Ўзбекистон-Россия медиа форуми ўз ишини якунлади

Rukn: Yangiliklar

Жорий йилнинг 4-6 октябрь кунлари Тошкентда илк бор Ўзбекистон-Россия медиа форуми ўтказилди.

Медиа соҳасида йирик воқеа ҳисобланган ушбу тадбирда Ўзбекистон ва Россиянинг етакчи давлат ва нодавлат ОАВлари, телекоммуникация компаниялари раҳбарлари, журналистика ва ахборот технологиялари йўналиши мутахассисларини тайёрлашга ихтисослаштирилган олий таьлим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, талабалари иштирок этди.

Биринчи Ўзбекистон-Россия медиа-форумининг расмий қисмида Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси В.Тюрденев, РФ рақамли ривожланиш, алоқалар ва оммавий коммуникациялар вазири ўринбосари А.Волин, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси А.Ходжаев ва бошқалар сўзга чиқди.

Таъкидлангандек, мазкур форум икки мамлакатнинг медиа соҳаси вакиллари ўртасидаги доимий мулоқотнинг бошланиш нуқтаси бўлди.

Медиа форум кун тартибидаги илк муҳокама Ўзбекистон ва Россиянинг телекоммуникация соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларига бағишланди. Шунингдек, икки мамлакат тарихи, маданияти, ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишни кенгайтириш, телекоммуникация соҳаси янгиликлари, янги технология ва хизматлар, рақамли телевидение аудиторияси таҳлиллари, анъанавий телевидениенинг рақобатбардошлигини ошириш каби масалаларга эътибор қаратилди.

Россиянинг “SPB TV“ компанияси Бош директори Кирилл Филиппов ўз чиқишида Ўзбекистон телекоммуникация бозорида мавжуд муаммоларнинг ечимига тўхталди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда интернет тезлиги ва сифатини ошириб, шунингдек, медиа маҳсулотларнинг “қароқчилик“ йўллари билан тарқатилиш ҳолатларини бартараф этиш орқали маҳаллий телекоммуникация бозорини ривожлантириш мумкин.

-Бизнинг компания телекоммуникация соҳасида Ҳамдўстлик мамлакатлари билан узоқ йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келади, деди у. - Биз Ўзбекистонга янги лойиҳалар ва хизматларимизни таклиф этамиз.

Форум ишида Россиянинг энг йирик телекоммуникация компанияси – “НТВ плюс“ ҳам иштирок этди.

Бугунги кунда “НТВ Плюс“ – сунъий йўлдош рақамли телевидение (HDTV)нинг 270 та каналини ўзида жамлаган, Россия телекоммуникация бозорида муваффақият қозонган етакчи компаниялардан.

- Биз ўз тажрибаларимиз билан ўртоқлашдик, - деди “НТВ плюс” Бош директори Михаил Дёмин. - Илиқ ва дўстона муҳитда ўтган мулоқотдан катта қониқиш ҳис қилдим. Яна бир нарсани маълум қилишни истардимки, форумга мезбонлик қилган Тошкент менга жуда қадрдон. Шу ерда туғилиб ўсганман. Она шаҳримнинг бугун янада чирой очганидан мамнунман. Тошкент билан боғлиқ болалик хотираларим кечагидек ёдимда.

Форум доирасида Ўзбекистон ва Россия ахборот агентликларининг ўзаро ҳамкорлиги, кадрлар тайёрлаш ҳамда тажриба алмашиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

-Бизнинг Тошкентда ўз мухбиримиз бор, -деди Россиянинг етакчи ахборот агентлиги – ТАСС вакили Борис Грушин. - Бундан ташқари, Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари, вазирлик, идоралар сайтларини мунтазам кузатиб, уларда узатилган ахборотларга асосида ўз аудиториямизни мамлакатингиз ҳаётига оид воқеа-ҳодисалар билан таништириб борамиз. Кейинги вақтда айни жараён ЎзАда ҳам фаоллашгани қувонарли. Агентлик узатаётган материалларда Ҳамдўстлик мамлакатлари ҳаётидан сўзловчи ахборот салмоғи ошиб бормоқда.

Мана бир неча йилки МДҲ давлат ахборот агентликлари ассоциацияси фаолият кўрсатиб келмоқда. Мазкур ассоциациянинг ўз сайти бўлиб, аъзо ахборот агентликлари турли мавзуларда тайёрлаган материалларини қўйиб боради. Ўйлайманки, бу борада ЎзА билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйсак, ахборот алмашиш соҳасида мавжуд имкониятлардан бирини ишга солган бўлар эдик.

Эслатиб ўтамиз, медиа форум Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси, Россия Федерациясининг рақамли ривожланиш, алоқа ва оммавий коммуникациялар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА