Ўзбекистон ҳақида сўзловчи янги нашр

Rukn: Yangiliklar

Пойтахтимизда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси қошида таъсис этилган “Oʻzbekiston“ журналининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Янги нашр тақдимотига турли вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари, миллий маданият марказларининг вакиллари таклиф этилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Қурбонов, Халқаро пресс-клуб раиси, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Ш.Қудратхўжаев ва бошқалар мамлакатимизда тинчлик, ижтимоий барқарорликни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга оид узоқни кўзловчи одилона сиёсат турли миллат ва элат вакилларининг ўзаро ҳамжиҳат, аҳил ва иноқликда истиқомат қилишида асосий омил бўлаётганини таъкидлади.

“Oʻzbekiston“ журнали таҳририяти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармони ҳамда 2017 йил 23 майдаги тегишли қарорига асосан қўмита муассислигида ташкил этилиб, унинг илк 1-2-сони нашр қилинди.

Ушбу журналда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси фаолиятини кенг доирада ёритиш билан бирга юртимизда тинч-тотув яшаётган турли миллат ва элатларнинг урф-одатлари, миллий удумлари, анъаналари ҳақида ҳам кенг маълумот бериш режалаштирилган. Хусусан, қўмита саъй-ҳаракатлари туфайли Америка Қўшма Штатлари, Германия, Россия Федерациясидаги ватандошларимиз билан мустаҳкам ўрнатилган дўстлик алоқалари журналнинг “Юзма-юз“ рукнида ўз ифодасини топган бўлса, “Йирик план“ рукни остида буюк адиб Чингиз Айтматов ҳаёти ва фаолияти кенг ёритилган.

d19ed0b7d0b1d0b5d0bad0b8d181d182d0bed0bd-d2b3d0b0d29bd0b8d0b4d0b0-d181d19ed0b7d0bbd0bed0b2d187d0b8-d18fd0bdd0b3d0b8-d0bdd0b0d188d180-2 – Мазкур нашр Ўзбекистон шаъни, обрўсини кўрсатадиган журнал бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди “Oʻzbekiston“ журнали бош муҳаррири Шоҳида Эшонбобоева. – Журналда диёримиздаги тинчлик, ҳамжиҳатлик, миллатлараро аҳиллик ва ҳамжиҳатликни асраб-авайлаш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар, кўплаб миллий маданият марказларининг серқирра фаолияти, турли миллат вакилларининг эзгу интилишлари ранг-баранг ва қизиқарли материаллар орқали ўз ифодасини топади.

Журналнинг нишона сонида таҳририят ижодий жамоаси томонидан Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга бағишланган ҳамда умуминсоний қадриятлар, маданий мерос, хориждаги ватандошлар, санъат ва спорт юлдузлари, юртимизда кечаётган маданий-маърифий жараёнларга оид қизиқарли мақолалар тайёрланиб, ўқувчиларга ҳавола этилди.

Йилига тўрт марта, ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этиладиган ушбу журналнинг аудиторияси наинки юртимизда, балки хорижда ҳам кенг бўлишига умид боғлаган қўмита ва таҳририят ходимлари истиқболда нашрнинг ададини уч-тўрт баробар оширишни мақсад қилган.

Тақдимот маросимида “Oʻzbekiston“ журналининг истиқболдаги ижодий режалари хусусида атрофлича маълумот берилди.

Назокат Усмонова, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА