Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва ҳудудий бўлимларининг 2018 йилнинг 9 ойи давомидаги фаолияти якунлари ва галдаги вазифалари тўғрисида.

Rukn: Yangiliklar

(Уюшма раиси С.Ҳакимовнинг Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Бошқаруви йиғилишидаги маърузаси)

БАЖАРИЛГАН ИШЛАР

Ассалому алайкум ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!
Жамият ҳаётида демократик қадриятлар қарор топишида оммавий ахборот воситалари муҳим ва таъсирчан омил. Мамлакатимизда кейинги йилларда бу борада ғоят муҳим амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва самарали амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 августдаги “Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги, 2017 йил 10 августдаги “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштиришчора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2017 йил 14 августдаги “Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилаётган ишлар бунга ёрқин мисолдир. Шунингдек, маданият ва санъат муассасалари ҳамда йирик компания ва банклар ҳамкорлигида “Дўстлар клублари”,“Ўзбекистон 24” телеканали, “Халқаро пресс-клуб”, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникация воситалари университети, “Турон 24” ахборот агентлиги ташкил этилгани миллий медиамуҳит тарихида муҳим воқеалар бўлди.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида уюшмамиз томонидан 2018 йилги иш режаси, ўз Устави, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат Дастури, Қонунлар, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармон ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар маҳкамаси топшириқлариижросига қаратилган амалий ишлар олиб борилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг 2018 йил 10 апрелдаги № 5963-хх – сонли ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 апрелдаги №07/1-1272 – сонли топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда “Ўзбекистон республикаси товар хом-ашё биржаси” АЖ ўртасида тузилган “Дўстлар клуби” фаолиятиниизчил йўлга қўйиш мақсадида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, “Илҳом“ жамоат фонди ташкил этилгунига қадар Уюшмани сақлаш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш, шунингдек “Олтин қалам” танлови ғолибларини мукофотлаш, уни ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа инситутларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ажратилган субцидия ва маблағ ҳисобидан амалга ошириб келинган эди.“Йилнинг энг фаол журналисти” кўрик-танлови эса Вазирлар маҳкамаси баённомасига асосан турли ташкилотларнинг ҳомийлик ёрдами ҳисобига ўтказиб келинди. Эндиликда бундай сарф-харажатларни “Илҳом” жамоат фонди кўтармоқда.
Бу йилги “Олтин қалам” ХIII Миллий мукофоти учун халқаро танловда 523 нафар журналист 7100 дан ортиқ ижодий иши билан қатнашди. Улар орасидан телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари ва интернет-журналистика йўналишлари бўйича ғолиблар, шунингдек, “ОАВда китобхонлик маданияти тарғиб қилинган энг яхши материал учун”, “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун”, “Энг яхши матбуот хизмати” ва “Энг яхши фоторепортаж учун” рағбатлантирувчи мукофотлар соҳиблари аниқланди. Бош мукофот Танлов ҳайъати қарорига кўра берилмади. Асосий ва рағбатлантирувчи мукофотларга 456,7 миллион сўм сарфланди.
Тақдирлаш маросимида ЮНЕСКО, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё минтақавий экология марказининг филиали (РЭЦЦА). ЮСАИДнинг Сил касаллигига қарши кураш дастури, DVV International (Германия), Гёте институти, “Регионал диалог” (Словения) каби халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, АҚШ, Туркия, Озарбайжон, Грузия ва Хитой Халқ Республикаларининг элчихоналари, шунингдек миллий ҳамкорлар – Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши, Мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳам ўз мукофотларини топширдилар.
“Йилнинг энг фаол журналисти” республика кўрик-танловидаикки юз нафардан зиёд журналист 2 минг 500 тадан ортиқ ижодий иши билан қатнашди. Танловда газета ва журналлар, телерадиоканаллар ҳамда веб-сайтларда фаолият олиб бораётган 9 нафар журналист ғолиб, 15 нафари совриндор бўлди. Уларга топширилган замонавий телевизор ва ноутбуклар ҳамда бошқа харажатлар учун “Илҳом” жамоат фонди 82, 9 миллион ажратди.
Шунингдек, 9 май – хотира ва қадрлаш куни муносабати билан 40 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрий журналистларга моддий ёрдам кўрсатилди, байрам дастурхони ташкил этилди. Бу мақсадларга 24 миллион сўм сарфланди.
Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги олдидан Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Журналистлар ижодий уюшмаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Миллий телерадиокомпания, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Бадиий академия, “Тасвирий ойина” уюшмаси билан ҳамкорликда “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловини ўтказди.
Бу йилги кўрик-танловга тақдим этилган ижодий ишларда “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деган эзгу ғоя мужассам бўлди. Унга адабиёт, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, интернет-журналистика, тасвирий санъат, фотография, дизайн, кино йўналишлари бўйича 400 нафарга яқин ижодкордан 4000 дан ортиқ ижодий иш келиб тушди. “Зарафшон” кино-концерт залида бўлиб ўтган тантанали маросимда белгиланган йўналишлар бўйича 28 нафар ғолиб ва совриндорларга диплом, плакетка ҳамда эсдалик совғалар топширилди. Мазкур тадбирда Уюшма ходимлари ҳам фаол иштирок этиб, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, интернет-журналистика йўналишида келиб тушган материалларни қабул қилиб олиб, Танлов ҳайъатига тақдим этди. Фонд томонидан мазкур тадбирга 13,5 миллион сўм ажратилди.

Уюшма ҳамда Республика товар – хом ашё биржаси ўртасида тузилган “Дўстлар клуби” фаолияти самарадорлигини янада ошириш ва ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Ҳисобот даврида ана шу “Йўл харитаси” асосида ҳамкор ташкилотлар билан бир қатор тадбирлар– конференциялар, матбуот анжуманлари, медиатур ва медиасаёҳатлар, ёш журналистлар учун маҳорат дарслари, семинар-тренинглар, учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилди. Уларда журналистларимизнинг билим, малака, маҳорат ва тажрибасини янада ошириш, жойлардаги оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган материалларни атрофлича таҳлил қилиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, фахрий журналистларни қўллаб-қувватлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Тошкентда Республика товар - хом ашё биржаси, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда “Оммавий ахборот воситалари халқнинг энг яқин кўмакчиси ва демократия кўзгуси” мавзуида конференция ўтказилди. Ушбу тадбир Президент Ш.М. Мирзиёевнинг Ўзбекистон Конституциясининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида белгиланган вазифалар, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш юзасидан журналистика соҳасида бажарилиши лозим бўлган ишларга бағишланди. Конференция доирасида ватанпарварлик мавзусида самарали ижод қилаётган бир гуруҳ журналистларга эсдалик совғалар топширилди.
Самарқанд шаҳрида “Модернизация-янгиланиш жараёнларининг туб моҳиятини халқимизга етказишда журналистнинг таъсирчан сўзи ва фаол гражданлик позициясининг ўрни ва аҳамияти” мавзуида минтақавий конференция ўтказилди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 27 июнда Матбуот ва ОАВ ходимларига йўллаган байрам табригидан келиб чиқадиган вазифалар ижросига бағишланган мазкур конференцияда Тошкент шаҳри, Самарқанд, Бухоро, Жиззах ва Навоий вилоятлари оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Мазкур тадбирда “Дўстлар клуби” номидан Самарқанд вилояти Пахтачи туманининг “Пахтачи” газетасига энг замонавий компьютер жамланмаси топширилди. Самарқанд, Бухоро, Жиззах ва Навоий вилоятларидан ташриф буюрган бир гуруҳ фахрий журналистлар ва ёш ижодкорлар уюшма фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Конференция иштирокчилари Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мақбара-мажмуасини зиёрат қилди. “Зарафшон” – “Самаркандский вестник” газеталари таҳририятлари фаолияти, Самарқанд шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишди. Имом ал-Бухорий мажмуасида бўлди. Пайариқ тумани “Хўжа Исмоил” маҳалласи фаоллари билан учрашиб, маҳалла кутубхонасига китоблар совға қилишди.
Давлатимиз раҳбари табригидан келиб чиқадиган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида “Халқ ҳаётига яқинлик – журналист фаолиятининг бош мезони” мавзуида семинар-тренинг ташкил этилди. Сирдарё туман ҳокимлиги муассислигидаги “Сирдарё” газетаси таҳририятига уюшма ва Республика товар-хом ашё биржаси ўртасида тузилган “Дўстлар клуби” номидан компьютер жамланмаси топширилди. Вилоятнинг бир гуруҳ фаол журналистлари уюшма фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Айтиш жоиз, ҳисобот даврида Республика товар-хом ашё биржаси томонидан “Ҳуррият” газетаси таҳририятининг босмахона харажатлари ва тезкор интернетга уланиши учун 67, 5 миллион сўм ажратилди. Юз нафар фахрий журналистни ушбу газетага ҳомийлик асосида обуна қилиш учун 18,6 миллион сўм йўналтирилди.
Миллий матбуот маркази компьютер техникалари ва ахборот тизимларига техник хизмат кўрсатиш, юқори тезликдаги интернет тармоғига боғлаш мақсадларига 20, 5 миллион сўм сарфланди.
Ўтган вақт давомида фахрийларни ижтимоий ҳимоялашга катта эътибор қаратилди. Хусусан, ҳисобот даврида республика бўйича жами 190нафарфахрий журналист ҳолидан хабар олиниб, уларнинг ҳар бирига 300-400 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Олти нафар фахрий етакчи шифохоналарга ётқизилиб, саломатлиги тикланди. Сайди Умиров, Ўткир Раҳматов каби ўн нафардан зиёд фахрий ва фаол журналистлар таваллуд санаси ва юбилейи билан қутланиб, қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Таклифлар

Шу йилнинг июнь-июль ойлари Уюшма раиси ва раис ўринбосари Х. Салимов Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони (Администрацияси) масъул ходимлари раҳбарлигида тузилган Республика ишчи гуруҳи таркибидавилоят, туман ва шаҳар газеталари таҳририятлари фаолиятига оид ютуқ ва камчиликлар, мавжуд муаммоларни ўрганиб қайтдик. Муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Айрим муаммоларни жойида ҳал қилишга эришилди. Таҳлиллар натижасига кўра Вазирлар маҳкамасига қуйидаги таклифлар киритилди:
1.2019-2021 йиллар вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари ўз ҳудудларида маҳаллий бюджет ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан “Матбуот уйи” биносини қуриш, уларга Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими ва ўз муассисликларидаги газеталар таҳририятларини жойлаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича бир ой ичида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
2.Журналистлар ижодий уюшмасининг вилоят бўлими, Матбуот ва ахборот агентлигининг вилоят бошқармаси, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари маҳаллий бюджет ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 2019 йилдан мунтазам равишда таҳририятларни малакали журналист кадрлар билан таъминлаш мақсадида тегишли олий ўқув юртлари билан уларда таълим олаётган ёшларни ишга таклиф этиш, соҳага қизиқиши ва қобилияти бўлган ёшларнинг шу йўналишда олий маълумотга эга бўлиши борасида амалий ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиш;
3.Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда уларнинг ҳудудий бўлимлари туман ва шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда ягона йиллик режа асосида мунтазам равишда журналистларнинг маҳоратини ошириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида ҳар чоракда ҳудудий ўқув семинарлари, конференциялар ташкил этиш, уларни ривожланган мамлакатларда малакаларини ошириш, хориждан мутахассислар жалб этиб ўқув-тренинглари ўтказиш;
4.Ҳудудий оммавий ахборот воситаларини ахборот коммуникация технологиялари, жумладан компьютер, электрон жиҳозлар, шунингдек, офис мебеллари билан таъминлаш масаласи замон талаблари даражасида ҳал этилмаган. Бунинг учун муассисларнинг нашрларга нисбатан масъулиятини ошириш юзасидан қонунчиликка қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш, мақсадли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш;
5.Ҳудудларда ҳануз босмахона масаласи долзарблигича қолмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Буҳоро, Жиззах, Хоразм ва Сирдарё вилоятларида бу борадаи аҳвол анчам оғир. Бу ҳолат газеталарнинг сифатсиз чоп этилишига сабаб бўлмоқда. Ҳар бир вилоятда давлат ва ҳусусий шерикчилик асосида ушбу турдаги корхоналарни ташкил этиш;
6.Даврий нашрларда обуна масаласи ғоят долзарб. Қоғоз ва типография харажатлари бозор иқтисодиёти шароитида тез суръатлар билан ошиб бораётгани учун аксарият газета-журналлар таҳририятлари мураккаб аҳволда. Валюта эркинлаштирилиши ва қоғоз нархи кескин ошиб кетганлигини назарда тутиб, аҳолини давлат нашрлари ва ижтимоий аҳамиятга молик нашрларга обуна қилиш учун давлат томонидан дотация ажратиш ва обуна нархини пасайтиришга кўмаклашиш.

Кенгашлар

Уюшма фаолиятини янада жонлантириш мақсадида Уюшмамиз қошида тўққизта ижодий кенгаш тузилган. Кенгашларнинг мақсад ва вазифалари қуйидагилардан иборат:
-ташкилий тузилмаларидан қатъи назар, ОАВда фаолият кўрсатаётган журналистларнинг ижодий изланишларини кузатиб бориш, қўллаб-қувватлаш;
-ихтисослаштириш, касб малакаларини ошириш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш;
-соҳани ривожлантиришга қаратилган қонунлар ва қонуности ҳужжатлар билан мунтазам таништириб бориш;
-фикрлар хилма-хиллиги, турли қараш ва ёндашувларга йўл очиб бериш;
-“Устоз ва шогирд” анъаналари асосида Маҳорат мактабларини йўлга қўйиш;
-журналистларнинг умумэътироф этилган касб ахлоқ-одоби тамойиллари асосида холис ва эркин фаолият маданиятини шакллантиришда ёш журналистларга кўмак бериш;
-жамиятда учрайдиган нуқсон ва камчиликларни танқидий-таҳлилий ўрганиш кўникмасини шакллантириш.
Ҳозирда кенгашлар мунтазам фаолият кўрсатмоқда. ЯқиндаҲарбий-ватанпарварлик, Ёш журналистлар кенгашларининг йиғилишлари ўтказилди. Йиғилишларда кенгашлар фаолияти атрофлича таҳлил қилиниб, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинмоқда. Эртага Олий суд биносида Ҳуқуқий журналистика кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилади. Бошқа кенгашлар ҳам навбати билан ўтказиб борилади.

Режалар

Вилоятлар ва туманлар ОАВ ходимларининг миллий медиамакондаги фаоллигини ошириш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида Журналистлар ижодий уюшмаси бошқарувининг сайёр йиғилишларини ҳудудларда ўтказиш кўзда тутилмоқда.
Айни пайтда минтақавий семинарлар ўтказиш ҳам анъанага айланиб бормоқда. Кейинги ҳафта Наманганда “Обод қишлоқ” давлат дастури ижроси ОАВ нигоҳида: ютуқлар, муаммо ва ечимлар” мавзуида минтақавий (Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ОАВ вакиллари иштирокида) конференция ўтказилади. Конференцияда давлат дастурининг жойлардаги ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг ОАВда ёритилиши масалалари муҳокама қилинади ва тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилади. Тадбир доирасида Наманган тумани “Истиқлол” газетаси, Қорасув шаҳри “Қорасув тонги”, Сўх тумани “ Садои Сўх” газеталари таҳририятларига “Дўстлар клуби”нинг компьютер жамланмалари, шунингдек фаол журналистларга Уюшманинг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилади.
Шу ойда Қозоғистон Республикасида Ўзбекистон йили муносабати билан Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида ушбу мамлакат Журналистлар уюшмаси билан ҳамкорликда “ОАВ фаолияти мамлакатлар ўртасида ҳамкорлик ва халқлар дўстлигининг муҳим омили” мавзуида халқаро конференция ўтказилиши белгиланган.
Мазкур тадбир доирасида икки мамлакат ОАВда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларнинг ёритилиши, бу борадаги ютуқ ва муаммолар, уларнинг ечимлари, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболлари ҳақида фикр юритилади, икки мамлакат журналистлари ўзаро тажриба алмашадилар. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Қозоғистон Журналистлари уюшмаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланиши кутилмоқда.
Ноябрь ойида Хоразмда “Обод юрт “Обод маҳалла” дастури билан” мавзуида минтақавий (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ОАВ вакиллари иштирокида) конференция ташкил этилади.Конференцияда давлат дастурининг жойлардаги ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг ОАВда ёритилиши масалалари муҳокама қилинади ва тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилади.
Тадбир доирасида “Дўстлар клуби”нинг Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманининг “Қонликўл хабарлари” ва Хоразм вилояти Янгиариқ туманининг “Янгиариқ овози” газеталари таҳририятларига компьютер жамланмалари, шунингдек фаол журналистларга Уюшманинг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилади
Декабрь ойида Сурхондарёда “Ҳудудлардаги ёшлар ҳаётининг ОАВда ёритилиши масалалари: “Ёшлар – келажагимиз” давлат Дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш истиқболлари”га бағишланган минтақавий (сурхондарёлик ва қашқадарёлик журналистлар иштирокида) семинар ўтказилади. Тадбир доирасида “Дўстлар клуби”нинг Музработ тумани “Музработ”, Қашқадарё тумани “Яккабоғ овози”газеталари таҳририятларига компьютер жамланмалари, шунингдек, фаол журналистларга Уюшманинг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси қошидаги коррупцияга қарши кураш бўйича Республика идоралараро комиссияси аъзолари иштирокида “Коррупцияга қарши кураш: ютуқ ва истиқболдаги вазифалар” мавзуида давра суҳбати ташкил этилади. Унда коррупцияга қарши курашнинг ОАВда ёритилиши таҳлил этилади. Давра суҳбатида ишлаб чиқилган таклиф-тавсиялар асосида мамлакатнинг барча ҳудудларида семинарлар ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси байрами арафасида оммавий ахборот воситаларида узоқ йиллар хизмат қилган, эҳтиёжманд фахрий журналистлар ҳолидан хабар олинади, улар моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланади.

Жамоатчилик фаолияти

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси жамоаси ўз устави доирасида фаолият кўрсатиш билан бир қаторда мамлакатимиздаги турли жамоат ишларида ҳам фаол қатнашиб келмоқда. Чунончи, ЎзЖИУ раиси Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Нодавлат-нотижорат ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Маслаҳат кенгаши, Мудофаа вазирлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси сифатида ҳам жамоатчилик ишларида Уюшма номидан мунтазам иштирок этиб келмоқда. Уюшма раиси ўринбосари Х.Салимов зиммасига ҳам шаҳар миқёсида шундай вазифалар юкланган.

“Ҳуррият” газетаси таҳририяти

Уюшмамиз муассислигида чоп этилаётган “Ҳуррият” мустақил газетасида амалга оширилаётган ўзгаришлардан барчангиз яхши хабардорсиз. Материалларининг сифати ва салмоғини сезиб турибмиз. Дизайни замонавий қиёфа касб этиб бормоқда. Таҳририрятнинг ижодий жамоаси атрофида моҳир журналистлар, кўзга кўринган олимлар ва таниқли мутахассислардан иборат муаллифлар гуруҳи шакллантирилмоқда. Уларнинг аксарият чиқишлари қизиқиш билан кутиб олинаётир. Баҳс-мунозаралар уйғотмоқда.
Уюшма ва ҳудудий бўлимлар фаолияти мунтазам ёритиб борилмоқда. Жойларда мавжуд илғор тажрибалар ҳақида таҳлилий мақолалар чоп этиш йўлга қўйилмоқда.
Олий Мажлис ҳузуридаги Фонд билан ҳамкорликда “Ҳаракатлар стратегияси — юксалиш стратегияси” лойиҳаси изчил амалга оширилмоқда. Шу кунгача мазкур мавзуда элликка яқин материал чоп этилди. Газета фаолиятини қўллаб-қувватлашда юқорида номи тилга олинган “Дўстлар клуби”нинг ёрдами самарали бўлмоқда.
Айни пайтда, газетанинг 2019 йилдаги обуначиларини кўпайтириш, таҳририятни замонавий билимга эга малакали ва ҳозиржавоб журналист кадрларга бўлган катта эҳтиёжини таъминлаш зарур. Бу муаммони ҳал қилишда Уюшмамизнинг жойлардаги бўлимлари ҳам четда турмасликлари даркор.

Миллий матбуот маркази

Ўзбекистон Миллий матбуот маркази томонидан вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ташкил этиб келинаётган матбуот анжумани ва брифингларга ҳар гал 70 га яқин маҳаллий ва хорижий ОАВлари ходимлари таклиф қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати ташаббуси билан 2018 йилнинг биринчи ярим йиллиги учун тақдим этилган “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” ғояси асосида давлат ва жамият ҳаётидаги муҳим масалалалар бўйича ўтказиладиган брифинг ва матбуот анжуманлари Режaси”га мувофиқ Ўзбекистон Миллий матбуот марказида 151 та матбуот анжумани ва брифинг ўтказилиши белгиланган.
Жорий йилнинг ўтган даврида 181 та турли матбуот анжумани ва брифинглар ташкил этилди.
Анжуманлар жараёнида ОАВ вакиллари жамиятимизнинг барча соҳаларини бирдек қамраб олган ислоҳотлар ва эришилган натижалар, кутилаётган самаралар, белгиланган дастурлар ва истиқболдаги вазифалар, бундан ташқари, камчиликлар, муаммолар ва уларни бартараф этиш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида соҳа эгаларининг ўзларидан холис ва ҳаққоний ахборотларни олиш имконига эга бўлишмоқда.
Барча анжуманлар слайд, кўргазма ва видео роликлар орқали тақдим этилмоқда. Радио-телевидение ва ОАВ орқали ёритилмоқда.
Бироқ Марказ фаолиятини янада такомиллаштириш, матбуот анжуманларининг савиясини жаҳон андозалари даражасига кўтариш учун бир қатор ишлар амалга оширилиши лозим. Бу табиий равишда моддий сарф-ҳаражатни талаб қилади.
Матбуот анжуманларини ташкил этишда моддий-техник база етишмаслиги, эскирганлиги, талабга жавоб бермаслиги, анжуман заллари юқори даражада дизайн қилинмагани матбуот анжуманларининг савиясига бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Шу боисдан Марказнинг моддий-техник базасини замон талаблари даражасида модернизация қилиш борасида ишлар олиб борилмоқда.

Уюшма фаолиятига боғлиқ муаммолар

1.Уюшмамиз фаолиятига бевосита боғлиқ муаммолар ҳам борки, улар ҳақида ҳам сизни хабардор этиш лозим деб ҳисоблайман. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 10 августдаги Қарорининг 2-банди, яъни Уюшмага бино ажратиш масаласи ҳамон долзарб бўлиб турибди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан таклиф этилган бинолар Уюшма талабларига жавоб бермади. Бу масала ҳозирда Вазирлар маҳкамасида кўриб чиқилмоқда.
2.“Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 10 августдаги Қарорнинг 4-бандида “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Уюшма билан биргаликда эҳтиёжманд ва фаол журналистларни имтиёзли ипотека кредитлари асосида уй-жой ёки ер участкалари билан таъминлаш ишларини белгиланган тартибда йўлга қўйсин”, деб кўрсатилган. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бу масалада бир неча бор Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамда , Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгашига ёзма равишда мурожаат қилди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши ва Сурхондарё вилояти ҳокимлигидан ижобий жавоб олинди. Аммо бошқа вилоят ҳокимликлари Президент қарори ижросини асоссиз равишда пайсалга солиб келмоқдалар. Республика ҳукуматига мазкур масала ижросини назоратга олиши ва зарур чора-тадбирлар кўришни сўраб мурожаат қилинди.
3.ОАВда фаолият олиб бораётган журналистларнинг аксарияти мамлакат ҳудудларида туғилиб-ўсган, Тошкент олий ўқув юртларида таҳсил олиб, пойтахтда ишга жойлашган мутахассислардан иборат. Уларнинг катта қисми доимий рўйхатга эга эмас, вақтинча рўйхатда. Бу эса уларнинг тўлақонли фаолият олиб боришида моддий ва маънавий муаммоларга сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасимазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилди. Улардан “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 07.10.2016 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқаролари ва фуқаролтги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 336-сон қарори билан тасдиқланган давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари рўйхатига Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси киритилмаган”, деган мазмунда жавоб хати олинди.
Журналистлар ижодий уюшмасини мазкур рўйхатга киритишюзасидан Президент Админстрациясига мурожаат қилинди.
4.Яна бир муҳим масала. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси юридик мақомига мувофиқ иш юритиши, ўз Устави бўйича тўлақонли фаолият кўрсатиши, мамлакат журналистларини ижодий бирлаштириш ва уларга нисбатан талабчанликни ошириш учун аъзоликни йўлга қўйиш зарур. Бунинг учун Бошқарув қарори асосида Журналистлар ижодий уюшмасига аъзоликни тиклаш, кириш ва аъзолик бадали миқдорини белгилаш, аъзолик билети ва кўкрак нишонини тасдиқлаш лозим бўлади. Бу масала бугунги кун тартибига киритилган.
5.Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси айни пайтда республика миқёсидаги ва ҳудудий газета-журналлар фаолиятини кузатиш,таҳлил этиш, журналистларнинг ижодий изланишларини мунтазам ўрганиб бориш имкониятига эга эмас. Бу мақсадларни амалга ошириш учун уюшмани республикада чоп этиладиган босма ОАВнинг мажбурий нусхалари билан таъминлаш зарур.Бунинг учунЎзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги рухсатини олиш лозим. Бу масала юзасидан ҳам тегишли ташкилотларга мурожаат қилинди.

ҲУДУДИЙ БЎЛИМЛАР ФАОЛИЯТИ

Президентимизнинг “Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига биноан Уюшмамиз ҳудудий бўлимларининг штат бирликлари билан таъминлангани ва уларнинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш учун бюджетдан маблағлар(субсидиялар) ажратилгани қуйи поғоналарда ҳам оммавий ахборот воситаларининг ижодий изланишларини янада жонлантиришда муҳим омил бўлмоқда.
Ҳудудий бўлимлар ўз фаолиятларини Уюшма Устави ва ҳудудий бўлим низоми асосида юритиб келишмоқда. Хусусан, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси мазмун-моҳиятини ахолининг турли қатламларига етказишда ОАВ ходимлари фаоллигини ошириш, билим-кўникмаларини мустаҳкамлаш ва масъулиятини кучайтириш мақсадида қатор конференциялар, давра суҳбатлари ва семинар-тренинглар ташкил этилди.
ОАВ ходимларининг малакасини ошириш, журналистларни қайта тайёрлаш, таҳририятларнинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ёш журналистларнинг касбий маҳоратини шакллантиришда ҳам ҳудудий бўлимлар иштирок этмоқда.
Уюшмамизнинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлимиҚорақалпоғистон Республикаси ахборот агентлиги билан ҳамкорликда жорий йилнинг май ва сентябрь ойларида Ўзбекистондаги марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари учун Оролбўйи ҳудудига медиа-сайёхат ташкил қилинди ва ушбу тадбир доимий давом этади.
Бугунги кунда Қорақапоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги етакчи таҳририятлар ўз маҳорат мактабларига эга. Хусусан, “Еркин Қарақалпақстан” –“Вести Каракалпакстана”, “Зарафшон”-“Самаркандский вестник”, “Андижоннома”-“Андижанская правда”, “Қашқадарё” газеталари таҳририятлари қошидаги Журналистик маҳорат марказларида ўтган йиллар мобайнида кўплаб ёшлар журналистика сирларидан сабоқ олдилар.“Сирдарё “ газетаси ҳамда вилоят телерадиокомпанияси қошида “Ёш мухбирларнинг маҳорат мактаблари” йўлга қўйилган. Бу ҳақда сўз бораркан, айниқса, Самарқанд журналистик маҳорат маркази тажрибаси ва ютуқларини алоҳида эътироф этиш лозим.Бу мактаб битирувчиларини бугунги кунда нафақат вилоят, балки бошқа ҳудудлардаги оммавий ахборот воситаларида ҳам учратиш мумкин.
Уюшманинг Фарғона вилояти бўлими томонидан журналистларнинг малакаларини ошириш, республикамизнинг ҳудудларидаги ҳамкасблари билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш ва тажриба алмашиш бўйича амалга оширилган ишлари диққатга сазовор. Бўлим, шунингдек, хорижий ҳамкасблар билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Ўтган даврда фарғоналик журналистлар Корея Республикаси ва Хитой Халқ Республикасига қилган ижодий сафарлар бунинг мисолидир. Жавоб сифатида хитойлик журналистлар ҳам мамлакатимизга ташриф буюришди.
Ҳисобот даврида Уюшманинг Андижон ва Қашқадарё вилоятлари бўлимлари томонидан газета ва журналлар, теле-радиоканаллар, уларда ишлаётган журналистлар фаолияти таҳлилига бағишланган тадбирлар ўтказилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Мисол учун, уюшма Андижон вилояти бўлими томонидан Хўжаобод, Пахтаобод, Марҳамат, Асака ва Булоқбоши туманлари ҳокимликларининг «Ҳақиқат», «Давр садоси», “Асака ҳаёти”, “Булоқбоши” «Оқ олтин» газеталарида чоп этилган мақолалар ва уларнинг дизайни атрофлича таҳлил этилган.
Уюшма Қашқадарё вилояти бўлими томонидан ташкил этилган ўқув-семинарларидан бирида вилоят телерадиокомпанияси ҳамда Қаршининг “Насаф-ТВ”, уларнинг ижодий ходимлари фаолияти таҳлил қилинган. Вилоят тележурналистларида учраётган камчиликлар, билим ва маҳорат етишмаслиги аниқ мисоллар асосида кўрсатилиб, уларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилган.
Фарғона вилоятида “Газета ва журнал дизайни” мавзуида вилоят, шаҳар-туман ҳокимликлари нашрлари учун маҳорат дарслари ташкил этилди.
Бу дегани қайд этилган вилоятларда барча ишлар яхши йўлга қўйилган дегани эмас, албатта. Бу ўринда гап бошқа вилоятларда унутиб қўйилган мавзу ҳақида, яъни оммавий ахборот воситалари фаолияти таҳлили орқали журналистларимизнинг ижодий ишларига яқиндан кўмаклашиш борасида кетяпти.
Андижон вилоятида замонамиз қаҳрамонлари образини яратиш бўйича “Ўткир қалам соҳиби”, Сирдарё вилоятида “Сирдарёнинг энг фаол мухбири”, шунингдек барча вилоятларда “Йилнинг энг фаол журналисти” танловлари ўтказилаётгани, Хоразмда ёш журналистлар учун устоз ижодкорларнинг Маҳорат мактаблари ташкил этилаётгани, Жиззах вилоятида ҳокимлик матбуот хизмати билан ўзаро алоқалар изчил йўлга қўйилгани, Самарқандда вилоятлар газеталари билан ўзаро тажриба алмашиш давом эттирилаётгани, Фарғонада ҳар йили 50 нафарга яқин журналист учун Чимён сиҳатгоҳида семинар ва соғломлаштириш тадбири ташкил этилаётгани, Самарқанд ва Фарғонада вилоят тадбирларига республика миқёсида таниқли журналистларнинг таклиф этилаётгани яхши, албатта.
Бу ўринда бир нарсани таъкидлашни истрдим. Марказдан борган таниқли журналистларнинг иштироки аксарият бир йиғилиш-тадбир доирасидачекланиб қолмоқда. Уларнинг ташрифлари ижодий мактаб даражасида ташкил этилаётгани йўқ. Ҳолбуки, вилоят, туман журналистлари учун бундай учрашувлар маҳорат мактаби вазифасини ўташи зарур.
Айрим вилоятлар берган ҳисоботларда баъзан бир тадбирда бир-биридан муҳим 4-5 мавзу кун тартибига қўйилган, барчаси ўрганиб чиқилиб, ҳатто тавсиялар ҳам ишлаб чиқилганки, бунга ақл бовар қилмайди.
Мана, қўлимда барча вилоят бўлимлари раисларининг ҳисоботлари. Ким қандай ишлаганини, ўз вазифасига нисбатан муносабатни мана шу ҳисоботлардан ҳам билиш мумкин. Уюшмага ҳудудий бўлимлар юборган ҳисоботларни кўздан кечирар экансиз, таассурот шундайки, айрим вилоят бўлимлари раислари қайси тадбирда иштирок этган бўлса, шу тадбир уюшма томонидани ўтказилган ҳисобланади.Афсуски, бундай бирёқлама муносабатни бошқа вилоятлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Аксарият ҳудудий бўлимлар раислари аксосан тадбирлар ўтказиш билан чекланиб қолишмоқда.
Бу ўринда бир нарсани тўғри тушунишингизни сўрардим. Матбуот ва оммавий ахборот воситаларига дахлдор барча ташкилотлар ҳаммамиз бир ишни қиламиз, мақсадимиз бир, яқин ҳамкорликда иш юритамиз. Республика миқёсида ҳам, вилоят, туманлар миқёсида ҳам. Аммо журналистлар ижодий уюшмаси ва унинг ҳудудий бўлимларининг ўз Устави ва ўз низомидан келиб чиқадиган 22 банддан иборат мақсад ва вазифалари бор. Бу мақсад ва вазифалар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида” ги қарорида ҳам аниқ ва тиниқ белгилаб берилган. Бу вазифаларни амалга оширишда, биринчи галда, биз масъулмиз. Биз бевосита журналистлар билан ишлаймиз, журналистларнинг ижодий изланишларини таҳлил этамиз, рағбатлантирамиз, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз. Уларнинг шахс сифатида жамиятда мустаҳкам мавқега эга бўлишидан, биринчи навбатда, биз манфаатдормиз.
Фақат тадбирлар ўтказиш билан чекланаверсак, журналистларнинг ижодий изланишларини кузатиш ва рағбатлантириш, уларнинг муаммоларини чуқур ўрганиб тегишли ташкилотларга таклифлар киритиш, маданий-маиший шарт-шароитларини яхшилашга кўмаклашиш борасидаги ишларни ким қилади? Ижобий тажрибаларни қандай аниқлаймиз?
Тақдим этилган ҳисоботларнинг бирортасида вилоятларда ОАВ сифатида фаолият олиб бораётган веб-сайтларга жойлаштирилаётган материаллар таҳлили бўйича маълумот йўқ. Уларни ривожлантиришга қаратилган таклиф ва тавсия ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Ваҳоланки, миллий медиа-маконимизда интернет нашрларининг ўрни тоборо мустаҳкамланиб, юксалиб бормоқда. Одамлар асосий информацияни интернетдан, веб-сайтлардан олмоқда. Шундай экан, эндиликда бу масалага ҳам жиддий эътибор қаратишимиз зарур ва шарт.
Уюшма вилоят бўлими қошида ижодий кенгашлар фаолиятини ташкил этиш ва жонлантиришга оид, кенгашлар томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумотлар фақат Андижон, Бухоро, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятлари бўлимлари томонидан тақдим этилган. Бундан хулоса шуки, қолган вилоятларда бу борадаги ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган.
Яна бир муҳим масала – бу ижро интизоми. Аҳвол жуда ёмон. Мисол учун, вилоятлардаги ОАВда фаолият олиб бораётган журналистлар ҳақида маълумотлар базасини шакллантириш бўйича жўнатилган хатимиз ижроси ҳалигача тўлиқ бажарилмади. Ҳалигача Андижон, Бухоро, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларидаги газета ва журналларда ишлаётган журналистлар ҳақида тўлиқ маълумотлар тақдим этилмади. Вилоятлардаги телеканаллар, веб-сайтларда фаолият олиб бораётган журналистлар ҳақидаги маълумотларни ҳам аксарият вилоятлар бермаган. Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари бўлимларидан жорий йилнинг ўтган саккиз ойида амалга оширилган ишлари ҳақида ҳисоботларни олиш ҳам осон бўлмади.
Ё бўлмаса, ҳудудий бўлимлар низоми билан боғлиқ ҳолатни олайлик. Нима қилиш зарурлигини юрист билан қайта-қайта маслаҳатлашиб, ҳар бирингизга хат юбордик. Шундан кейин ҳам айрим ҳудудий бўлим раислари ишни охирига етказганлари йўқ.
Ишга бўлган бундай масъулиятсизликларга шу пайтгача сабр-тоқат қилиб келдик. Агар бундай ҳолат давом этадиган бўлса, меҳнат қонунчилиги бўйича чора кўришга мажбур бўламиз.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Уюшмамиз вилоятлар бўлимларида ҳали ишлар Президентимиз ва ҳукуматимиз талаб этаётган даражада ташкил эта олмаяпмиз. Ишларимизни ҳали тизимли йўлга қўя олганимиз йўқ. Барча вилоятларда олдиндан пухта ўйлаб тузилган йиллик иш режаси мавжуд эмас. Мутасадди ташкилотлар, энг муҳими, ҳокимликлар ва уларнинг матбуот хизматлари билан алоқалар изчил ташкил этилмаган.
Бу камчиликлар, албатта, Уюшма аппаратининг, биринчи навбатда, менинг ҳам камчилигим. Ўйлайманки, Бошқарувимиз аъзолари ҳам бундан четда эмас. Тўғри, аввал озчилик эдик. Қўлимиз калталик қилиб келди. Энди кўпайишдик. Дастимиз ҳам узайди. Талаб ҳам, масъулият ҳам шунга яраша бўлади. Барчангизни Устав ва Низом талабларига қатъий амал қилишингизни, ҳар ишда Уюшма аппарати билан бамаслаҳат ишлашингизни сўрайман.
Эътиборингиз учун раҳмат.
04.09.18.