ОАВ ВА СУД ҲОКИМИЯТИ

Rukn: Yangiliklar

ОАВ ВА СУД ҲОКИМИЯТИ
адолатли фуқаролик жамияти манфаатлари учун хизмат қилади
Ўзбекистон Республикаси Олий судида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Ҳуқуқий журналистика Кенгаши томонидан “Оммавий ахборот воситаларида суд процессларини ёритишнинг ўзига хос хусусиятлари ва журналистнинг айбсизлик презумпциясига амал қилиш мажбурияти”мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вакиллари, Олий суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг масъул ходимлари, марказий оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий мавзуни ёритишга ихтисослашган ходимлари иштирок этишди.

Матбуот ва суд ҳокимияти аслида ўз вазифаси ва табиатига кўра турли фаолиятни амалга оширсалар-да, туб мазмун-моҳияти билан ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти манфаатлари учун хизмат қилади. Шу боис улар ҳамкорликсиз ўз олдига қўйган мураккаб вазифаларини адо этишлари қийин.

Тадбирда, суд ҳокимияти билан ОАВ ўртасидаги ўзаро муносабатни янада яхшилаш, янги босқичга кўтариш учун қатор ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлиги таъкидланди. Яъни матбуотда эълон қилинган суд фаолиятига оид материалларни таҳлил этиб бориш, бу таҳлиллар асосида суд ва ОАВ ходимлари учун аниқ тавсиялар ишлаб чиқиш, хорижий мамлакатларнинг суд ҳокимияти билан ОАВ муносабатларига доир тажрибаларини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Бироқ ОАВда суд процессларининг ёритилиши, хусусиятлари, услуб ва йўналишлари, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишда журналистиканинг ўрни ва аҳамиятига бағишланган махсус тадқиқотлар амалга оширилмаган.

Шунингдек, ОАВда суд муҳокамаларини ёритишнинг ҳуқуқий асослари, судлардан ахборот олиш ва тарқатишда журналист маҳорати, касб этикаси, журналистларнинг ихтисослашуви, судларда аккредитация институтини жорий этиш зарурияти етарлича тадқиқ этилмагани айтиб ўтилди.

Қизғин савол-жавоб ва баҳс-мунозаралар асосида ўтган кенгаш йиғилиши сўнгида суд-ҳуқуқ соҳасини ёритувчи журналистлар учун мавзу юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.