Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятидан

Rukn: Yangiliklar

КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ ВА УЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯСИ КУЧАЙТИРИЛАДИ

img_0095

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Ёш журналистлар кенгашининг навбатдаги  йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда бугунги ўзбек журналистикаси фаолияти, унда ёш журналистларининг ўрни ва таъсири, соҳадаги ютуқ ва камчиликлар эътироф этилиб, билдирилган таклифлар асосида келгусида соҳада малакали кадрларни етказиб бериш борасидаги ишлар атрофлича муҳокама этилди.

Юртимизда оммавий ахборот воситаларини янада эркинлаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларни кенг жорий этиш борасида кенг кўламли саъйи-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Бу борада бугунги кунда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришга қаратилган Ҳаракатлар стратегияси асосида оммавий ахборот воситаларини либераллаштириш, пухта билим ва юқори малакага эга ёш журналистларни тайёрлашга доир  ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар кўрилаётир.

Айтиш жоизки, ёш журналист кадрларнинг ўз иқтидорларини намоён этиши учун имконият яратиш мақсадида тузилган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Ёш журналистлар кенгаши мазкур йўналишда самарали фаолият олиб бормоқда. Айни пайтда Кенгаш илғор фикрли, фаол фуқаролик позициясига эга, замонавий билимлар ва хорижий тилларни пухта эгаллаган журналист кадрлар базасини шакллантиришда Уюшманинг яқин кўмакчисига айланди.

img_0100— Ўтган давр мобайнида тузилма томонидан кўплаб давра суҳбатлари, баҳс ва мунозаралар, ижодий кечалар, семинарлар кўнгилочар тадбирлар ўтказилди,—деди Кенгаш раиси Фахриддин Каримов.—  Лекин, Кенгаш томонидан ўтган давр мобайнида бир нечта мақтанса арзигулик ишлар бажарилган бўлсада, тўлиғича кенг жамоатчилик назарига тушган лойиҳа амалга оширилганича йўқ.  Келгусида биз Кенгаш аъзоларининг тажрибали журналистлар, шарҳловчилар ва хорижий экспертлар билан мулоқотларини тизимли йўлга қўйиш, ички турзм доирасида ёш журналистлар саёҳатларини ташкил этиш, ижтимоий тармоқларда кенгаш фаолиятини йўлга қўйиш, ёш журналистлар ўртасида «Ислоҳотлар Сен учун, Биз учун тенгдош!» танловини ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда ёш журналистларимизни ижтимоий ва моддий  рағбатлантиришнинг замонавий механизмини ишлаб чиқиш каби бугунги кунда долзарб бўлиб турган лойиҳаларни амалга ошришга киришяпмиз. Ўйлайманки, Уюшма томонидан Кенгаш олдига қўйилаётган ушбу талабларни бажара олсак, миллий ОАВ замонавий ахборот технологияларини ҳамда хориж тилларни мукаммал ўзлаштирган кадрлар билан таъминланади.

img_0119Анжуман доирасида Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов, ЎзМУ Журналистика факультети декани Маҳлиё Мирсоатова, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультети декани Амрилло Каримов, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг Интернет журналистика ва ижтимоий тармоқлар факультети декани Нозима Муротованинг мамлакатимизда журналист кадрлар тайёрлаш борасида олиб бораётган ишлар ва истиқболдаги режалар мавзуидаги маърузалари тингланди.

—Ўзбекистон Миллий университети  ўзбек журналистикаси ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда, —деди, Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети декани Маҳлиё Мирсоатова.—  Факультетда таҳсил олаётган бўлғуси журналистларни малакали мутахассислар бўлиб етишишлари учун  назарий билимлар бериш билан бирга амалиёт уйғунлиги таъминлашга ҳаракат қилаяпмиз. Бу борада айни пайтда 3+1 дастури устида иш олиб борилмоқда. Яъни талабага уч йил  аудиторияда устозлар назарий билим беради. Сўнгги бир йилни эса улар  назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлайдилар. Бундан ташқари бизнинг олдимизда турган муҳим вазифалардан яна бири — журналист кадрлар учун ўқув адабиётларини яратиш бўлиб қолмоқда. Ҳозирда факультетимизда фаолият олиб бораётган тажрибали устозлар билан биргаликда ўқув адабиётларни яратиш бўйича изланишлар олиб борилмоқда. Хабарингиз бор, яқинда Москва давлат университети (МГУ) вакиллари ЎзМУга келиши кутилмоқда. Ана шу учрашув пайтида журналист кадрларни тайёрлаш бўйича янги йўналиш очиш масалалари муҳокама этилади. Бу ҳам бўлса, мамлакатимиз медиа соҳасининг янги босқичга чиқишга хизмат қилади.

img_0148Шунингдек, тадбирда ёш журналистлар ҳам Кенгаш фаолиятини янада такомиллаштириш борасидаги  таклифларини мутассаддилар эътиборига  ҳавола этишди.

Тадбир сўнггида билдирилган таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиқиб тегишли қарорлар қабул қилинди.