ҳар йили ушбу танлов билан боғлиқ муҳокамалар бўлиб ўтади. Лекин ҳеч ким аниқ мана бундай қилиш керак, деган хулосани билдирмайди. Четдан мулоҳаза билдирмиш эса ҳар доим осон. Мукофот низомини газета ва сайтда муҳокамага қўйилишини тўла маъқуллайман. Марҳамат,  низомни ўқишсин, таклифлар бўлса уюшмага ёки бошқарув аъзоларига мурожаат қилишсин. Ўйлайманки, танлов Ташкилий қўмитаси ҳам, Уюшма бошқаруви ҳам Миллий танловимизни янада очиқ ва ошкор ўтказилиши билан боғлиқ фикрларни ўрганишга тайёр. Кези келганда, айтиш керакки, бугунги бошқарув йиғилишимиз очиқ ва самарадор бўлди.

Ҳалим Саидов, «Бошланғич таълим» журнали бош муҳаррири:

—Миллий журналистикамизни ривожлантириш учун, биринчи навбатда, Журналистлар уюшмаси фаолиятини янги босқичга олиб чиқилаётгани энг тўғри йўл деб ўйлайман. Уюшма қошида тўққизта ижодий кенгаш тузилган. Кейинги пайтда ушбу кенгашлар фаолиятида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатиляпти. Яқинда Ҳарбий-ватанпарварлик, Ёш журналистлар кенгашларининг йиғилишлари ўтказилди. Айниқса, Ёш журналистлар Кенгаши томонидан ёшлар ўртасида олиб борилаётган саъйи-ҳаракатларини юқори баҳолаш мумкин. Ушбу ва бошқа кенгашларнинг “Устоз-шогирд” анъаналарини изчил йўлга қўйиш учун бел боғлаганликларини маъқуллайман.  Таклифим - Уюшма қошида бош муҳаррирлар Кенгашини ҳам ташкил этайлик. Бу -  бош муҳаррирларнинг ўзаро фикр алмашишлари, муҳим муаммоларни биргаликда ҳал этишлари учун имконият яратади.  Шунингдек, почта фаолиятини тиклаш, босма нашрлар учун қоғоз муаммоларини ҳал этишга давлат ва жамоатчилик эътиборини қаратишда Уюшма бошқаруви ҳам четда қолмаслиги керак, деб ўйлайман. Хориж тажрибаини ўрганайлик.  Бир қанча ривожланган давлатлар тажрибасида қоғоз муаммоси давлат зиммасида. Тарғибот мунтазам, кетма-кет ва изчил бўлиши пировард натижага, албатта таъсир кўрсатади.