Халқ ҳаётига яқинлик – бош мезон

Rukn: Yangiliklar

Айни кунларда юртимиз бўйлаб Ватанимиз мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрами қизғин нишонланмоқда. Жойларда турли маданий-маърифий тадбирлар, анжуманлар ва учрашувлар ўтказилаётир. Ана шундай тадбирлардан бири Сирдарё вилоятида ташкил этилди.

«Халқ ҳаётига яқинлик — журналист фаолиятининг бош мезони» мавзуида ўтган ушбу анжуман ЎзбекистонЖурна­лист­лари ижодий уюшмаси томонидан Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси, Республика товар-хом ашё биржаси, уюшманинг вилоят бўлими ҳамкорлигида ўтказилди. Унда кенг жамотчилик, марказий ва вилоят оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мамлакатимизда барча соҳалар қатори оммавий ахборот воситаларини янада демократлаштириш, модернизациялаш, журналистларнинг ижодий изланишларини қўл­лаб қувватлаш борасида зарур шарт-шароитлар яратилаётгани анжуманда алоҳида таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон ижодкорларини қўл­лаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида” ҳамда “Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бў­йича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари бу борада муҳим дастурил­амал бўлаётир.

Қайд этилганидек, жамиятимиз ҳаётини янада демократлаштириш, аҳолини ислоҳотлар жараёнидан кенг хабардор этиш, ижтимоий масалалар юзасидан жамоатчилик фикрини шакллантириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Халқ ҳаётига яқинлик журналистлар фаолиятида тобора чуқур акс этмоқда. Ҳудудий оммавий ахборот воситаларининг миллий медиа майдонимиздаги ўрни мус­таҳкам­лана­ётир.

— Халқ ҳаётига яқинлик, одамларнинг орзу интилишлари, дарду ташвишлари билан яшаш, уларни ҳаётдан рози қилиш, муносиб турмуш кечиришлари учун кенг имкониятлар яратишга давлатимиз ва ҳукуматимиз устувор аҳамият қаратмоқда, — деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С.Ҳа­кимов. — Қишлоқларимиз қиёфасини тамомила ўзгартириб юбораётган “Обод қишлоқ” дастури борасидаги ишлар бунга ёрқин мисолдир. Ана шундай бунёдкорлик ва янгиланишлар жараёнини, шу билан бирга, муаммолар ва ҳал қилиниши лозим бўлган вазифаларни холис ва таъсирчан ёритиш журналистларимиз учун кундалик юмушга айланмоғи лозим. Бу, ҳеч шуб­ҳасиз, чинакам маънода ҳаёт қозонида қайнаётган вилоят ва туман оммавий ахборот воситаларининг журналистлари, айниқса фаол бўлишларини, республика оммавий ахборот воситаларида тез-тез чиқиш қилиб туришларини тақозо этади. Анжуманда ана шу масалага алоҳида урғу берилди, ўзаро фикр алмашилди. Айнан вилоят ва туманларда фаолият кўрсатаётган журналистларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижодий изланишларини рағбатлантириб бориш Уюшма фаолиятида бундан буён ҳам етакчи тамойил бўлиб қолади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Эркин Холбўтаевнинг «Ахборот соҳасига оид қонун ҳужжатларига киритилаётган муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар», Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Сирдарё вилояти бўлими раиси Бойжигит Абдуллаевнинг «Замон талаби ва ижодий-ташкилий ишлар масъулияти» мавзуидаги маърузалари тинг­ланди.

— Юртимизда сўз ва ахборот эркинлигини чинакамига таъминлаш, ахборот соҳасини демократлаштириш ва либераллаштириш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Эркин Холбўтаев. — Ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи мустаҳкам қонунчилик базасининг яратилгани ва айни пайтда бир қанча қонунларимизга бугунги кун ва истиқбол нуқтаи назаридан ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётгани ОАВ ва уларда хизмат қилаётган журналистларимиз фаолиятини янада самарали ташкил этиш, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни, нуфузи ва масъулиятини оширишга хизмат қилади.

— Оммавий ахборот воситалари мамлакат аҳолисига содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ўз муносабатини, фикр ва мулоҳазаларини эркин ифодалаш имконини тақдим этади, — дейди Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Отабек Абдуғаниев. — Шунингдек, жамоатчилик фикрини шакллантиради. Бу эса аҳо­лининг сиёсий фаоллигини юксалтириш имконини беради, уларнинг мамлакат ижтимоий-­сиёсий ҳаётидаги иштирокини кенгайтиради. Бугунги кунда Сирдарё вилоятида 22 та газета, 1 та журнал, 1 та телерадиоканал, жами 24 та оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатмоқда. Уларда меҳнат қилаётган юзлаб ижодий ходимлар мамлакатимиз ва вилоят ҳаётида амалга оширилаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ёритиб келмоқда. Вилоят ҳокимлиги мавжуд ОАВнинг модий-техник базасини мустаҳкамлаш, журналистларимизнинг ижодий изланишларини қўл­лаб-қувватлашга мунтазам эътибор бериб келмоқда. Лекин жойлардаги аҳвол танқидий-таҳлилий ўрганиб чиқилганда, муассислар зиммасида ҳам, оммавий ахборот воситалари олдида ҳам бир қанча ташкилий, ижодий муаммолар тўпланиб қолганини кўрсатди.

Анжуман доирасида Сирдарё тумани ҳокимлигининг “Сирдарё” газетаси таҳририятига Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Республика товар-хом­ашё биржаси — “Дўстлар клуби” томонидан компьютер жамланмаси туҳфа этилди. Шунингдек, сирдарёлик бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари ходимларига Уюшма ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимлигининг фахрий ёр­лиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

— Компьютеримиз эскириб қолгани боис газетамизни саҳифалаш ва босмахонага тайёрлашда қийналар эдик. Арзимаган ишларга қимматли вақтимиз беҳуда кетган пайтлар кўп бўл­ган, — дейди “Сирдарё” газетаси муҳаррири Умарқул Очилов. — Аҳволимизни баён қилиб, мурожаат этган эдик. Келиб ўрганишди. Мана, бугун “Дўст­лар клуби” мисолида чин дўст кўмагидан баҳраманд бўлиб турибмиз.Энди замонавий компьютер тўпламидан фойдаланиб, газетамизни янада сифатли ва сермазмун қилиб чиқарамиз.

Анжуман якунида журна­листлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.

Жобир РАЗЗОҚОВ