“Тошкент” телеканали халқаро телевизион фестиваль совриндори

Rukn: Yangiliklar

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Тошкент” телеканали ижодий жамоаси томонидан суратга олинган “Жаннатмакон Ўзбекистон” ҳужжатли фильми “ТЭФИ Ҳамдўстлик-2018″ халқаро телевизион фестивали совриндори бўлди.

Маълумот ўрнида, “Россия телевидение академияси” жамғармаси томонидан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва яқин хориждаги телевидение ижодкорлари ўртасида анъанавий ўтказиб келинадиган”ТЭФИ Ҳамдўстлик” ўз нуфузи билан телевидение соҳасига бағишланган бошқа халқаро фестиваллардан қолишмайди. Унга 2011 йилда асос солинган бўлиб, фестиваль илк кунларданоқ МДҲга аъзо мамлакатлар гуманитар ҳамкорлиги жамғармаси ва Россия матбуот ва оммавий коммуникациялар федерал агентлиги томонидан рағбатлантирилиб келинмоқда.

Ҳамдўстлик мамлакатларида ягона ахборот маконини шакллантиришни мақсад қилган фестивалга ҳар йили МДҲнинг бирор мамлакати мезбонлик қилади. Фестиваль мавзулари ҳам хилма-хил. «ТЭФИ Ҳамдўстлик” доирасида экспертлар кенгаши тузилади, соҳанинг тажрибали мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари, замонавий телевидениенинг долзарб муаммоларига бағишланган мунозаралар, телевизон ижодий ишлар муҳокамалари, очиқ суҳбатлар ўтказилади. Фестиваль якунида ғолибларга махсус мукофотлар топширилади.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА